Маълумки, одам савдоси куч билан таҳдид қилиш, куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишни, шунингдек, одамлардан шаҳвоний ва бошқа мақсадларда фойдаланиш, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, эрксиз ҳолат, қуллик ёки шунга ўхшаш одатларни, инсон аъзолари ва тўқималарини ажратиб олишни англатади.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда фуқароларни бу борадаги мудҳиш жиноят оқибатларидан ҳимоя қилиш, асраш ва ушбу жиноий хатти-ҳаракатдан жабр кўрганларга амалий ёрдам кўрсатилишига доир чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асоси яратилиши билан бир қаторда, мажмуавий йўналишлар ҳам белгилаб олинган. Бироқ унинг таъсирига тушиб қолаётган, хорлик ва азоб-уқубатга дучор бўлган юртдошларимиз ҳам, афсуски, йўқ эмас.
- Одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиликнинг ҳар қандай кўриниши ва тури на ҳудуд, на чегара билмас қилмишдир, - дейди Қарши шаҳар ички ишлар бўлими ходими Маҳмуд Холиқов. - Шу боис аҳолининг бу жирканч иллатга қарши билимларини ошириш, самарали тарғибот воситаларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда "Трансмиллий жиноят", "Инсон эркинлигига таҳдид", "Аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграцияси", "Одам савдосига қарши курашда ижтимоий ҳамкорлик" каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Мавзуга оид видеофильм намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Моҳинабону УБАЙДУЛЛАЕВА