Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Тўлқин ҚУРБОНОВ

02.04.2019


ОҚ ХАЛАТ БИЛАН БОЗОРДА САВДОЛАШИЛАДИ

ШИФОКОРЛИК ҚАСАМИНИ СУВ КАБИ ИЧГАН КЎРИНАДИ

Баъзан одам боласи билиб, баъзан эса билмай нотўғри йўлга қадам босади. Аммо  қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, жиноятга жазо муқаррар, яъни пора олувчи ҳам, узатувчи ҳам, иккисининг ўртасида воситачи бўлган ҳам  жавобгар ҳисобланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соғлиқни сақлаш тизимида тамагирлик, порахўрлик, умуман коррупция ҳолатлари борасида масъулиятни кучайтиришга ҳар қачонгидан-да кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказган тадбирида бу зарурат яна бир бор намоён бўлди. Унда марказ врач-ординатори У.Д. 2011 йилда туғилган Д.У.нинг бурун соҳасидаги операцияси учун тамагирлик йўли билан 250 минг сўм олаётган пайтида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан У.Д.га нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ...

Касби туманида яшовчи Д.Ҳ. туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 9-поликлиникага иш сўраб келади. Лекин мазкур поликлиника мудири О.С. унга иш йўқлигини, агар "ҳаққи"ни берса, танишлари орқали уни ишга жойлаштириб қўйишини айтади. Ишсиз юрган фуқаро унинг шартига рози бўлади.

О.С. "ваъда"сининг устидан чиқиш эвазига 100 АҚШ доллари ва тиббий дафтарча тайёрлатиб бериш учун 100 минг сўм пулни пора тариқасида олаётган вақтда департаментнинг Касби тумани бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан пора олувчиям, берувчиям тегишли жазосини олди.

Тиббиёт ходимларининг нафс қулига айланиб, порахўрлиги эвазига оқ халатига туширган доғи энди кетармикан?

Тўлқин ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo