ОТАЛАРГА
Ўзбек оиласида ота қизи билан она орқали гаплашади. Қизининг қандай муаммоси бор, унга нима лозим, нимани истайди-ю нимани қилиши мумкин – барига она воситачи бўлиб, отадан изн тилаб беради. Бунинг боиси – ота қизига ҳамма гапниям очиқ айтишни лозим топмагани, уни ортиқча койиб, танбеҳ бераверишни ўзига эп кўрмаганидан. Ўғил боланинг йўриғи бошқа: у қотиши, ҳаёт синовларига мардона туриб бериши, оиласига қўрғон бўлиши керак. Қиз бола эса гулдан-да нозик, шабнамдай мусаффо хилқат. Ота уни авайлаб ўстиргани ҳолда ҳатто гард юқтиришни истамайди, шу билан бирга, унинг тарбиясини ўз рафиқасига ишониб топширади. Аммо бу – отанинг қизи билан иши йўқ, дегани эмас. Ота тарбияси унга жуда-жуда зарур. Шунчаки, панду насиҳат, тергов-қистов билан эмас, аксинча, қизини намуна билан тарбиялаши лозим оталар. Ўзига ярашиқли салобати, қадр-қиммати, эркаклик ғурури, оталик меҳри билан. Замонангиз психологларининг китобларида кўзим тушди: айтишларича, қиз бола гўдаклигида илк марта кучли жинс вакилини отаси тимсолида танир экан, улғайган сари хаёлидаги турмуш йўлдошини отасига ўхшаган қиёфада тасаввур қилар экан...
Энди ўзингизга савол бериб кўринг: қизингизни, қоғозларга ўраб, оқ қанддай асраб-авайлаб юрганингизни ўзингизга ўхшаган кишига ишониб топширармидингиз? Бу саволнинг жавобини ўз хатти-ҳаракатингизу феълингиздан излайсиз энди. Қараб кўринг-чи, қизингиз сизни қай ҳолатда кўпроқ кўраяпти: уйга ишдан ҳориб бўлса ҳамки, қўйни-қўнжингиз тўлиб, кўзингизда меҳр, ишонч билан кириб келаяпсизми ёки топганингизни миннат қилиб, оғзингиздан боди кириб-шоди чиққанича, маст-аласт ҳолда кираяпсизми? Оқшомлари уйда қиладиган ишингиз, машғулотингиз нима? Телефон деганларининг юзига термулиб ё телевизордан кўз узмай ўтирибсизми ёки болаларингизу уларнинг онаси билан суҳбатлашишни одат қилиб, биргаликда бирор фойдали машғулотга киришганмисиз? Дарвоқе, қизингизнинг кўз ўнгида унинг онаси билан қай тариқа муомала-мадорадасиз? Қизингиз онасига айтаётган вазминона, эркакларга хос қисқа, қатъий, аммо мулойим оҳангдаги гапларингизни эшитадими ёки бўлмасам, энг қўпол, шармсиз сўзлар билан ҳақоратлаганингизними?
Агар шу саволларга жавобингиз ижобий бўлса, марра сизники. Эртага қизалоғингизга тўғри тарбия берганингиз учун раҳмат эшитасиз, жаннат эшиклари сиз учун очилади. Агар акси бўлса... хулосани ўзингиз қилинг.
ОНАЛАРГА
Қуш уясида кўрганини қилади. Урса - эти қотади, сўкса – бети. Буни кўп эшитгансиз-а? Соҳибингиз саволларга жавоб излаётган бир пайтда сиз ҳам бир ўзингизга разм солинг. Қизингиз – сизнинг бахтингиз, худойим уни сизнинг такрорингиз қилиб яратди. У сизга ўхшашни истайди, чунки сиз унинг энг севимлиси, энг яқинисиз. У сизда нималарни кўраяпти? Уй тутишингиздан тортиб, сўзлаётган сўзингизгача митти нигоҳлар кузатувида эканлигини биласиз-а? Қандай сериал кўраётган бўлсангиз, ким билан, қайси мавзуда гурунглашаётган бўлсангиз ҳам қизингиз ёнингизда. У улғайгани сари ташқарининг таъсирига кўпроқ туша бошлайди. Сиз янги замон одамлари бу даврга “ўтиш даври” деб ном қўйиб олгансиз. Мана шундай пайтда қизингизга кўпроқ кераксиз. Сериаллару телефондаги суҳбатларни йиғиштириб, уни тинглашга, кузатишга вақт сарфлашингиз лозим. Бизнинг давримиздаги оналар бунақа пайтда нима яхшию нима ёмонлигини қизларига осонгина тушунтирардилар. Ташқари ҳовлига камроқ чиқариб, ёт кўзлардан пана қилиб, ичкарининг тўла соҳибасига айлантиришга уринардилар. Қизлар ҳам буни осонгина ўрганарди. Бироқ сизнинг замонингиз бошқа-да. Ташқарига чиқмасин, деб бўлмаса, ўша “ташқари”нинг ўзи телефону компьютерга осилиб, уйингизгача кириб келаверса. Нима қилоласиз?
Бирга ўйлайлик-чи. Бугун қизингиз интернетни сиздан яхшироқ билади. Кийиниш, юриш-туриш ҳақида ҳам унинг қарашлари бошқачароқ. У илгарилаб бораяпти. Сиз эса турган жойингизда қимирламай тургандайсиз. Қизгинани яхши-ёмонлиги номаълум янгиликлару ўзгаришлар сари қўйиб юбориб, ўзингиз ўша жойингизда ўтираверасизми энди? Ё у билан бирга-бирга юрасизми? Шу иккинчиси маъқулроқ. Билинг – у нимани кўраяпти, нимани ўқияпти, нимани тинглаяпти ва буларнинг ҳар бири ҳақида ўз фикрингиз, ўз таассуротингиз бўлсин. Авлоний деган маърифатпарвар ёзгани каби “боши пахмоқ, қўли чўлтоқ” она бўлолмайсиз, бунга сизнинг ҳаққингиз йўқ. Намуна бўлиш учун ҳам ўз устингизда ўлиб-тирилиб ишлайверинг. Интернетни ҳам ўрганинг, модани ҳам билинг. Токи қизойимга тўғри нима, нотўғри нималигини тушунтиришда тилингиз узун бўлсин, сўзингиз равон айтилсин. Қўлингизда қизингизни “ташқари”нинг ҳужумидан асрайдиган қалқонингиз бўлсин. Бу – сизнинг билимингиз, бошқа нарса эмас.
Айрим оналар, аёлларнинг китоб деса энсаси қотади. Аммо энг яхши тарбиячи – китоб. Уйингизда қизлар тарбиясига доир асарлар бўлсин, жиллақурса. Кимларнинг, қандай асарлари, дейсизми? Мирзакалон Исмоилийнинг “Қизлар дафтарига”, турк маърифатпарвари Алий Назимонинг “Қизлар тарбияси”, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”, Ризоуддин ибн Фахруддиннинг “Аҳлу аёл” деган китоблари бор. Шуларни олиб келинг. Ўзини топмасангиз, электрон нусхасини қизингизнинг ўзига интернетдан излатинг. Бирга ўқинг. Билимли, ақлда, ибо-ҳаёда мукаммал, тўғри пардоз ва кийиниш одобини чуқур билган қизларгина замонавий хонимлар бўла олишини тушунтиринг китобдаги мисоллардан.
Қизингиз эртага миллатнинг онаси бўлишини шунда англар, қизлар тарбиясида бўшлиқ қолмас эҳтимол...
КОТИБА оққа кўчирди.