Шарқ маърифатпарварларидан бири Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жомий эса бундай ёзади: “Фарзанднинг ота-она олдидаги одоби шундайки, ота-она нима деса, диққат билан қулоқ солади, уларнинг олдига тушиб юрмайди. Ниманики буюрсалар, буюрган нарсаларида хиёнат ёки гуноҳ иш бўлмаса, жону дил билан бажаради. Ота-онанинг сўзларига ишонмаган, улардан ўзини ақлли ва ишбилармон деб ҳисоблаган болалар кўпгина қийинчиликлар ва ҳар хил офатларга дучор бўладилар. Чунки ишончсизлик одамда алдов ва ёлғончиликни туғдиради. Ёлғончилик эса барча қабиҳликни юзага чиқаради”.
Маърифатпарварлардан бири Мустафо Ҳомипошшо бу борада қуйидаги фикрни билдирган: “Ҳаётда хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, бирор болага қараб: “Буни ота-онадан яшир, уларга айтма”, деса у дўст эмас, балки душмандир. Бундай одамни кўрган бола уни душман билиб, ундан қочиб кетишини ўйлаши керак. Сўзнинг қисқаси шуки, ҳар бир бола ўз ота-онасини ўз аҳволидан, қилаётган ишидан воқиф қилиш билан бирга уларнинг панду насиҳатларига қулоқ солиши ва амал қилиши зарур. Уларнинг яхши ишларидан ибрат олиши, тажрибаларидан ҳаётда фойдаланишлари керак”.
Улуғ мутафаккир ва шоир Алишер Навоий ўз асарларида баркамол авлод тарбиясига оид кўп ибратли фикрларни битган. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” асари бу жиҳатдан катта аҳамият касб этади. Хусусан, асарнинг 89-танбеҳида тарбия тўғрисида шундай дейилади: “Қобилға тарбият қилмоқ зулмдир ва ноқобилға тарбият хайф. Ани одами тарбият билан зое қилма ва бунга тарбиятингни зое қилма”.
Буюк маърифатпарвар Авлонийнинг фикрича, одам туғилишидан ёмон хулқ билан туғилмайди. Муайян шароитда ёмон тарбия натижасида уларда ёмон хулқ пайдо бўлади ва ривожланиб боради. Инсондаги қобилиятни камолга етказиш тарбия билан амалга ошади.
Авлоний тарбиянинг барча хусусиятларини таҳлил қилар экан, тарбияни фарзанд туғилган кундан бошлаш муҳимлигини уқтиради.
“Равзаи хулқ” асари муаллифи Мавлоно Мажиддин келтирган ҳикоят ҳам ибратли: “Ясд шаҳрида ваъз айтаётган эдим. Гап ота-она ҳақида кетаётган пайтда бир қария ўрнидан туриб, йиғлаганича: “Эй мавлоно, отасининг соқолидан тутиб, бошига калтак билан урган фарзанд ҳақида нима дейсан?” деб сўради. Мен ундан: “Отаси уни нима ишга ўргатган эди?” деб сўрадим. У эса: “Эшакни ижарага беришга” деб жавоб берди. “Айб унинг отасида,- дедим унга, - болани ёшлигидан илм ўрганишга жалб қилганида ва яхши кишилар суҳбатига юборганида, бундай иш содир бўлмас эди. Ота бунинг ўрнига эшакни ижарага беришга ўргатибди. Бола эшакни жиловидан тортиб, бошига чўп билан уришга ўрганиб қолган...”
Таассуфки, баъзи ота-оналар ўз фарзандининг ана шундай қизиқиши ва интилишларига, уларнинг онгу тафаккурида ҳар куни бир ўзгариш рўй бериб, кўзида янги-янги саволлар пайдо бўлаётганига аҳамият бермайди. Боз устига, агар ота оилада ўзини тутишни билмаса, ахлоқ-одоб бобида фарзандларига ўрнак бўлиш ўрнига қўпол муомала қиладиган бўлса, бу ҳолат, табиийки, бола маънавий оламининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади, вақти-соати келиб, унинг характеридан инсон деган номга нолойиқ, хунук бир одат сифатида намоён бўлади.
Шарқ маърифатпарварлари бола тарбиясига таъсир қиладиган даврни уч гуруҳга бўладилар: биринчиси - ҳануз оқ билан қорани танимайдиган бола. Унинг табиати ҳали ёмонлик ғубори билан булғанмаган, юраги эса ботил ишлар билан қораланмаган бўлади. Бундай болага насиҳат тез таъсир қилади ва уни тўғри йўлга осонлик билан ўргатиш мумкин. Иккинчиси - оқ билан қорани ажратадиган бўлиб қолган бола. Улардан баъзилари ўз нафсининг ғалабаси билан яхшилик томонга бурила олмай юрган бўлади. У қилаётган ишининг ёмонлигини билади. Нуқсонларини эса эътироф этади. Бундай одамни биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо доимий тарбия берилиб, ҳар хил насиҳат ва танбеҳлар бериб борилса, албатта яхши йўлга кириб кетади. Учинчиси - оилада ботил хаёл ва фосид фикрлар билан ўсиб, улғайган киши. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Унинг тарбиясига киришиш тирноқ билан қудуқ қазиш ёки ҳали қизиб чўққа айланмаган темирни болғалаш билан баробар.
Донолар яхши ёки ёмон хулқли бўлишни оилага боғлайдилар. Уларнинг айтишича, ёмон хулқли аёлдан туғилган ва разил ота қўлида тарбияланган фарзанддан яхшилик кутиш қийин. Чиройли хулқ офтобга ўхшайди, офтоб музни эритгани каби чиройли хулқ ҳам барча ёмонликларни эритиб юборади. Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жомийнинг фикрича, бола етти ёшга етгач, уни илм олишга ва жоҳиллик ботқоғидан қутқаришга ўргатилади, агар унга илм беришнинг иложи бўлмаса, бирор яхши ҳунарга ўргатилади. У шундай деб таъкидлайди: “Агар молинг қанча кўп бўлса, уларни фарзандингнинг илм ва ҳунар олиши йўлида сарфла, чунки молу давлатга ишониб бўлмайди, ҳунар эса ҳеч қачон ўлмайди. Илм ва ҳунар ўрганмай ўтирувчи кишилар ё зоҳид, ё танбал ёки такаббур кишилардир. Агар у зоҳид бўлса, тез кунда таъна балосига гирифтор бўлади. Танбал бўлса, гадолик кўйига тушади. Такаббур бўлса, ночорликдан охири ўғирлик кўчасига киради. Кимки касб-корига эга бўлса, бундай иллатлардан узоқда бўлади”.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, баркамол инсонни тарбиялашда Шарқ маърифатчилигида катта тажрибалар жамланган. Улар ҳеч бир замон ва маконда ўз аҳамиятини йўқотмаслиги билан эътиборли. Мағзи тўқ, доно фикрлар ва уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган хулосалар ҳар бир кишига асқатади.
Одил БЕГИМОВ,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти доценти, филология фанлари номзоди