Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

25.03.2020


ОДАМ БОЛАЛАРИ ЯХЛИТ БИР ВУЖУД КАБИДИРЛАР

Мутолаа учун тавсия

Машҳур афсонавий юнон шоири Гомер (тахминан милоддан олдинги XII-VII асрлар оралиғида яшаган)нинг "Илиада" ва "Одиссея" достонлари кўҳна Ғарб адабиётининг шоҳ асарларидан бўлиб, мифология, яъни миф, афсона ҳамда эртаклардан иборат қаҳрамонлик эпоси ҳисобланади. Гомер сўқир бўлиб, достонларини ўзимизнинг бахшилар каби оғзаки айтган. Уларни ким, қачон ёзиб олгани аниқ эмас. Манбаларда Гомер грек тарихчиси Геродотдан тўрт юз йил олдин яшагани ҳам айтилади.

"Илиада" икки сўз, яъни Илион - қадимги Троя шаҳрининг номи ва Одас - қўшиқ деган номдан иборат. Асар бошида булутларни ҳайдовчи худо Зевс, жанжал худоси Эрида ва учта аёл маъбуда, яъни Зевснинг хотини Гера, уруш, донолик худоси Афина ва гўзаллик худоси Афродита ўртасида бир олманинг кимга тегишлилиги борасида баҳс кетади. Масала ҳал бўлмагач маъбудалар ерга тушишади. Троя подшоси Приамнинг ўғли Парис олмани Афродитага тегишли деб топади, чунки Афродита унга дунёдаги энг гўзал хотинни олиб беришни ваъда қилган эди. Вақтлар ўтиб Парис Юнонистонга бориб шоҳнинг гўзал хотини Еленани ўғирлаб келади. Шоҳ   Менелай Агамемнон, Ахиллес ва Одиссейларни бош қилиб Трояга қўшин юборади.

Урушнинг тўққизинчи йили Агамемнон ва Ахиллес ўртасида асира қиз Брисеида борасида келишмовчилик келиб чиқиб, Ахиллес урушга қатнашишдан воз кечади. Ахиллеснинг дўсти Патрокл Троя шоҳининг ўғли Гектор томонидан ўлдирилгач, ғазабланган Ахиллес Гекторни шармандаларча ўлдиради. Ахиллес эса Париснинг камон ўқидан ҳалок бўлади. Греклар Троя урушида ҳийла билан ғалаба қозонишади. Улар чекинган каби орқага кетиб, ёғочдан ясалган катта отни қолдиришади. Трояликлар ғалаба ёдгорлиги сифатида отни саройга олиб келишади. Греклар кечаси от ичидан чиқиб дарвозани очишади ва ғалабага эришадилар.

"Одиссея" достонида Одиссей бошлиқ грекларнинг Троя урушидан ватанларига қайтиши саргузаштлари ва оила драмаси тасвирланган. Одиссейнинг қаҳрамонликлари тараннум этилган. Одиссей урушда бўлган вақтда унинг саройидагилар хотини Пенелопани эрга чиқишга ундайдилар. Пенелопа гилам тўқиш ва бошқа важлар билан эрга тегиш вақтини чўзади. Бу вақтда Одиссей ўз саройига гадой сифатида кириб яшайди. Пенелопа ўзига уйланмоқчи бўлган ошиқларга "Кимки Одиссейнинг ўқ ёйидан нишонга урса, унга тегаман" деб шарт қўяди. Одиссейдан бошқа ҳеч ким ўқ ёйни кўтара олмайди. Одиссей нишонга уриб хотини ва юртини қайта қўлга киритади. Бу ишларда ўғли Телемах ёрдам беради. Асарда мардлик, ватанпарварлик, муҳаббат ва оилавий бурч каби юксак инсоний фазилатлар улуғланган.

Машҳур форс-тожик шоири Муслиҳиддин Саъдий Шерозий (1203-1292) қаламига мансуб "Бўстон", "Гулистон" асарлари бир неча юз йиллардан буён олиму орифларнинг севимли китоби сифатида ўқиб келинмоқда. Бу асарларда инсонпарварлик ва инсоннинг қадр-қимматини эъзозлаш улуғланган. Элу халқлар ва миллатлар ўртасидаги дўстлик, диёнат ва ахлоқ қоидалари тараннум этилган. Кўпчилик зиёлилар Саъдий Шерозийни дўстлик, тинчлик ва меҳр-муҳаббат тимсоли сифатида билишади. Шарқу Ғарбнинг кўплаб шоир-ёзувчилари Саъдий Шерозий ижодидан баҳраманд бўлиб асарлар яратишган.

Венгр олими Ҳерман Вамбери Саъдий Шерозий ҳақида шундай ёзиб қолдирган: "Саъдий ёлғиз Эрон эмас, балки Осиёнинг, Африқонинг ҳамма ерида ҳурматли бир файласуфдир. Унинг тарзи баёнининг тароватини ва ифодасининг қийматини Оврупо илму адаб аҳли ҳам кўпдан бери тан олганлар".

Айрим манбаларда айтилишича, Саъдий дилозор хотинга учраб, ёлғиз ўғли вафот этгач, кўп юртларни кезган ва бошидан қийинчиликларни ўтказган. Шу ўринда савол туғилади: нега аксарият буюк ижодкорлар ҳаёти моддий қийинчиликлар ичида ўтган?

Саъдийнинг "Бўстон" асари китобнинг ёзилиш сабаби, Абу Бакр бин Саъд бин Зангий мадҳи, Саъд бин Абу Бакр бин Саъд мадҳи, одиллик ва тадбиру андиша зикрида, эҳсон, ишқу ошиқлигу мастлик зикрида, тавозеъ, ризо, қаноат, тарбият олами, шукру омонлик, тавба ва савоб йўли ҳамда муножот ва китоб хотимаси зикрида бобларидан иборат. Асар ҳаётни ҳаққоний тасвирлагани сабабли барча табақа вакиллари учун тушунарлидир.

Шайх Саъдий ўзининг "Бўстон" асарида ҳаёт ва яшаш ҳақида шундай ёзади: "Бу чашма қошига кўплар биз каби келиб кетдилар. Улар худди юмилган кўз каби ғойиб бўлдилар, Нечун бу манзилгоҳга кўнгул қўяйлик? Ёронлар кетдилару, биз ҳам йўлдамиз".

Асардаги мақол ва ҳикматга айланиб кетган фикрлар, инсон умрининг моҳияти ва феъл-атворининг турфа қирралари ҳақидаги чуқур мазмунли мулоҳазалар диққатга сазовордир. Шоир ўзининг "Бўстон" асари ҳақида "Дунёнинг энг чекка жойларигача сафар қилдим, турли тоифадаги одамлар билан ҳам суҳбатда бўлдим. Ҳар гўшадан бир манфаат топдим, ҳар хирмондан бир бошоқ олдим" деган.

Саъдий Шерозийнинг "Гулистон" асари дебоча, подшоҳлар сийрати баёни, дарвешлар ахлоқи, қаноат фазилати, сукут сақлашнинг фойдалари, ишқ ва ёшлик, қарилик ва заифлик, тарбиянинг таъсири ва суҳбат қоидалари деб номланган саккиз бобдан иборат. Бу асар панду насиҳат ва одоб-ахлоқ китоби сифатида шуҳрат қозонган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тинчлик Кенгаши биноси пештоқига Саъдий Шерозийнинг "Гулистон"идан олинган қуйидаги мазмундаги мисралар ёзиб қўйилган: "Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади".

"Гулистон"нинг дебоча қисмида Саъдий ўз асари ҳақида шундай деган: "Мутолаа қилганларга сафо, тинглаганларга шифо бахш этадиган "Гулистон" номли китоб ёзишим мумкин, унинг япроқларига куз фаслининг шафқатсиз қўли етмайди ва замона ўзгаришлари унинг хуррам баҳорини ҳазин кузга айлантира олмайди". "Ҳар нечук гул дилингни қилмас чоғ, "Гулистон"имдан ол бирор япроғ. Гул замони беш, олти кундур бас, Бу "Гулистон" ҳамиша пок нафас".

 Асарда шеърий афоризмлар ва кичик ҳикоялар орқали панд-насиҳатлар қилинади. Шайх Саъдий инсон ўз қадр-қимматини меҳнати, ҳунари ва илмига таяниб, бировларга хор қилмай сақлаши кераклигини уқтиради.

