Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

31.01.2017


НУРОНИЙЛАР – ЭЪТИБОРДА

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 28 декабрда имзоланган "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳияти ҳамда жамғарманинг истиқболдаги мақсад-вазифалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ёши улуғларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, сиҳат-саломатлигига ғамхўрлик қилиш халқимиз табиатига сингиб кетган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони эса бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятли бўлди.

Маълумки, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир марта санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан бепул даволаниш имкониятига эга. Бундай ғамхўрликдан турли сабабларга кўра айрим кексаларимиз фойдалана олмас эди. Эндиликда сиҳатгоҳларга боролмайдиган кексаларга имтиёзли йўлланманинг пули тўлаб бериладиган бўлди. Бу ҳам нуронийларга файзли кексалик гаштини суришда қулай бир имкониятдир. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ режа ва тадбирлар белгиланган бўлиб, унинг ижроси тўлиқ таъминланмоқда. "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида ўтказилаётган саломатлик ҳафталикларида эса кексаларга ўз соғлиғини асраш бўйича зарур тавсиялар берилмоқда. Айниқса, фармонда ҳар бир туман ва шаҳардаги маданият ва истироҳат боғида "Нуронийлар маскани" мажмуалари ташкил этиш назарда тутилгани кексаларимизни жуда хурсанд қилди.

Йиғилишда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов, фахрий журналист Қурбон Эгамбердиев, Ўзбекистон врачлар ассоциацияси вилоят бўлими раиси Акрам Акбаров, "Нуроний" жамғармаси Касби туман бўлинмаси раиси Чўли Жўраев, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакили Раҳматулла Усмонов сўзга чиқди ва юртимизда кекса-нуронийларга қаратилаётган эътибор ва чексиз ғамхўрликдан мамнунликларини ҳаётий мисоллар ёрдамида баён қилдилар.

Йиғилишда, шунингдек, белгиланган тартибга мувофиқ жамғарма вилоят бўлимининг раиси ҳам сайлаб олинди. Унга кўра, Январ Иноятов Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний"  жамғармаси вилоят бўлими бошқаруви раиси этиб сайланди.

Йиғилишда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo