Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Аҳрор СОДИҚОВ

10.05.2018


ОДАМ САВДОСИДАН ЖАБРЛАНГАН ЁШЛАРГА КЎМАКЛАШИЛДИ

Бу жиноят ортидан даромад топаётган жиноий гуруҳлар одамларни алдаш, мажбурлаш, қўрқитиш, ўғирлаш, қарздор қилиш, ишонтириш, товламачилик ва  бошқа йўллар билан қармоғига илинтириб, улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Яна айрим кишиларнинг эса билиб-билмай жиноят қурбонига айланаётгани ачинарлидир. Бугун бу жиноятчилик касридан жабр чекаётганлар орасида ёши катталар ҳам,  ёшлар ҳам, аёллар ва болалар ҳам бор.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда одам савдоси, унинг оқибатларини аҳоли орасида кенг  тарғиб этиш билан бир қаторда, ушбу жиноят ортидан жабр кўрган фуқароларга ўз вақтида ёрдам бериш, уларни руҳий, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда одам савдосидан жабрланган 9 нафар ёш билан ўтказилган очиқ мулоқот ана шу мақсадга қаратилди. 

- Мулоқот давомида ёшларнинг таклиф ва истакларидан келиб чиқиб, улар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолигига қабул қилинди, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бўлим мудири Маҳлиё Шукурова. - Шу билан биргаликда, уларнинг фойдали иш билан бандлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, одам савдосидан жабрланган ёшлардан бири – Зоҳиджон Абдураҳмонов вилоят меҳнат бошқармаси ҳамкорлигида Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, Зуфар Тўрақулов ўзининг хоҳишига кўра “Корейс тили” тўгарагига жалб этилди.

Жабрланувчи Комилжон Поёнов эса жиноятчилар тузоғига тушишдан аввал касб-ҳунар коллежида ўқирди. Шу боис уни ўқишига тиклаш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Одам савдосидан жабр кўрган яна бир фуқаро - Жамолиддин Қаршиев эса бугунги кунда олий таълим муассасасида таълим олаётганлиги боис унга керакли тушунчалар берилиб, бошланғич ташкилот етакчисига бириктирилди.

Мавсумий иш билан бандлигини билдирган 5 нафар жабрланган ёшга Ёшлар иттифоқи қошидаги бепул тўгараклар ҳақида ҳамда ўз яшаш манзилидаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар берилиб, бу борада бирор қарорга келса, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди.

Аҳрор СОДИҚОВ

 

Report typo