Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси шу боис бамайлихотирми?
Муаммо, мулоҳаза, муносабат
Бу йил халқимиз учун кўп жиҳатдан синовли келди. Коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият, кучли бўрон, дўл ва сув тошқинларидан хабарингиз бор. Шулар қаторида, йил бошидан май ойининг ўрталарига қадар давом этган чорва молларининг турли касалликлари ҳам одамларнинг силласини қуритди. Айниқса, вилоятимизнинг турли ҳудудларида тарқалиб, қарийб тўрт ой давом этган оқсил, чорвадорлар тили билан шевада айтганда эса "овсил" касаллигидан кўпчилик жафо чеккани бор гап.
Март ойининг бошлари эди. Қишлоқдан бир қариндошим телефон қилиб қолди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, молларига "овсил" текканини айтди ва шаҳардаги "ветаптека"дан бир неча турдаги дориларни олиб, "такси"дан жўнатишимни илтимос қилди. Шу куни унинг илтимосини бажардим, уч кун ўтиб гаплашганимизда эса иккита моли ўлгани, қолганлари энди-энди тузалаётганини айтди.
Орадан кўп ўтмай Косон туманида яшайдиган танишим билан телефонлашдик. Унинг ҳам арзи-доди қишлоқда кўпчиликнинг моли оқсил касаллигига чалингани, ўзи ҳам битта ҳўкизини ўлдириб қўйгани ҳақида бўлди.
- Яқиндагина бозордан сигир олгандик, оқсил бўлган экан, ўлиб қолди, - деди бир ҳамкасбимиз кайфиятсиз ҳолда. - Шунча дори-дармон қилдик, даволатдик, фойдаси бўлмади.
Хуллас, бу ташвишга кўпчилик гирифтор бўлди. Ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида ҳам вилоятда чорва моллари орасида оқсил касаллиги тарқалгани, йўқотишлар кам бўлмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Аслида ана шундай бир вазиятда бу борада масъул ташкилот - Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси зарур чораларни кўриши, касаллик тарқалган ҳудудларни аниқлаб, эпизоотик вазият кескинлашувининг олдини олиши, аҳолига чорва молларини касалликдан асраш йўллари, касаллик юққан молларни даволаш усуллари, амал қилиш керак бўлган тартиб-қоидалар ҳақида кенг тушунча бериши, бир сўз билан айтганда, одамларни хавфдан огоҳлантириши керак эди. Аммо май ойининг иккинчи ярмига келиб, вилоятда мавжуд эпизиоотик вазият барқарорлашган бир пайтда қўмита бошқа хабар билан чиқди.
"Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги чорва молларида оқсил вирусли касаллиги кўпаяётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳолатни ўрганиш учун қўмитанинг ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шомурод Раҳматуллаев бошчилигида эпизоотолог, вирусолог ва бошқа мутахассислардан иборат гуруҳни вилоятга хизмат сафарига жўнатди.
Ишчи гуруҳ томонидан туманлардаги чорва молларидан олинган қон ва бошқа таҳлиллар диагностик текширувлардан ўтказилганида оқсил касаллиги қайд этилмади" дейилади қўмитанинг расмий сайтида 19 май куни эълон қилинган хабарда.
Шунингдек, ушбу хабарда оқсил касаллигининг айрим белгилари, вилоятдаги чорва молларининг бош сони, ўтган вақт мобайнида ҳудудга чорва молларини оқсил касаллигига қарши эмлаш учун қанча дозада эмлама етказиб берилгани, эпизоотик вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган профилактик тадбирлар ҳақида бир-иккита маълумотлар айтилиб, чорва эгаларидан молларнинг касалликлари ёки уларни эмлаш бўйича ижтимоий тармоқларга эмас, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ишонч телефонларига мурожаат қилишлари сўралган.
Бўлди, бошқа ҳеч қандай гап йўқ. Гўёки олам гулистон, барча чорва моллари соғ, уларга ҳеч қандай касаллик дахл қилаётгани йўқ. Бу хабарни ўқиб, шундай хаёлга борасан киши.
Ахир касаллик вилоятнинг аксарият ҳудудида тарқалди. Бир маҳалладан ўнлаб, юзлаб хонадонларнинг чорва молларига касаллик теккани исбот талаб қилмайдиган факт-ку. Бу вазиятда ҳаммадан кўпроқ ташвишга тушиши, касалликнинг кўпайишига йўл қўймаслик учун керакли чора-тадбирларни амалга ошириши зурур бўлган ташкилот одамларни хавотирланмасликка чорлаяпти.
Эътибор қаратиш жоизки, қўмита изоҳида 1 миллион 600 минг бошга яқин йирик ва 4 миллион 700 мингга яқин майда шохли моллар бўлгани ҳолда, 2 миллион 800 минг бошга яқин чорва моллари оқсил касаллигига қарши профилактик эмлангани, яна 130 минг дозага яқин эмлама захираси мавжудлиги айтилган. Демак, эмлаш ишлари ҳам тўлиқ бажарилгани йўқ ва бу анча хавотирли ҳолат.
Аммо Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг бамайлихотирлиги сабаби бошқа экан.
- Оқсил касаллиги ўта юқумли ҳисобланиб, у чорва молларида жуда оғир кечади, - дейди вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Нодир Имомов. - Бундай касаллик яқин йиллар ичида бизнинг ҳудудда учрагани йўқ. Сиз айтаётган касаллик эса бутунлай бошқа нарса. Бу фанда "везикулярный стоматит", яъни, оғиз бўшлиғи яраси ҳамда "некробактериоз" (туёқ яраси) касалликлари бўлиб, уларнинг ташқи белгилари оқсил касаллиги билан жуда ўхшаш, аммо хавфлилик даражаси оқсилники каби юқори эмас. Бу касаллик асосан иммунитети паст, кучсиз, аввалдан бирор касаллиги бўлган молларда оғир кечади ва ўлим ҳолатлари ҳам кўпроқ шундай молларда кузатилади. Қолганлари эса тузалиб кетади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнг, қўмитадан мутахассислар келиб, вилоятнинг барча ҳудудларида оқсил деб айтилган чорва моллари қонидан анализ олишди ва лаборатория шароитида таҳлил қилишди. Бирортасида ҳам оқсил касаллиги аниқланмади.
Ҳолатни ўрганиш жараёнида моли худди шу касалликка чалинган бир қанча чорвадорлар, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ветеринар врачлар билан ҳам гаплашдик. Уларнинг барчаси касаллик юқтирган молнинг туёқлари ораси йиринглаб, юролмай қолгани, оғиз бўшлиғи жароҳатланиб, тинимсиз сўлак оққани ва ем, емиш емай қўйганини айтишди. Бунинг ҳаммаси оқсил касаллигида намоён бўладиган белгилар.
- Бизнинг ҳудудда оқсил касаллиги декабрь ойининг охирларидан апрель ойи ўрталарига қадар учради, - дейди Қамаши туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг Чим маҳалласидаги пункт мудири Муртозо Йўлдошев. - Касалликка қарши курашнинг асосий усули бу эмлашдир. Бизнинг ҳудудда айни пайтда 70 фоиз чорва моллари эмланган.
Кўринадики, бизда чорва моллари орасида оқсил эмас, балки бошқа касаллик тарқалганидан аҳоли тугул мутахассисларнинг ҳам аксарияти бехабар. Чунки, икки касаллик ўртасидаги фарқни оддий кўз билан фарқлаш қийин. Шундай экан, бу ҳақда қўмита бонг уриши, тарқалган касалликнинг қайси турга мансублиги, уни қандай даволаш мумкинлиги, инсонга хавфи бор-йўқлиги ҳақида маълумот ва услубий кўрсатмалар бериши керак эмасмиди?..
Шу вазиятда одамларга касалликнинг номини билиб олиш эмас, молини қандай асраб қолиш муҳим эмасми? Ёки чорвасига касаллик тегиб, молидан айрилган одамга "Хурсанд бўлавер, сенинг молинг оқсилдан эмас, бошқа касалликдан ўлган экан" деса кўнгли таскин топадими?!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 апрелдаги фармонида Давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг асосий вазифаларидан бири сифатида мамлакат ҳудудларини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, эпизоотик осойишталикни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактика ишларининг самарадорлигини мониторинг қилиш белгиланган.
Аммо оддий аҳоли қўмитанинг бундай жонкуярлигини ҳали ҳис этаётгани йўқ. Чорва моллари орасида юқумли касалликлар тарқалиши, йўқотишлар кам эмас. Давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси "Ҳудудда бу касаллик тарқалмаган, биздагиси анча енгилроғи" қабилидаги гаплар билан бамайлихотир юраверар, ҳудудларда сифатли ветеринар хизмати ташкил этилмас экан, тармоқни ривожлантириш ҳам мушкуллигича қолиб кетаверади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