Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловлар арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.
Юртдошларимизнинг онгу тафаккури ўзгарди. Сиёсий онг ва маданият ўсиб бораётгани, жамиятда демократия, очиқлик ва ошкоралик таъминланаётгани янги сайловларда яна бир бор намоён бўлиши шубҳасиз. Таъкидлаш керакки, бу йилги сайловлар яқинда қабул қилинган Сайлов кодекси талаблари асосида ўтказилади. Ушбу ҳужжатда сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар ўз аксини топган. Илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланди. Бўлажак сайловлардаги ҳар бир овоз эътиборга олинади ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда бевосита иштирок этади. Сайловларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланади. Муҳим сиёсий воқеликка "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар!" деган шиор танлангани бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси фуқаролик жамияти институтларининг, хусусан, маҳаллаларнинг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ролини сезиларли даражада кучайтирди.
Сайлов кодекси сайловлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда ҳар бир фуқаро ва ташкилотнинг ролини оширишга хизмат қилишини ҳам алоҳида қайд этиш зарур.
Аввалги қонун-қоидаларга кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши ва сайловда қатнашиши мумкин эмас эди. Кодексда уларнинг сайланиши мумкин эмаслигига оид норма қолдирилиб, "сайловда қатнашмайдилар" деган жумла чиқариб ташланди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилишига доир тартиблар Кодекснинг 10- ва 27-моддаларида белгилаб қўйилди.
Ўтган сайловларда фуқароларнинг овоз бериш тартиби чегаралаб қўйилган, яъни сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга фақат битта белги қўярди. Кодексда фуқароларнинг овоз бериш имкониятлари янада кенгайтирилиб, сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга учта белгидан: яъни "+" ёки "/" ёхуд "х" белгисидан бирини қўйиши мумкин.
Имконияти чекланган шахсларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида Кодекснинг 31-моддасида сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкинлиги, 49-моддасида жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг зиммасига юклатилиши, 50-моддасида овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек, уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилиши лозимлиги қайд этилган.
Илгари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Энди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги белгиланди. Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончи ошишига омил бўлиб хизмат қилади.
Аввал участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тайинланади, деб белгилаб қўйиш билан чекланилган бўлса, энди Кодекснинг 23-моддасига асосан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундан ташқари, Сайлов кодексининг 14-моддасида Марказий сайлов комиссияси жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳисоботларини тинглайди ва 15-модда уларнинг МСК йиғилишларида иштирок этишини таъминлайди.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон қонунчилигида фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг сайловларни кузатиш ҳуқуқи кафолатланган. Кузатувнинг мақсади - сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.
Бу эса фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги имкониятларини янада оширишга, вакиллик органлари фаолиятини кенгайтириш орқали давлат ҳокимиятига таъсирини кучайтиришга, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.
Аён бўлаяптики, республикамизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши учун ҳуқуқий асос яратилди. Фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни шакллантиришда фаол қатнашишларига ишончимиз комил.
Насимжон АЛИМОВ,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи