Сараланган сатрлар
Ёзувчи Раул Мирҳайдаровнинг "Сўнгги бекатдан мактублар" асарида келтирилишича, ўтган аср 70-80-йилларининг машҳур бойваччаси Аднан Кашоги 25 ёшида "Крайслер", "Роллс-Ройс", "Фиат" ва яна вертолёт ишлаб чиқарувчи икки компаниянинг Ар-Риёддаги вакили бўлиб улгурган экан. У дунёнинг 37 мамлакатида фаолият юритган, айниқса Кениядаги 200 минг акр ери бўлган ранчоси довруғ таратган. Унинг Париж, Лондон, Канн, Мадрид, Рим, Монте-Карло, Жидда ва Ар-Риёд шаҳарларида сарой ва қасрлари бўлиб, Манхеттендаги осмонўпар иншоотнинг икки қавати бус-бутунича Кашогига тегишли эди.
Тўғри, дунёда бунақа зодагон-бойваччалар кўп, аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, Аднан Кашоги интервьюларидан бирида бир умр америкалик ёзувчи Фрэнсис Скотт Фицжеральд ва унинг қудратли қаҳрамони Гэтсбига эргашиб яшаганини эътироф этади...
Одатда умрини, ўзини пул топишга бағишлаган кишилар кам китоб ўқийди, ҳатто, ўқимайди, десак ҳам хато бўлмайди. Хўш, машҳур зодагонни ўзига жалб этган "Буюк Гэтсби" нима ҳақда ўзи?
1925 йилда дунё юзини кўрган ва бир қарашда детектив, бир қарашда ишқ-муҳаббат мавзуси қаламга олинган роман воқеалари Нью-Йорк яқинидаги Лонг-Айленднинг олтин соҳилидаги зодагонлар виллалари орасида юз беради. Китобда 1920-йиллардаги тартибсизлик, Биринчи жаҳон урушидан кейинги иқтисодий инқироз ва Америка жамияти бадиий ифода этилган.
Шунга монанд ўша давр кишиларининг характери кўзга ташланади. Зодагонлар ўқийдиган китоблар орқали уларнинг фикрлаш тарзи, дунёқараши акс этади (қаҳрамонлардан бири - Том тилидан: "Маданият тобора йўқолиб бормоқда... Сен Годдартнинг "Рангин империяларнинг юксалиши" китобини ўқиганмисан?.. Ажойиб китоб, уни ҳамма ўқиши шарт. У китобда, агар биз эҳтиёт бўлмасак, оқ ирқни... хуллас, бир сўз билан айтганда, бошқа ирқлар ютиб юборадилар, деган ғоя бор. Бу шунчаки гап эмас... Биз уларни эзиб ташлашимиз керак", зиёфатдаги хонимлардан бирининг сўзлари: "Ҳа, бу ер менга жуда ёқади. Мен беташвиш яшайман, шунинг учун ҳамма вақт димоғим чоғ. Ўтган сафар кўйлагим столга илиниб, йиртиб олгандим" ёки Гэтсби кутубхонасига кириб, ўзини китобу илмдан хабардор қилиб кўрсатадиган жаноб тилидан:
"Биласизми, икки ҳафтадан буён ичаман. Шунинг учун ҳам тезроқ кайфим тарқасин, деб шу кутубхонада ўтирибман.
- Хўш, ёрдам бердими?
- Ҳа, назаримда бироз ёрдам берди. Ҳали хулоса қилишга эрта. Бор-йўғи бир соат бўлди келганимга..."
Гарчи Фицжеральд ўз қаҳрамонини буюк деб атаса-да, бунда ўзига хос киноя бўртиб туради. Яъни, Гэтсби жумбоқли инсон, ҳаёти сир-синоатга тўла, турмуш икир-чикирларига нисбатан унда ажабтовур сезгирлик бор, ҳозиржавоблик, дарҳол бошқа қиёфага кириш, сўзамоллик хос унга. Аммо у ўзини сохта мақсадлар йўлида - бойлик ва аҳамиятга арзимайдиган аёл учун беҳуда йўқ қилади.
