Қарши санъат коллежи ўқувчиси Муниса Давронова юртимизда ёшларга бўлган юксак эътибордан руҳланиб, ижодий, интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга интилаётган ёшлардан. У айни пайтда устозларидан фортепиано сабоқларини олмоқда. "Янги авлод", "Академик чолғулар ва эстрада ижрочилиги", "Камалак" маликаси", "Этюднинг моҳир ижрочиси" каби танловларнинг фаол қатнашчиси. Жорий йилнинг 18-20 март кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилган "Живой родник" деб номланган халқаро танловда иштирок этиб қайтди.
Икки босқичда ўтган танловда қатнашчилар яккахон, фольклор-этнографик жамоалар, академик хонандалик, вокал хореография, чолғучилик ва вокал чолғу ансамбллари, хор, фольклор жамоалар, ансамбль ва оркестрлар йўналишлари бўйича ўз билим ва маҳоратини намойиш этди. Эътиборлиси, мазкур танловда Муниса ўз йўналишида 3-ўринни қўлга киритди.
- Танлов-фестивалда жаҳон мусиқа санъатининг классиклари - Моцарт, Бах, Рахманинов ҳамда миллий оҳангларимиз ифода этилган "Бибихоним харобалар олдида" асарларини ижро этдим, - дейди Муниса Давронова. - Ижроларим юқори баҳоланганидан хурсандман. Энг муҳими, дунёнинг турли давлатларидан келган мусиқага ошно тенгдошларим билан фикр алмашдим, билимим бойиди, кўп нарса ўргандим. Яқинда профессионаллар иштирокида ўтадиган "Ёш ижрочилар" республика танловида бу билимларим асқатишига ишонаман.
Албатта, бу денгиздан томчи, холос. Иқтидорли, қобилиятли ёшлар юртимизда кўп. Улар эришаётган натижалар дунё аҳлини ҳайрон қолдираётгани, ҳавасини келтираётгани бор гап. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшлар камолоти, маънавиятини юксалтириш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар этиб вояга етказиш йўлида кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборнинг амалий самараларидир.
Асосийси, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, биз истеъдодли, фидойи болаларимиз, фарзандларимизга билим ва касб чўққиларини забт этиши учун қанот беришимиз керак. Ва шундай бўлаяпти ҳам.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.