Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шуҳрат ТУРСУНОВ

22.11.2019


O'zLiDeP билан янги Ўзбекистон сари!

Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилгани ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда амалга оширилган изчил, босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган миллий сайлов тизими яратилди.

Жорий йилги сайловлар "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида ҳамда Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Сайловларда фикрини эркин айта оладиган, ижтимоий фаоллашган, бир сўз билан айтганда, очиқ ахборот маконидан фойдаланаётган сайловчилар иштирок этади.

Маълумки, сайловчиларимиз ўз манфаатларини, бирор масалага муносабатини мамлакатдаги сиёсий партия, унинг ғоя ва мақсадларини қўллаб-қувватлаш орқали билдиради. Бўлажак сайловларда биз - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 754 мингдан зиёд аъзолари, асосий ғоя ва мақсадларимизга хайрихоҳ миллионлаб юртдошларимизга ишонамиз.

Бундан 16 йил муқаддам, яъни 2003 йил 15 ноябрда партиямизнинг илк таъсис съезди ўтказилган эди. Ўтган давр ичида партиямиз уч карра парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловларда етакчиликни эгаллади, уч марта партиямиздан кўрсатилган номзодлар Президент сайловларида ғолиб бўлди.

Бугун O'zLiDeP Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасида энг кўп аъзо ва тарафдорларига эга бўлган, фаровон ҳаётни таъминлашда етакчи роль ўйнайдиган халқчил партияга айлана олди. Юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган амалий ишлар натижаси эканини эътироф этамиз.

Барча соҳаларда модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Давлатимиз, эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таяниб, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиб, ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлар сари изчил қадам ташламоқдамиз.

Президентимиз таъбири билан айтганда, "Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, олижаноб, бағрикенг халқимизни рози қилиш, ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб ўтаётган ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишдан иборатдир".

Шундай халқчил, шиддатли ислоҳотлар даврида партиямиз мамлакатимиз сиёсий майдонида мустаҳкам ўрнини эгалламоқда. Буларнинг барчаси, албатта, йирик сиёсий куч сифатида бизга устунлик беради, лекин айни пайтда зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди.

Партиямиз мураккаб вазифаларни зиммасига оладиган, мамлакатимиз ва халқимизнинг стратегик манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга қодир сиёсий куч сифатида ўзини кўрсатмоқда. Бундан буён ҳам барқарор ривожланиш, халқимизнинг янада фаровон яшаши, мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Президентимиз бошчилигида, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиб бориши, халқимиз фаровонлиги, юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Ўтган давр мобайнида дастурларимизда кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ижросига қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиётимизда барқарор юқори ўсиш суръатларига эришилмоқда, саноат, савдо, қурилиш соҳаларида ривожланиш жадаллашмоқда, ишлаб чиқаришга хорижий инвестициялар, замонавий техника ва технологиялар кенг жалб этилмоқда. Партиямиз дастуридаги давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича қатор долзарб вазифалар изчил амалга оширилаяпти. Хусусий мулк ва тадбиркорлик учун кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда. Валюта бозори либераллаштирилди. Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч нуқтасига айланган хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Бизнинг муҳим вазифамиз - кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда бу соҳа ҳиссасини янада ошириш учун қулай шарт-шароит яратиб беришдан иборат. Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Бинобарин, юртбошимиз таъбири билан айтганда, "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади".

Ҳозирги кунда ялпи ички маҳсулотда хусусий секторнинг улуши ортиб бормоқда. Кейинги йилларда яратилган қулай шароит, хусусий мулк манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базаси тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб бориши учун мустаҳкам замин яратди. Жаҳон банкининг "Doing Business 2020" рейтингида Ўзбекистон 69-ўринни, "Бизнесни рўйхатдан ўтказиш" кўрсаткичи бўйича эса 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллагани ҳам бунга далолат.

 Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор берилаяпти. Биргина шу йилнинг ўзида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури  доирасида 7,2 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди.                                           

Тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Бунинг учун барча иқтисодий ва ижтимоий дастурлар, инвестиция лойиҳалари, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар марказида ана шу каби муҳим вазифалар турибди.

Партиямизнинг хорижда ишлаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуси давлатимиз раҳбари ва халқимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимиз оилаларини арзон уй-жой билан таъминлаш, уларга субсидиялар ажратиш ва ҳимоялаш бўйича зарур шароитлар яратилмоқда.

Халқимизни ҳаётдан рози қилиш ва фаровон турмушини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Ёшлар - келажагимиз", "Беш ижобий ташаббус" каби дастурлар амалга оширилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Янги шифохоналар, тиббиёт марказлари, оилавий ва хусусий клиникалар фаолияти йўлга қўйилмоқда, давлат-хусусий шерикчилик, хусусий секторнинг иштироки кенгайиб бориши рағбатлантирилмоқда.

Партиямиз давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Албатта, ўз вақтида қабул қилинган кўплаб муҳим фармон ва қарорлар, ҳукуматимизнинг қатъият ва ташаббускорлик билан иш олиб бораётгани тараққиёт йўлида ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Бу борада депутатлик корпусимизнинг, айниқса, парламентдаги фракциямизнинг алоҳида ўрни бор. 2015-2019 йиллар давомида O'zLiDeP фракцияси аъзолари ташаббуси билан 90 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини алоҳида эътироф этамиз.

Маълумки, ҳар қандай эзгу ғоя ва мақсадлар ҳаётда ўз аксини топсагина, одамлар учун наф келтиради. Шундан келиб чиққан ҳолда, O'zLiDeP ўз ғоялари тарғиботига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада партиявий лойиҳалар муҳим ўрин тутмоқда. Сайловлар оралиғида партиянинг "Аёллар қаноти" ва "Ёшлар қаноти" томонидан 30 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилди. 200 дан ортиқ ёш олимлар иштирокида "Ёш олимлар лигаси", "Янги авлод кадрлари" лойиҳалари орқали йигит-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмаклашилди.

"Парламентда менинг ўрним" мақсадли лойиҳаси орқали ёшларни парламент фаолияти билан яқиндан таништириш, янги қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёнига жалб этиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга эришилмоқда. Мазкур лойиҳада фаол иштирок этган 850 нафар йигит-қиз партиянинг кадрлар захирасига киритилди.

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган "Бунёдкор аёллар", "Соғлом оила - мустаҳкам оила", "Фаровон оила" каби лойиҳалар, айниқса, "Ишбилармон аёл" кўрик-танлови оммавийлиги билан ажралиб турди.

Биринчи галдаги вазифамиз жорий йил 22 декабрда ўтадиган сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш ва фаоллик билан иштирок этишдир. Бунинг учун марказий кенгаш, вилоят, шаҳар ва туманларда штаблар тузилиб, чора-тадбирлар белгиланган. Янги форматда электорат билан учрашувлар ўтказилаяпти. Бу жараёнда иштирок этадиган 30 мингдан зиёд кузатувчилар, ваколатли ва ишончли вакилларни тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилди.

Номзодларимиз аҳоли билан жонли мулоқотга тайёр бўлиши керак. Агар биз одамлар билан мулоқот қилмасак, ишончини қозонолмасак, сайловда устун келиш қийин кечади. Чиройли гаплар билан овоз оламан деб ўйлаш энди мутлақо хомхаёл. Номзодларимиз қўлидан келмайдиган ҳар хил қуруқ ваъдаларни бермаслиги, асосийси, одамларни ишонтира олиши керак. Бизда эса бу жараёнга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

O'zLiDeP одамларнинг фикри ва ишончини қадрлайди. Партиямиз фаолиятини янада шаффофлаштириш, биз ҳақимизда кўпроқ ахборот ва ишларимизга баҳо бериш имконини яратадиган ўзаро алоқа, мулоқот тизимини йўлга қўйиш зарур. Хусусан, депутатларимиз иш самарадорлигини, ҳудудий кенгашлар фаолиятини баҳолайдиган рейтинг юритиш, шу асосда маҳаллий даражада ижтимоий-иқтисодий аҳамиятли ташаббуслар билан ишлаётган бошланғич партия ташкилотларини рағбатлантириб боришни мақсад қилганмиз. Бу бизнинг келгусида ҳам етакчи партия сифатида сиёсий мавқеимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу кунларда ҳар бир юртдошимиз, айниқса, бўлажак сайловда биринчи марта қатнашиши кутилаётган 2,5 миллион йигит-қиз бизга жуда катта ишонч билан қараб турибди. Бу ишончни оқлашдан, юртдошларимиз учун янада қулай шароитлар яратиш, фаровон ҳаёт барпо этиш жараёнида фаол иштирок этишдан каттароқ бахт борми? Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда яшаш, халқимизнинг бахту саодатига шерик бўлиш, ҳеч шубҳа йўқки, ҳар биримизнинг зиммамизга жуда катта масъулият юклайди. Ана шундай залворли юкни ҳис этиш учун эса, ишонаманки, ҳаммамиз сайлов даврида ягона куч сифатида ҳаракат қилиб, юртдошларимизнинг ишончини албатта оқлаймиз.

O'zLiDeP сайловолди платформаси учун "Мақсадимиз ойдин ва унга эришишнинг аниқ йўлларини биламиз", "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади" деган эзгу сўзларни шиор қилиб танлагани бежиз эмас. Бу эса ҳар биримизни асосий мақсад йўлида бирлаштиришга хизмат қилади.

Шуҳрат ТУРСУНОВ,

    O'zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши раиси

Report typo