Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Холис НАЗАР

28.02.2018


Очиқ аукцион савдоси ОЧИҚМИ?

Бу, албатта, белгиланган тартиб. Аммо ҳамма гап унга амал қилинишида, биринчи навбатда савдо ташкилотчиси томонидан.

Аукцион ташкилотчилари томонидан савдоларда ҳар хил “ўйин”лар саҳналаштирилиши, гарчи у очиқ турдаги бўлсада, кўп қулоғимга чалинарди. Бундай шубҳани ана шундай савдоларда қатнашиб кўрган кишиларнинг аксариятида эътироз юзага келиши, очиқ аукцион натижаларининг (айниқса, ер участкалари савдолари бўйича) бир неча бор бекор қилиниши жонлантирадигандек.

Биринчи ШУБҲА. Яқинда матбуотда “Ixtisoslashgan kim oshdi savdo” МЧЖ навбатдаги очиқ аукцион ва унга қўйилган олти кўчмас мулк ҳақида эълон чоп эттирибди. Унга кўра, савдо 5 март куни бўлиб ўтади ва талабгорлардан аризалар 2 март куни 18.00га қадар қабул қилинади.  Улар билан таниша туриб икки мулк – ошхона ва омборхона бинолари  юзасидан берилган эълон матни диққатимни тортди. Қолган мулклар таснифидан фарқли равишда эълонда бу икки бинонинг номидан бошқа уларга оид ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Иккинчи ШУБҲА. Уларнинг савдога чиқарилган нархларида. Ошхона биноси 7 миллион  536 минг 30 сўм, омборхона эса 2 миллион 594 минг 954 сўм. Балки ушбу икки мулк тугатилган ширкат хўжалиги балансида бўлгани учун сотилиш бошланғич нархи эскириш қийматидан келиб чиқиб белгилангандир. Аммо, унда нега мулклар таснифи, яъни эгаллаган майдони, ўлчовлари, ҳолати кабилар эълон матнида “унутиб” қолдирилган. Бу янглиш тасодифга ўхшамайди-ёв?!

Учинчи ШУБҲА. Ана шундай фикрда, қизиқишим ортиб (албатта, мулкка эмас), аввалига ўзимни талабгор кўрсатиб эълонда қайд қилинган (95) 505-08-99 телефон рақамига қўнғироқ қилдим. Телефонни аёл киши кўтарди. Ўша икки мулк ва уларни аукцион савдосига қўйишгани ҳақидаги эълон матни ҳақида сўрадим. Янглиш кетгандир, дея офисга келсам тўлиқ маълумот беришларини айтди. Жума куни эди, дарҳол борилди. Лекин... Кўрсатишмади, душанбада келиб, бошлиққа учрашиш айтилди. Бундан эса ҳеч вақо чиқмади, 5 кун қатнаб на бошлиқ учратилди, на ўша икки мулкнинг тўлиқ таснифи билан танишилди. Ташкилотнинг шу ишга масъул бўлган ходиминики, дея тақдим этилган қўл телефони рақами эса ҳамон “хизмат доира”дан ташқарида. Ваҳоланки, шу кунлар ушбу мулклар учун талабгорлардан аризалар қабул қилинадиган давр сифатида эълонда тилга олинган.

Бошқа чора қолмади, ҳеч қурса “Ixtisoslashgan kim oshdi savdo” МЧЖнинг эълонда кўрсатилган интернетдаги веб-сайти: ikos.uz га муносабатимни ёзиб қолдириш фикри туғилди, бундай манзилни эса электрон қидирув тизими топа олмади, “бизда йўқ” деди.  

Ниҳоят олтинчи куни бошлиқ учратилди. Пайшанба эди. Яна ўша “қўшиқ” – душанбада келинг, савдога қўйилган мулклар ҳақидаги тўлиқ ахборот эса ҳамон мавҳум.

Хўш, ана шундай ҳолатлар кузатиладиган, яна ҳар қандай кўчмас мулкнинг бозори чаққон ҳудудда жойлашган биноларнинг ҳар бирига икки ясама харидордан ўзга талабгор  чиқ(арил)майдиган очиқ аукцион савдолари  шаффоф ўтказилишига ишондингизми, сизда шубҳа туғилмадими? Менда шубҳа устига   шубҳа туғилди, таниш-билишлардан ўша икки мулк ҳақида суриштирдим, ҳатто бировини бориб кўриб ҳам келдим. Аукцион ташкилотчиларининг нега тасодифий талабгордан чўчиётганларига ҳам ойдинлик киргандай бўлди. Энди шу икки шубҳаларга бой мулк аукцион савдосини бориб кузатиш қолди, холос.

 

 Холис НАЗАР

Report typo