Гэтсбининг ҳашаматли боғидаги дабдабаю асъасалар билан ўтадиган базм оқшомлари тасвири ҳам эътиборга молик. Синчи-кузатувчиларнинг маълумотича, 1925 йилдан эътиборан суратга олинган - ҳашамдор ҳаёт тасвирига бағишланган аксарият фильмларда "Буюк Гэтсби" таъсири яққол сезилар экан. Ҳатто режиссёр Фрэнсис Форд Коппола ўзининг машҳур "Чўқинтирган ота" фильмида ўшандай базмни акс эттирмоқчи бўлган, аммо асардагидай уддалаб беролмаган экани ҳақида айтишади...
Воқеалар сўнгида севгилисини деб йиллаб машаққат чеккан, ҳатто у содир этган қотилликни ўз бўйнига олишга тайёр Гэтсби ўлдирилгач, энг аввало севгилиси Дэзи, яқинлари ва уникида доимий меҳмон бўлган кишилар юз ўгириб кетишади. Дафн маросимига Гэтсби бир вақтлар ёрдам қўлини чўзган Клипс Прингер таклиф этилганда, у телефонда теннис ўйнаганда киядиган оёқ кийими Гэтсбиникида қолиб кетганини ва жўнатиб юборишини айтади. Гэтсбининг доимий ҳамтовоқларидан бири - Вулфшим эса бундай дейди: "Агар инсон ўз вақти-қазоси билан ўлмаса, мен бундай ишларга аралашмасликни афзал кўраман"...
Маълумот ўрнида айтиш ўринли, "Буюк Гэтсби" даставвал 24 минг нусхада чоп этилган ва бу ўша давр учун кичик рақамлар эди. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса китоб 150 минг нусхада қайта нашр этилиб, фронтдаги америкалик аскарларга юборилади ва бу асарга қизиқишни анча оширади. Ўшандан буён мазкур китоб дунё бўйлаб 25 миллиондан ортиқ нусхада сотилган.
Ҳатто айрим статистикалар "Буюк Гэтсби"ни инглиз тилидаги энг яхши 100 та асар рўйхатида 2-ўринга қўйишган (1-ўринни ирланд ёзувчиси Жеймс Жойснинг "Улисс" романи эгаллаган).
* * *
Ана шундай эътирофларга лойиқ кўрилган китобни сиз ҳам ўқиб чиқинг. Ўйлаймизки, вақтингиз беҳуда сарф бўлмайди.
Инсон ёшлик йилларида жуда таъсирчан бўлади. Отамдан эшитган, узоқ вақт хотирамда тамғаланиб қолган бир маслаҳатни сира унута олмайман.
- Башарти, бирдан биронтасининг устидан ҳукм чиқаришни хоҳлаб қолсанг, - деган эди у, - дунёдаги ҳамма кишилар ҳам сен каби устунликка эга эмаслиги ёдингда бўлсин.
* * *
Босиқлик билан фикр юритиш - катта имтиёз. Муҳим маънавий қадриятларни сезиш қобилияти барчага ҳам бирдай берилмаганлигини ёддан чиқарсам, бирон нарсани унутиб қўйдиммикан, деб хавотирга тушаман.
* * *
Ўтган йили куз фаслида Нью-Йоркдан қайтгач, инсон феъл-атворининг нақадар мураккаблигини тушундим. Кишилар ўз манфаатлари учун ёвузликдан ҳам тоймасликларини билиб олдим. Шу-шу мен инсонларнинг ботиний сирларини билиш учун ўзгалар қалбига қўл солишни истамай қолдим.
* * *
Балки шу онда қоронғи тушиб бораётган кўчадан тасодифан ўтиб кетаётган бирон кимса чироғи ёқилган деразаларга қараб бу хонанинг ичида қандай инсоний сирлар яшириниб ётган экан, деб ўйлаётгандир. Кўз олдимда ана шу ўткинчининг мафтункор қарашию, ўйчан нигоҳи жонланарди.
