Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 ноябрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

28.04.2022


ОДАМЛАР НУҚУЛ КЕРАКМАС НАРСАЛАРГА ҚАРСАК ЧАЛАДИ

Сараланган сатрлар

Ўсмирлик инсон ҳаётидаги муҳим босқич саналади. Чунки ўтиш даври ҳаммага ҳар хил таъсир қилади: кимдир касб-ҳунарнинг бошини тутса, биров илмга берилади. Ўз ўрнида жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойиллик ҳам айни шу паллада юзага келади. Ҳаммаси ён-атрофдаги муҳитга, катталарнинг ўзини тутишига боғлиқ: катталарга қараб ўсмирлар дунёси шаклланади.

Ўсмирлар олами ҳақида сўз бораркан, дунё адабиётида машҳур "Жавдарзордаги халоскор" асари ҳақида тўхталмаслик мумкин эмас. Америка адиби Жером Сэлинжер (1919-2010) "Жавдарзордаги халоскор" асарини 1951 йилда алоҳида китоб ҳолида эълон қилган ва шу кунгача 65 миллион нусхада сотилган. Бироқ ўсмир тилидан бепарда сўзлар кўп қўллангани боис асар бир неча мамлакатларда, жумладан, АҚШ мактабларида бир неча марта танқидларга учраб, нашр этилиши тақиқланган экан. Аммо ўқувчи ва вақт ҳукми "Жавдарзордаги халоскор"нинг яшашга ҳақли эканини кўрсатиб келмоқда.

Асар қаҳрамони Ҳолден Кольфилд ўсмирлар исёни тимсолига айланган. Катта ҳаётга кириб келаётган инсоннинг чор атрофда сохтакорликларга дуч келиши, ташқи жиҳатдан бинойи кўринган инсонларнинг ўтакетган бемаъни, майда эканликлари, жамиятдаги сохтакорликлар ўсмир нигоҳи орқали баён этилади.

Асар номи хусусида. У шоир Роберт Бёрнс мисрасидан олинган. Яъни Кольфилд айтадики, "Бепоён бир жавдарзор тасаввуримдан кетмаяпти. Унда жажжи болалар ўйнаб юрибди. Минглаб болалар. Атрофда улардан бошқа ҳеч кас йўқ - мендан ташқари. Аллақандай жар лабидаги қояда турибман. У жарликка яқинлашиб келаётганларни эса тутиб қолиш - бор-йўқ қиладиган ишим шу. Агар болалар орқа-кетига қарамай югураётиб жарга яқинлашиб қолганини кўрсам, ўша заҳоти ҳозир бўлиб, уларни ушлаб қоламан, тушуняпсанми? Кун бўйи шундай қилган бўлардим. Жавдарзордаги болаларни қўрувчи бўлишни хоҳлайман..."

* * *

- Ҳаёт - ўйин болакай. Ҳаёт - қоидаларга биноан ўйналадиган ўйин.

Ўйин эмиш, ўргилдим. Жа зўр ўйин-да. Агар қойилмақом ўйинчилар билан бир жамоада бўлсанг ҳам майлийди, тан оламан, бу - ўйин. Лекин бирорта ҳам қойилмақом ўйинчи бўлмаган жамоага тушиб қолсанг-чи, у ҳолда бу қанақасига ўйин бўлсин? Ҳеч қанақасига ўйин эмас.

* * *

Ўзи шунақа, одамлар доимо бирор нарсани мутлақ ҳақиқат деб ўйлашади.

* * *

Баъзиларнинг устидан кулмаган маъқул, ҳаттоки улар бунга лойиқ бўлса ҳам.

* * *

Одамларнинг томи кетиб қолганди. Улар кинолардаги арзимаган нарсаларга ҳам гиенадек ҳингиллайдиган овсарларнинг ғирт ўзи эди. Худо ҳақи, агар мен пианиночи ёки актёр бўлганимда, мана шу аҳмоқларнинг бирортасига ёқишни хоҳламаган бўлардим. Қилаётган ишларидан ҳам нафратланган бўлардим. Ҳаттоки уларнинг қарсак чалишини ҳам истамасдим. Одамлар нуқул керакмас нарсаларга қарсак чалади.

* * *

Болаларнинг кўпи шундай. Улар чин дилдан миннатдорлик билдиради.

* * *

Агар сен ишингни қойиллатиб бажарсанг, бироз ўтгач, эҳтиёт бўлиб юрмасанг, ўзингни кўз-кўз қилиб мақтанишга тушасан. Натижада олдингидек зўр бўлолмайсан.

* * *

Кинонинг арзимас жойларига ҳам кўзидан сийдигини оқизиб ўтирганларнинг ўнтадан тўққизтаси, аслида, пасткаш бўлиб чиқади.

* * *

Мияси бутун йигитларнинг ҳаммаси шунақа бўлади ўзи. Ўзлари хоҳламаса, сен билан ҳаётда бирор бир муҳим масала тўғрисида гап сотиб ўтирмайди.

* * *

Агар бировга унинг ақли етмайдиган гапларни айтсанг, бас. Тушунмаганини билдирмаслик учун улар сен истаган нарсани бажараверади.

* * *

Бировнинг юрагини сиқиш учун одам ёмон бўлиши шарт эмас.

* * *

Биров ўлди дегани энди уни яхши кўролмайсан дегани эмас, Худо ҳақи. Айниқса ўша одам тирик танишларингдан кўра минг чандон яхши бўлса.

* * *

Агар адвокатлар бегуноҳ инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилса ёки уларга ёрдам берса, бу касбга эътирозим йўқ. Лекин, гап шундаки, адвокат бўлсанг, ҳеч қачон бундай қилолмайсан. Қиладиган ишинг соққани кўпайтириш, гольф ва бриж ўйнаш, машина сотиб олиш, мартини ичиш ва пўрим бўлиб юришдан нарига ўтмайди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айтайлик, бирорта шўринг қурғурни қутқариб қолишга ҳаракат қилдинг ҳам дейлик, қаердан биласан, ўша одамни сақлаб қолишни чин дилдан хоҳлаганинг учун шундай қилганингни? Балки, буни машҳур адвокат бўлиш илинжида қилгандирсан? Суд залидаги лаънати олишув тугагач, бир чақага арзимас кинолардагидек сени ҳам олқишлашларини, мухбирлар, ҳамма-ҳамма тинмай табриклар ёғдиришини хоҳлагандирсан балки? Мунофиқлик қилиб қўймаяпманми деб ўзингга савол берасанми? Муаммо ҳам мана шунда - бундай қилмайсан.

* * *

"Дарсдаги ана шу "Ўтлаб кетма!" саҳнаси асабимга тегарди. Билмадим нега унақа. Муаммо шундаки, сўзлаётган боланинг бошқа нарсаларга ўтлаб кетиши менга ёқарди. Буни эшитиш қизиқроқ эди".

* * *

Сиз учун умуман қизиғи йўқ нарса ҳақида гапирмагунингизча, сиз учун энг қизиғи аслида нима эканлигини билмайсиз. Кўпинча шундай бўлади ва буни бошқаролмайсиз.

* * *

Ўзи шунақа, сен гаплашишни истамаган пайтинг одамлар қизишиб туради.

* * *

Сен қараб кетаётган жарлик, менимча, жуда қўрққулик жарлик. Унга қулаётган одам жарлик тубига етганини сезмайдиям, эшитмайдиям. У тинмай қулайверади, қулайверади. Буларнинг барчаси бир пайтлар ўзи истаган нарсасини ҳаётидан топа олмаган инсонларда содир бўлади. Ёки одамларнинг ўзи истаган нарсасини яшаётган муҳитидан топа олишига кўзи етмайди. Охир-оқибат, улар таслим бўлади, излашни бас қилади. Улар ҳаттоки ҳали излашни чинакамига бошламай туриб таслим бўлишади.

* * *

Шуниси ғаройибки, бу жумлаларни бирор шоир ёки ёзувчи битмаган. Балки психоаналитик Вильгелм Штекел қаламига мансуб. Мана у нима деган: "Ғўр одам ўз мақсади учун шараф билан қурбон бўлишдан қайтмайди, етук одам эса ўз мақсади йўлида камтарона ҳаёт кечиришни афзал кўради".

* * *

"Барча жаноб винсонларга бардош бериб бўлгач эса, сен ўзинг учун жуда қадрли бўлган илмни эгаллашга янада яқинлашасан, агар чин дилдан хоҳласанг ва ўзинг ҳам шунга интилсанг, албатта. Шу билан бир қаторда, инсон ва унинг табиатини тушунмаган, ундан ҳадиксираган ва ҳатто нафратланган биринчи одам сен эмаслигингни англайсан".

* * *

Ўқимишли ва олим одам, агар у, энг аввало, зеҳнли ва яратувчи бўлса - афсуски, бунақалар анқонинг уруғи - ўқимаган, аммо зеҳнли ва яратувчан одамга нисбатан ўзидан кейин минг чандон қимматлироқ мерос қолдириши мумкин. Бундай инсонлар фикрларини аниқ баён эта олади ва одатда ўй-хаёлларини охиригача мукаммал ифода этиш учун жон куйдиради. Энг асосийси, ўндан тўққиз ҳолларда улар ўқимаган, лекин ақлли кишилардан кўра камтарроқ бўлади.

* * *

Албатта, ўлим ҳақида ўйлашдан роҳат топмайди одам.

* * *

Болалар шунақа - жуда ажойиб. Улар билан эҳтиёткор бўлиб муомала қилишга мажбурсан.

* * *

Сизга айтсам, ҳеч қачон ҳеч кимга бирор нарсани ҳикоя қила кўрманг. Йўқса, ҳикоянгиздаги барчани қўмсай бошлайсиз.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo