Олима Тўлаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам бир оила бекаси, бир нафар фарзанднинг меҳрибон онаси. Афсуски, у бугунги дориломон кунларда ҳукуматимиз томонидан аёлларга яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлардан фойдаланмасдан, эгри йўлни танлади. Турмуш қийинчиликларини рўкач қилиб, жиноятга қўл урди. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгалар ҳаётини заҳарлашга уринди. У эски таниши Ҳаёт Гадоевдан таркибида морфин, кодеин, тебаин алкалоид гиёҳвандлик воситаси бўлган 5 дона сарғиш-жигар рангли қуритилган ухлатувчи кўкнор бошоғини сотиб олади. Ва тезроқ мижоз топиб, оғуни сотишга киришади. Бироқ у ниятига ета олмади...
“Маҳсулот”ига харидор излаб юрган кезларда Олима Тўлаева бехосдан жиринглаган қўл телефонига умид билан қаради. Нотаниш рақамлар. Ўзини Муҳайё Бойбўлова деб таништирган кишининг бирдан “дори” сўраши уни бироз сергаклантирди. Аёлнинг “анчадан буён қизимнинг тоби йўқ. Ич кетиши тўхтамасдан, аҳволи оғирлашаяпти. Дамлама қилиб ичириш учун кўкнор бошоқлари керак” деган гапидан сўнг шубҳалари тарқаб, кўз олди ёришди.
- Бор, дори учун бўлса албатта топамиз, - дея харидор чиққанидан хурсанд бўлиб кетди у. Шундай қилиб улар ўзаро келишиб, учрашув жойини белгилашди.
Ғузор деҳқон озиқ-овқат бозорининг орқа томони. Мижозини пойлаб турган ҳожатбарор Олима Тўлаева харидор Муҳайё Бойбўлованинг келаётганини кўриб, суюнди. Эҳтиёт шарт дея атрофга аланглаб, ҳеч ким кузатмаётганига ишонч ҳосил қилишга ҳам улгурди. Сўнгра харидор билан кўришиб, келишилган юз минг сўм пулни олгач, “дори”ни унинг қўлига тутқазди. Ишни битиргач, ортга, уйи томон қайтмоқчи бўлиб турганида, у кутмаган воқеа содир бўлди. “Савдо”ни кузатиб турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари воқеа жойида, холислар гувоҳлигида уни қўлга олди.
Бу қилмиши эвазига Олима Тўлаеванинг пешонасига судланган деган тамға босилди, яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан унга нисбатан ҳукм ўқилди.
Аслида аёлларнинг жиноятга қўл уриши жамият, оилалар, фарзандлар учун оғир кулфат. Бироқ, Олима Тўлаева сингари аёллар қора қилмиши эвазига топилган луқма танига сингимаслиги, бу иши оқибатида оилаларда нотинчлик ҳукм суриб, фарзандлар, яқинлари юзи шувут бўлиб, эл орасида бош кўтаролмай қолишини ўйламасмикан? Ахир аёл - аёллигини, у фақат севиб-севилиш, ардоқланишга лойиқлигини унутса - бу иллат-ку!
Садоқат ВАФОЕВА