* * *
Жордан Бейкер негадир ақлли, зийрак одамлардан ўзини олиб қочарди. Бунинг сабаби энди менга маълум. Инсон ўзини тутиш борасида қабул қилинган меъёрларга баъзи бир одамларнинг хатти-ҳаракатлари тўғри келмаслигини хаёлларига ҳам келтира олмайдиган кишилар орасида у ўзини эркин тутар экан. Жордан жуда бепарво кимса эди. Бир кунмас-бир кун унинг истагига қарши ҳолатлар юз бериши мумкинлигини сира хаёлига келтирмас, афтидан, ёшлик чоғлариданоқ ён-атрофга кибор билан боқишга ва тиқмачоқдек, бақувват танасининг ҳар қандай эҳтиёжини қондириш учун турли ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан тоймасди.
* * *
Ҳар бир инсон ўзида ҳеч бўлмаганда битта яхши фазилати бор, деб ўйлашга ҳақли.
* * *
Унинг кайфи чоғ, ҳаракатлари чаққон эди. Қаддини ғоз тутиб турарди. Бу америкаликларга хос кўриниш эди; назаримда, бунга ёшликларида оғир жисмоний меҳнат қилмаганликлари сабаб бўлса керак. Яна бир жиҳати, бизнинг асабий спорт ўйинларимиздаги қандайдир нозик ҳаракатлар ҳам сабабчи бўлиши мумкин.
* * *
У сира ичмасди, шунинг учун ҳам уни ҳурмат қилардилар. Атрофингдагилар маст бўлсалару, аммо сен ҳушёр турсанг, бу катта ютуқ эди. Шунда сен ортиқча гапирмайсан, энг асосийси, бирон нарса қилмоқчи бўлсанг, атрофдагилар сезмайдиган ёки ҳеч нарса билан ишлари бўлмаган вақтларида фурсат топиб кўнглингга ёққан ишни бажарсанг бўлади.
* * *
Сен ё овчисан ёки ўлжасан, ё ҳаракат қиласан ёки орқада судралиб қоласан.
* * *
Америкаликлар жуда осонлик билан қул бўлишга рози бўладилар, аммо ҳеч қачон ўзларини деҳқон деб тан олмайдилар.
* * *
Ҳамма вақт ҳам кўникиб, ўрганиб қолган нарсага янги кўз билан қарашга кўникиш қийин кечади.
* * *
Кўнгил ғашлигидан ёмон дард бўлмайди.
* * *
Энг муҳими, инсонга тиригида дўст керак. Ўлган одамга бунинг кераги йўқ.
* * *
Улар - Том билан Дэзи бепарво, бировни писанд қилмайдиган махлуқлар сирасига кирувчи, одамлар тақдири билан ўйнашишларини тушундим. Ҳа, ўзгаларнинг қалбини топтаб-юлардилар. Ифлос қилиқларини яшириш учун пулларининг ортига яширинардилар.
* * *
Ҳойнаҳой, инсон бир неча маротаба нафас олмай бу янги қитъадаги гўзалликни томоша қилган бўлиши керак. Бир неча эски, номаълум дунё тақдири ҳақидаги қайғули фикрлар гирдобида мен Гэтсби ҳақида ўйлардим. Дэзи яшаган соҳилдаги ям-яшил чироқни ҳаяжон билан кузатганини ўйлаб қолдим. Бахмалдек майсазорларга уни етаклаб келган йўл ниҳоятда узоқ эди. Ҳойнаҳой, орзуси ушалишига оз қолганда у қўлини узатса етадигандек туюлган бўлса керак. Унинг орзуси бир умрга ортда - шаҳардан ташқаридаги тим қора узоқликда, яъни тим қора осмон остида ястаниб ётган Америка ерларида қолганини у билмас эди.
* * *
Йилдан-йилга узоқлашиб бораётган ақл бовар қилмайдигандек бўлғуси бахт шуъласи бўлмиш яшил чироққа Гэтсби жуда ишонган эди. Майли, у бугун қўлдан чиқиб кетди, зиёни йўқ, биз эртага уни яна-да тезроқ қувамиз ва унга етишиш мақсадида қўлларимизни янада чўзамиз... Гўзал тонгларнинг бирида...
Шу алфозда биз оқимни енгиб, олға сузишга ҳаракат қиламиз, у эса бизнинг қайиғимизни орқага - ўтмишга улоқтириб ташлаяпти.
НАСРИДДИН тайёрлади.