Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

22.09.2022


ОЧИҚ ЭЛЕКТРОН ТАНЛОВ ОРҚАЛИ ИЖАРА ҲУҚУҚИ АСОСИДА

Аҳоли даромадлари

Қашқадарёда шу йилнинг охиригача фермер ҳўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартирилган, аҳоли пунктларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ерлар ҳисобидан  9 минг 264 гектар экин майдонлари фуқароларга очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида берилиши керак. Келгуси йилда эса деҳқончилик кўникмаларига эга кишилар воҳамиздаги бундай ерларнинг яна 10 минг 530 гектарини ижарага олиши мумкин бўлади.

Юртимиз ҳудудлари, шу жумладан, вилоятимиз туманларида 2022-2023 йилларда фуқароларга очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида бериладиган экин майдонларининг ҳажмлари давлат раҳбарининг "Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган.

Шу йил 10 сентябрда қабул қилинган мазкур ҳужжатга мувофиқ, юқорида қайд этилган экин майдонлари фуқароларга 30 йил муддатга ижарага берилади. Уларнинг ўлчамлари турли ҳудудлар учун турлича бўлиб, Қашқадарёда экин майдонлари сув таъминоти яхши бўлган ерлардан 0,3 гектардан 1 гектаргача, кам сувли ерлардан эса 0,5 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда ажратилади.

Эътиборли томони, 2022-2023 йилларда деҳқон хўжалиги юритиш мақсадида экин майдонларини аҳолига бериш учун ташкил этиладиган очиқ электрон танловда атиги бир нафар талабгор иштирок этган тақдирда ҳам танлов, истисно тариқасида, ўтказилган ҳисобланади. Иссиқхона тармоғи кенг ривожланган туманларда эса деҳқон ҳўжаликларига ажратилган экин майдонларида иситиш тизимларини ўрнатмаган ҳолда енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилишига рухсат берилади.

Айни пайтда Президент қарорига асосан шундай тартиб жорий этилдики, унга мувофиқ "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқароларга деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари очиқ электрон танлов орқали ижарага берилганда, ушбу шахслар мазкур дафтарлардан чиқарилмайди ва улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар бир йил муддатга сақлаб қолинади. Бу муддат деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Ҳужжат талабига кўра, жорий йил якунига қадар республика миқёсида қўшимча 20 минг гектар, 2023 йилда эса 95 минг 169 гектар экин майдонларини очиқ ва шаффофликни таъминлаган ҳолда деҳқончилик кўникмаларига эга бўлган, шу жумладан "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган аҳолига ажратилиши лозим.

Мазкур майдонларга Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги тавсиясига асосан, ҳудудлар эҳтиёжлари учун зарур бўлган ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, интенсив усулда сабзавот, полиз, дуккакли, мойли ва картошка етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади ва зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан уруғлик, кўчат, минерал ўғит ва кимёвий воситалар етказиб бериш, шунингдек, зарурий агротехник хизматлар кўрсатиш ишлари ташкил этилади. Агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи корхоналарни жалб қилган ҳолда етиштирилган тайёр маҳсулотни харид қилиш, уни қайта ишлаш, сақлаш, ички ва ташқи бозорларга йўналтириш чоралари кўрилади. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан биргаликда экин майдонларида зараркунандалар ҳамда касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида тизимли кузатувлар ташкил этилиб, экинларни ҳимоя қилиш хизматлари ўз вақтида кўрсатилиши таъминланади. Яна бир муҳим жиҳати, жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишнинг барча босқичларини қамраб олган кичик агрологистика марказлари фаолиятини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган.

Ҳужжатдаги рақамларга кўра, вилоятимизда 2022-2023 йилларда "E-auksion.uz" электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериладиган экин майдонларининг катта қисми Косон (3 минг 554 гектар), Касби (1 минг 716 гектар), Яккабоғ (1 минг 634 гектар), Китоб (1 минг 560 гектар), Қарши (1 минг 551 гектар), Миришкор (1 минг 524 гектар), Нишон (1 минг 511 гектар) туманлари ҳиссасига тўғри келади.

Эслатиш жоизки, мамлакат Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги "Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон ҳўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, вилоятимизда фермер ҳўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган, аҳолига узоқ бўлмаган ҳудудлардан 2022 йилда 10 минг 234 гектар, 2023 йилда эса 6 минг 452 гектар, жами 16 минг 686 гектар экин майдонларини аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага бериш белгиланган эди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги қарорига асосан вилоятимизда икки йилда ижарага бериладиган экин майдонларининг ҳажми 19 минг 794 гектаргача кўпайиши баробарида уларнинг аҳоли пунктларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ерлардан танланиши, ўлчами 0,3 гектардан 1 гектаргача белгиланиши (аввал 0,1 гектардан 1 гектаргача бўлган) ҳамда ижарага бериш муддатининг 10 йилдан 30 йилгача узайтирилгани ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўз мухбиримиз

Report typo