"Гулистон"да кўплаб ҳикматлар битилган: "Кимга ёшликдан берилмас одоб, Улғайгач, бўлади бахтсиз, дили ғаш", "Ҳарчанд ўқибсан - билимдонсан, Агар амал қилмадинг - нодонсан", "Кексадан истама қувноқлик ҳавас, Ёшлик ўтмиш, оқар сув ортга қайтмас", "Қаригач ташлагил ёшликни тамом, Ўйинқароқликни ёшга қил инъом", "Бахтиёр болам, қуй қулоғингга панд - Ўз аҳлига вафо қилмаган киши, На севимли бўлур ва на донишманд", "Кимки бефойда умрин ўтказди, Ҳеч   нарса олмасдан, олтин кетказди", "Олиб борма шоҳга таъмали сўзинг, Таъмани йўқотганда шоҳсан ўзинг", "Сендан қўрққанлардан қўрққил, эй доно, Агар юзтасини жангда енгсанг ҳам".

Атоқли ирланд адиби Жеймс Жойс (1882-1941) ижодига мансуб, жаҳон адабиётининг бетакрор намунаси бўлмиш "Улисс" романини албатта ўқиб чиқиш керак. Зеро, бу асар дунё ҳақидаги тасаввуримиз, қалбимиз ва маънавиятимизни бойитишда муносиб ўрин тутади. Жеймс Жойс ўзининг бу асари ҳақида шундай деган экан: "Очиғини айтсам, "Улисс"да матнни шундай бошқотирмалар билан тўлдирдимки, олиму тақризчилар, танқидчию адабиётшунослар жумбоқлар мағзини чақолмасдан умрларининг охиригача овораи жаҳон бўлсинлар".

  "Улисс" романида XX аср бошидаги Ирландия ҳаёти тасвирланган. Адиб оиласининг ночор ҳаёти, ёшлигини қашшоқлик ва сарсонгарчиликда ўтказганлиги унинг асарларидаги қарашларига ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Бу сарсонгарчилик Жеймс Жойсни бир умр тарк этмаган ва қийналиб ҳаёт кечирган. Асардаги воқеалар замон, давр ва вақтдан устун туради, яъни ҳамиша содир бўладиганга ўхшайди. Асар 1922 йили Францияда чоп этилиши билан таъқибга учрайди, минглаб нусхалари ёқиб юборилади. Нега?

Асар сюжети 1904 йил 16 июнь эрталаб соат саккиздан то кечаси икки яримгача Блум, унинг хотини Молли ва Стивен Дедалнинг бир кунлик ҳаёти тасвирига қурилган. Нега 16 июнь танланган? Шу ўринда Жеймс Жойс 1904 йил 16 июнда Нора Барнакл исмли қиз билан турмуш қурганини эслаб қўйиш керак. Аксарият адабиётшунослар "Улисс" романини Гомернинг "Одиссея" достони  сюжет йўналишига ўхшаш ҳамда Жойс бу асарида ХХ асрнинг ўзига хос "Одиссея"сини яратган ҳисоблашади.

Жеймс Жойс "Улисс" романи қаҳрамонларини Гомернинг "Одиссея"сидаги антик одамлар билан таққослайди. Адиб ушбу оғир саволларга жавоб излаган: Гомернинг қаҳрамонлари диёнат, эътиқод, садоқат, муҳаббат, халқпарварлик ва ватанпарварликни улуғлаган бўлса, бугунги замон одамлари нималарни улуғлашмоқда? Инсоният минг йиллардан буён нималарга эришди, нималарни топди ва нималарни йўқотди? Асарни ўқиш давомида Блум ва Стивен каби ХХ аср кишиларида эзгу мақсад ва мақташга арзигулик қаҳрамонликдан асар ҳам йўқлигига амин бўласиз. Уларнинг қандай қилиб бўлса ҳам маишат қилиб яшашга ружу қўйгани, бугунги замон кишиларида Гомер қаҳрамонларида бўлган инсоний фазилатлар сўниб бўлгани кўз олдимизда гавдаланади.

Адиб қаҳрамонларининг орзу-мақсадлари ва ҳиссиёт-туйғуларини   шафқатсизларча очиб бериб, уларда қалб, виждон ва орият-ахлоқ йўқлигини исботлаб берган.

Айримлар Жеймс Жойснинг "Улисс" романини: "Бу асар бугунги инсоният цивилизациясининг бор қиёфасини акс эттирган аянчли ҳужжат, аммо ҳақиқий ҳужжат" дейишса, бошқалари "Бу асар инсониятга туҳмат!" дея баҳолашган. Нима бўлганда ҳам бир вақтлар ёқиб юборилган ва тақиққа учраган ҳамда ҳануз "тош отишлар" давом этиб турган бўлса-да, "Улисс" романи сўнгги юз йилликнинг энг яхши романи сифатида эътироф этиб келинмоқда.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo