Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

01.09.2020


ОБИКАНДАЛИКЛАР

Қашқадарё одамлари

Май ойлари эди, тележурналист Моҳинисо Камолова қўнғироқ қилиб, жойлардан онлайн кўрсатувлар тайёрлашаётгани, "Маҳалла" телеканали учун яхши бир ҳунарманд оила ҳаётидан видеолавҳа тайёрлаб юборишимни илтимос қилди. Тасвирда карантин пайти ҳунарманд оила вакили  томошабинларга ўз ҳунарини ўргатиш жараёни ҳам акс этиши керак экан.

"Хўп", дедиму кўз ўнгимда обикандалик чевар аёл Салима Эргашева намоён бўлди. Уни жуда яхши биламан, кўп марта мулоқот қилганман, ҳунари ортидан эъзоз  топган ҳар томонлама ибратли аёл. Маҳалла билан ҳамфикр, ҳаммаслак, бирор тадбир бўладими, танловми, иштирок этишга эринмайди. Ҳатто бир гал,  янглишмасам, "Асрлар садоси"да унинг тикув машинасида оддийгина ғалтак ипда тиккан кашталари чет элликларни ҳам ҳайратга солди, чизмасдан тўғридан-тўғри тикканига ишонқирамай туришганида Салима опа ўша заҳоти тикув машинасида матога гулдан нақш солиб кўрсатди.

Шулар ёдимга тушиб, Паландаранинг доим эл орасида юрган кайвони аёли, собиқ маҳалла раисаси Хосият Алиқуловага қўнғироқ қилдим. Шу тариқа Салимахон Эргашева "Маҳалла" канали орқали намойиш қилинган бир чиройли кўрсатувнинг бош қаҳрамони бўлди.

Салимахонга чеварлик бувимерос. Раҳматли бувиси: "Оқ йўл, болажоним, каштачиликнинг ҳадисини олдинг, энди мустақил тикавер", деб қўл берганида эндигина ўн беш ёшга кирганди. Шу-шу қўлидан игна-ип тушмайди, кашта ёки жойнамоз дейсизми, жойпўш ёки ёстиқпўшми, фарқи йўқ, истаган нусхада тикиб бера олади. Қуроқчиликни-ку санъат даражасига кўтарган, ҳар бир боласига биттадан қуроқ кўрпа ҳам тикиб берган. Кимлардир ташлаб юборадиган мато қийқиндиларини бир-бирига мутаносиб қилиб, яхлитлагани ҳайратга солади кишини. Айниқса, оқ-қора рангдагиларни алоҳида жойлаштиради. Негаки бу рангларда момоларнинг ўзига хос ҳикмати бор эмиш:  ёшлар қуралиб юрсин, бир тан, бир жон бўлсин, ажрашмасин.

Салима опанинг қўлидан келмайдиган  ишнинг ўзи йўқ, келинлик ёки куёвлик либослари дейсизми, бешик анжомларию кўрпа, кўрпача, дастурхон дейсизми, рисоладагидай тайёрлаб беради. Ҳатто уйидаги пардаларни ҳам замонасига мослаб тикиб қўйди. Бир кўрса бас, тикувчилик, ҳунармандчилик билан боғлиқ ишларни эплаб олади. Чизмакашлигини  айтмайсизми, қишлоқдошларининг кашталарига нақш ҳам чизиб беради. Айниқса, тикув машинаси ёрдамида кашта тикишни боплаб қўяди, зеро, бошқа бирор ҳудудда бунақа кашталар учрамайди. Шогирдларининг-ку ҳисоби йўқ, икки қизи ҳам онасидан қолишмайдиган чевар бўлиб етишган. Ҳатто ҳали мактабга бормаган набирасигача игна ушлаб, тикишга чоғланади.

Сизга айтсам, Салима опа Обикандадаги ҳунарманд аёллардан бири, холос. Бу ерда ҳунари ортидан пул топиб, турмуш ўртоғининг ёнидан кирган, оила бюджетига ҳисса қўшаётган яна юздан ортиқ аёл бор. Саида Ниёзова, Қундуз Ниёзова, Ҳанифа Исомова, Моҳира Исломова, Маҳбуба Халиловаларнинг ҳар бирининг Салима опаникидай санъати бор.

Обикандаликлар ҳақидаги фикрларимни ҳунармандчиликдан бошладим. Аслида тоғлар этагида, қиру адирлар қўйнида жойлашган бу ҳудуднинг боғларидан бол томиб, узумларининг шираси тилни ёради. Узум асосан лалмида етиштирилади. Тўғри, икки-уч йилдан бери дам қурғоқчилик бўлиб, дам совуқ уриб узумнинг чўғи паст, лекин бу обикандаликларга баҳона бўлолмайди, улар осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтирадиганлардан эмас. Узум бўлмаса чорва бор, парранда бор, ҳеч бўлмаса, қир-адирлардан беда йиғишади ё бошқа бир йўлини топишади.

