Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

20.02.2017


НУРОНИЙЛАР ЭЪЗОЗДА

Дарҳақиқат, шундай. Ота-онага, кекса авлодга самимий ҳурмат азал-азалдан қонимизга сингиб кетган. Бу ўлмас қадрият давлат йўли билан қўллаб-қувватланаётгани эса янада қувонарли. Жумладан, ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари пул мукофоти билан тақдирланаётгани, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтиб, 100 ёшга кирган бобо ва бувиларимиз “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилаётгани, кекса авлод вакилларига нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижтимоий тузилмалар томонидан ҳам моддий ва маънавий кўмак берилаётгани бунга яққол мисол бўла олади. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини олайлик. Унга асосан шу тоифага кирувчи отахон ва онахонларимиз йилига бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан даволаниш имконига эга бўлишди.

Давлатимиз томонидан ўзларига кўрсатилаётган бундай эъзоз ва эҳтиромни кексалар, жумладан, вилоятимиздаги 181 нафар уруш қатнашчиси ва 7199 нафар меҳнат фронти фахрийлари ҳам қалбдан ҳис этишаяпти.

- Мана бу статистик маълумотларга эътибор беринг-а. 1941 йилда вилоятимиз аҳолиси сони 479,4 минг кишини ташкил этган. 1941-1945 йиллардаги урушда воҳамиздан 47003 киши (шундан 95 нафари хотин-қиз) фронтга юборилган, - дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. - Жанг майдонида ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар 24926, урушдан қайтиб келганлар 22077 кишини ташкил этади. 1942-1949 йиллардаги аҳоли сони хусусида маълумотлар топилмади. Қаранг, 1950 йилга келиб, вилоятимиз аҳолиси сони 396 минг киши бўлган, холос. Яъни шу йилларда Қашқадарё аҳолиси сони 84800 кишига камайиб кетган. Афғон урушида эса 105 нафар қашқадарёлик ҳалок бўлган. Бу рақамларни изтироб ва аламсиз эслаш мушкул.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ўз жонини қурбон қилган юртдошларимиз хотирасини абадийлаштиришга доир кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Вилоятимиз марказида ташкил этилган Хотира майдонидаги хотира китобида уруш йилларида ҳалок бўлган ва бедарак кетганларнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган. Бу уларнинг мардлиги ва жасорати эътирофи бўлиб, биз, авлодларни ушбу уруш фожиасидан сабоқ чиқаришга даъват этади, айни пайтда мамлакатимизда инсон хотираси абадий, қадр-қиммати муқаддас эканини тасдиқлайди.

– Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан мамнун, – дейди Январ Иноятов. – Фахрийларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш учун санаторий-соғломлаштириш масканларига юбориш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Президентимизнинг 2016 йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида воҳамизда истиқомат қилаётган 181 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг ҳар бирига белгиланганидек  800 минг сўмдан бир марталик пул мукофоти ҳамда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 400 минг сўмдан моддий ёрдам, республика “Дори-дармон” АК томонидан юборилган дори-дармон қутилари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан ҳам совға-саломлар тарқатилди.

Шунингдек, фашизм устидан қозонилган Ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз  мустақиллигини мустаҳкамлаш учун бор куч-қувватини аямаган фахрийларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳомий ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, уруш орти меҳнат фронти фахрийлари ва якка-ёлғиз, 100 ёш ва ундан ошган қариялар, мустақиллик даврида ҳалок бўлган жангчилар оилалари, узоқ ётиб қолган беморларнинг хонадонларига борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ва совға-саломлар ҳадя этилди.

Бугун байрам муносабати билан жойларда турли тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, мудофаа ишлари бўлимлари, хотин-қизлар қўмиталари, касаба уюшмалари, “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан яқин ҳамкорликда турли таълим масканлари, ҳарбий бўлинмалар, маҳаллаларда ташкил этилаётган маданий-маърифий кечаларда нуронийларимиз ўз ҳаётлари, ўтмишларининг оғир кунлари мисолида бугунги тинч, фаровон кунларимиз қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ҳақида сўзлаб беришмоқда. Бунга жавобан эса, ёшлардан ташкил топган “Мадад” ва “Ғамхўрлик” гуруҳлари қизғин фаолият кўрсатмоқда. Улар ёлғиз яшаётган кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларнинг хонадонларига бориб, уй-рўзғор ишларида кўмаклашишмоқда.

91 ёшни қаршилаётган Аҳмад бобо Жалилов урушдан кейин 1990 йилгача алоқа соҳасида самарали меҳнат қилди. Мудом ҳаракатда. Маҳаллада, таълим муассасаларида ёшларга тинчликнинг улуғ неъмат экани, бугунги фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зарурлиги ҳақида насиҳат қилади.

- Айни кучга тўлган навқирон йигитлик даврим уруш йилларига тўғри келди, - дейди Аҳмад бобо Жалилов. - Ўтган кунларни эслаш биз учун жуда оғир. Ўшандай азобли кунларнинг ортда қолганлиги рост бўлсин. Ҳеч қачон уруш бўлмасин. Бугунги фаровон  ҳаёт, тўкин дастурхон, юртдаги тинчликни кўриб минг бора Яратганга ҳамду санолар айтаман. Ўзимни янада тетик, эл-юрт учун фойдали ишларга қодир инсондек сезаман. Набираларимга, маҳалла ёшларига доим насиҳат қиламан: азиз ўғил-қизларим! Сиз шундай ажойиб замонда яшаяпсизки, буни биз ҳатто, орзу ҳам қилолмаганмиз. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир куннинг қадрига етиб яшанг. Ҳар бирингиз юрт равнақи, унинг тинчлиги учун ўзингизни масъул деб ҳисобланг.

Бугун нафақат Қарши шаҳрида, балки барча туманларда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами тайёргарлик билан кутиб олинмоқда. Бу мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва барқарорликнинг қадр-қиммати қанчалик улуғлиги, хотираси муқаддаслигининг яна бир ёрқин ифодасидир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар кексаларимизни, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш дунёдаги энг улуғ, энг савобли ишдир”.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo