Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нилуфар ЖАББОРОВА

09.08.2019


ОҚИБАТ

 Бир девор қўшни, синфдош дугонам билан мактабга бирга қатнардик. Ўқишдан қайтгач, уй юмушларини тез-тез бажариб, уйимиз олдидаги майдончага ўйнагани чиқардик. Бир куни ўйин авжига чиққанда Гулноза шошиб қолди:

- Уйда бувамнинг ўзи қолганди-ку! Мен тез уйга киришим керак. Бувам ошхонага кириб олиб гўшт пишираётган бўлса керак...

- Бу нима деганинг. Овқат қилмаганмидинг? - дея ажабланиб сўрадим.

 - Овқат бор. Аммо неча кундан бери бувам қовурилган гўшт егим келаяпти, деб юрганди. Айтганини қилиб бермагандик, ўзи пишириб ебди. Онам буванг гўштни камайтириб қўйибди, нега қарамадинг,  деб роса  бақирганди. Шу бувамни деб тинчлик йўқ уйимизда. Қари бўлсаям томоғи ёмон-да ўлгурнинг. Алланималарни егиси келади. Дадам: "Бобой ўлса, шошиб қолмайлик", деб, бир қопдан  гуруч билан ун олиб қўйганди. Кўп вақт турганидан миталаб кетибди.  Ноилож рўзғорга ишлата бошладик. Эртага дадам маош олса яна гуруч, ун олиб келаркан. Онам ҳам, "Саксон бешга кирсаям ўлишидан дарак йўқ. Жониям қаттиқ экан-да", дедилар...

У тинмай гапирар, гапирган сари оёқлари уйи томон шошиб кетарди...

Очил бобонинг қулоғи оғирроқ бўлса-да, жуда меҳнаткаш, самимий инсон эди. Қачон чиқсам, у киши доим бир нималар билан банд бўлар, оила аъзоларининг оёқ кийимларини тикиб, бутлаб ўтирганига кўп гувоҳ бўлганман. Суҳбатини эшитсангиз ёнидан кетгингиз келмас, бир-биридан қизиқарли ҳикояларни айтиб одамни асло зериктирмасди...

Шу воқеа сабаб бўлди-ю, мактабга Гулноза  келишини кутмай атайин эрта кетиб қоладиган бўлдим. У бўлса нима бўлганига ҳайрон эди...

Бир куни эрта тонгдан  "Вой, отам-ей", деган йиғи эшитилди. Югуриб ҳовлига чиқдим, овоз Гулнозаларнинг уйи томондан келаётган эди. Билдимки, Очил бобо вафот этибди... Кечагина ҳассасига суянганча кўча эшиги олдида нималарнидир ўйлаб ўтирганди-я.

Қўшни ҳовлидан чиқаётган овоз баландлашган сари шунчалик сохтадек туюлар, Гулнозанинг "Гуручларимиз эскириб қолди, бунинг эса ўлишидан дарак йўқ", деган гаплари қулоғим остида жаранглайверарди... 

Энди ҳар гал Қаршига келсам, бир девор наридан бақир-чақир, ур-тўполонларнинг овозини эшитаман. Укамга нима гап дегандек қарайман. У эса хўрсиниб, "Қайтар дунё", дейди. Шундай пайтларда кўчамизда Очил бобонинг мунғайиб турган чеҳраси кўз олдимда намоён бўлаверади...

***

...Автобусда юришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Йўловчиларнинг кайфияти чоғ. Кимдир китоб ўқияпти, кимдир қўшиқ эшитаяпти, бошқа биров эса атрофни томоша қилган...  Қўққисдан кондуктор аёлнинг бақиргани ҳамманинг эътиборини тортди.

 - Ҳозир тушасан. Тушундингми? Мен ҳеч нимани билмайман. Автобус тўхташи билан тушасан. Пулинг йўқ экан, нега автобусга чиқасан?   Ҳе сени пулсиз жўнатган ўша ота-онангни...

- Адашиб қоламан-ку, опажон. Пулим бор эди. Ишлатиб қўйдим-да. Эртага қўшиб бераман, - автобуснинг ўрта эшиги ёнидан ҳиқиллаган овоз эшитилди. Чамаси иккинчи ё учинчи синф ўқувчиси бўлган бир болакай ерга қараб турарди. Ёши улуғроқ аёл кондукторни инсофга чақирмоқчи бўлди:

- Бу нима қилганингиз? Яқинда сизга ўхшаган бир кондуктор пули йўқ болани автобусдан тушириб юборган экан, уни нақ уч кун қидиришибди. Боласи топилгунича ота-онасининг бўлари бўлибди. Пул керак бўлса мана мен тўлайман. Болага индаманг, хўпми, - деди.

- Пулингиз шунчалик кўп экан бунга ўхшаган болаларнинг ҳаммасига тўлай оласизми? Ўтириб олиб мунча донолик қиласиз, - дея бақира кетди кондуктор аёл.

Одам кўп бўлса-да, автобус сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди. Ҳамманинг кайфияти тундлашди. Ахийри ўзининг борлиги эсига тушиб қолдими, ҳайдовчи амаки тилга кирди:

- Неча маротаба айтдим сенга "Болаларга индамагин, пули бўлса беради, бўлмаса йўқ" деб. Қанақа гап тушунмайдиган хотинсан ўзи, а? Доим бир ғалва чиқарасан... Ахир сенинг ҳам фарзандларинг, набираларинг бор-ку. Улар ҳам бир куни шундай ҳолга тушиб қолиши мумкин-ку.

Асабийлаша бошлаган ҳайдовчининг гап-сўзларидан маълум бўлдики, кондуктор аёл хотини экан.

- Яхши бўлибди. Йўлингизга қаранг. Мен ҳеч қачон фарзандларимни пулсиз кўчага чиқармайман, тушундингизми...

Аёлнинг борган сари овози баландлашар, йўловчилар манзилига етдими ёки йўқ, тез-тез тушиб кета бошлашди.

Автобусдан тушар эканман, кўз олдимдан "Сен етим эмассан" кинофильмидаги кадрлар бирма-бир ўта бошлади. Унда Маҳкам ота оиласининг оч-наҳор аҳволида ҳам турли миллат болаларига ғамхўрлик қилганликларини бир эслаб кўринг-а! Бу шунчаки кино эмас - бизнинг ўтмишимиз, тарихимиз! Ўша ночор замонлар олдида ҳозирги ўтаётган тўкин ва осуда кунимизнинг қиёслаб бўлмас даражада қадри, қиймати борлигини нега тушунмаймиз?! Ахир ўзбек миллати, боланинг бегонаси бўлмайди, дея душманининг  боласига-да меҳр-оқибат кўрсата оладиган буюк халқ эмасмиди!? Энди эса атиги минг сўм пул учун кондуктор болани дуч келган ерда автобусдан тушириб юборса-ю, ота-она, орган ходимлари уни уч кун қидиришса...

***

Яшайверсанг кўраверасан деганларидек, айрим эр-хотинларни кўриб, ажабланасан киши.  Шифохона эшиги олдида бир келинчакнинг зориллаб йиғлагани ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди. Икки томонлама пневмония (ўпка яллиғланиши), баланд иситма билан келган бу ҳомиладор келинчакнинг эри шифохонага ётишига рухсат бермабди. Устига-устак аёли ичиши лозим бўлган дориларни ҳам беркитиб қўйган экан. Нима эмиш, дорилар унинг пулига келганмиш.  Керак бўлса ўзинг ишлаб топ, дебди. Шифокорлар келинчакнинг эрига гап уқтиролмай боши қотган...

Минг афсуски, орадан нима гап ўтиши, қандай вазият бўлишидан қатъи назар шу аёл вужудида ўз зурриёди борлигини, бу митти жон меҳр-муҳаббатга, эътиборга муҳтож эканлигини унутиб қўювчи шафқатсиз кимсалар ҳам орамизда учраб турибди.

***

Яқинда бир дугонамнинг онаси саратон хасталигидан вафот этди. Қанчадан-қанча елиб-югуришлар, муолажалар натижа бермади. Таъзияга келган қўшниларидан бири, "Айланай, қўшни аёллар нега буларнинг овози чиқмайди, дейишяпти. Овоз чиқариб жонлироқ йиғланг. Ахир онангиз ўлди-я, онангиз", деса бўладими. Оғир жудоликдан карахт бўлиб қолган, неки ташвиши бўлса ичида, дардини достон қилишни билмайдиган  дугонам кутилмаган гапдан қотиб қолди. Дабдурустдан шундай чинқириб юбордики, бу овоз гўёки фаҳмсиз, дилозор одамларга қаратилган фарёддек туюлди менга. Энг қизиғи, бу аёлларнинг ҳеч бири бемор қўшнисини бирор марта йўқлаб ҳам чиқмаган экан...

Яхшилик тилда эмас, юракларда яшасин. Унинг нури ҳар бир ишимизда, амалимизда ўз аксини кўрсатсин. Қалбимизда меҳр-оқибатнинг куртаклари бўй кўтарсин. Шоир "Агарки дунёда яхшилик ва меҳр-муҳаббатнинг нурлари қанчалик кўп таралса, ёмонлик, фалокат  ортга чекиниб, йўқолиб бораверади...", деган экан.

Шундай экан, келинглар азизлар, ОҚИБАТ деворларини баланд кўтарайлик!

Нилуфар ЖАББОРОВА,

журналист

Report typo