Биргина Исматулла ака Зиёдуллаевнинг оиласини олайлик. Кўп йиллар қишлоқ фельдшери бўлиб, элдошлари орасида дўхтирдан кам эъзоз топмаган бу инсон азалдан асаларичиликка ҳам қизиққан. Пенсияга чиққанидан кейин асалариларини кўпайтирди. Бу ишни ўғилларигаям ўргатди. Олган даромаддан  ўғиллар уйланишди, уй-жой қуришди. Ҳазилми, ҳар йили ўртача 15 тоннадан зиёд асал олишади. Асалари 600 қути бўлгандан кейин даромад ҳам шунга яраша бўлади-да. Шундай бўлсаям Исматулла ака бир ишга қараб ўтирмайди. "Йигитга етмиш ҳунар оз", дейди ўғилларига ҳар икки гапининг бирида. Кенжаси Фаррух ўзи билан, Фарҳод билан Ҳабибнинг ҳар  бирига 8-10 сотихдан иссиқхона қилиб берди. Ўтган йили Ҳабиб лимоннинг ўзидан 40 миллион сўм даромад олди. "Турмуш ўртоғимиз топиб келяпти, еб ўтираверамиз", деган фикр оила аёлларининг хаёлигаям келмайди, уч келин - Зулфия, Гуласал, Вазира  бамисоли ким ўзарга товуқ, курка боқишади, жўжа очиришади.

- Дабдурустдан бирор хонадонга меҳмон бўлсангиз зумда дастурхон ноз-неъматга тўлади, ҳаммаси ўзларининг маҳсулоти, - дейди маҳалла раисининг ўринбосари Нигора Мухторова. - Деярли ҳар бир хонадоннинг чорваси, паррандаси бор. Узум билан олмани айтмасам ҳам бўлади, тонна-тонна майизларимизни қўл-қўлга тегмай олиб кетишади. Кўплар ҳовлисининг бир четида картошка, сабзи, пиёз ҳам экиб қўйишади, ҳарна ўзимиздан чиқсин деб. Одамларимиз жуда меҳнаткаш. Биласизми, ўзим ҳам ҳар эрта ишга келишдан олдин бешта сигир соғаман.

Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Қир ва адирлардан иборат сувсиз майдонларда боғ яратишнинг ўзи бўлмайди. Ҳудуддаги 17 та фермер хўжалигининг 15 таси ғалласи ҳам, боғи ҳам лалмида. Боғлардаги ҳар бир дарахт остини чуқур кавлаб ёмғир сувларидан захира қилишади. Замонига қараб яна нималарнидир ўйлаб ҳам топишаяпти. Ўтган йили фермер Ражаббой Муҳаммадиев 15 гектар лалми майдонга томчилатиб суғориш орқали ёнғоқнинг Америкача навини экканди, деярли ҳаммаси униб чиқди. Бошқалар ҳам қизиқиб қолишди, ҳатто писта экмоқчи бўлганлар чиқаяпти. Маҳалла раисига юзга яқин фуқаро ер олиб, ёнғоқзор, узумзор ёки пистазор барпо этиш бўйича мурожаат қилган.

Дарвоқе, маҳалла раиси Соҳиб ака Аҳмедов ҳам эли билан эллашиб кетган. Ҳар бир оиланиниг пасти-баландини яхши билади. Бежиз 2019 йилда унга "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони беришмаган. Маҳалла аҳлининг уч минг нафардан зиёди тожик миллатига мансуб бўлса, икки мингга яқин ўзбеклар яшайди. Ҳар иккала миллат бир-бири билан қуда-анда, қавми-қариндош бўлиб кетган, тожикчадаям, ўзбекчадаям гаплашаверишади.  

Соҳиб аканинг айтишича, маҳаллада новвойчилик ҳам ривож топибди. Шундоққина йўл четида учта нон цехи бўлиб, Матмон, Жовуз, Деновбола ва бошқа юқори тоғ қишлоқларига борувчилар йўл-йўлакай нон харид қилишади. Айниқса, маҳалла йигитлари қолипли нон тайёрлашнинг устасига айланишибди. Обиканданинг юздан зиёд йигитлари навбатма навбат қўшни туманлар, вилоятлар ва хорижда ҳам қолипли нон ишлаб чиқариш цехларида ишлашаркан.

- Пандемия шароитида кўча оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб 68 та оилани "темир дафтар"га киритдик, - дейди Соҳиб Аҳмедов. - Улар ногирон, боқувчисини йўқотган ёки карантин туфайли вақтинча ишсиз қолганлар оиласи. Озгина туртки бўлса, аксарияти аравасини тортиб кетади. Ҳозиргача 53 тасининг шароити яхшиланди. 10 тасига субсидия орқали иссиқхона қилиб берилди, ишга жойлаштирилди.

Албатта, эл бор жойда муаммо ҳам бўлади.     Муаммоларни маҳалла раиси бошчилигида имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қилишаяпти.

Айтмоқчи, шу кунларда обикандалик жувонларнинг оғзи қулоғида, ҳадемай қишлоқда мактабгача таълим муассасаси иш бошлайди. Бир пайтлар боғча сифатида қурилган ва кейин бошқа мақсадларга ишлатилган мактабгача таълим муассасаси қайтадан мукаммал таъмирланиб, қўшимча бино қурилаяпти. Октябрь ойида 150 ўринли замонавий муассаса ишга тушади.

Обикандада мақола қаҳрамони бўлишга лойиқ оилалар жуда кўп. Улар шу кунларда ҳам меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, дея тўқсонбосди экинлари экиш ва парваришлашга киришиб кетишган.

  Лола ЎРОҚОВА,

     Китоб тумани

Report typo