Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ОДАМЛАР ТИЛЛАЮ ЖАВОҲИР, БЕЗАКЛАРГА ИХЛОС ҚЎЙИШАДИ, ҲОЛБУКИ ЭНГ БЕБАҲО ЗИЙНАТ БОШҚА НАРСА

Б.САЙФИЕВ

18.07.2024


ОДАМЛАР ТИЛЛАЮ ЖАВОҲИР, БЕЗАКЛАРГА ИХЛОС ҚЎЙИШАДИ, ҲОЛБУКИ ЭНГ БЕБАҲО ЗИЙНАТ БОШҚА НАРСА

Сараланган сатрлар

Оила - жамият таянчи, деган гапни кўп айтамиз. Аммо кейинги вақтда ана шу таянчга катта путур етаётганидан кўз юмолмаймиз. Ажримлар сони кўпайиб бораётгани, оила қадриятларига енгил-елпи қаралаётгани бор гап. Оталар хорижда ишда, оналар дунёвий орзу-ҳавас билан банд, бундай оилада вояга етган фарзандлар жамиятда ўрнини тополмай сарсон...

Тараққий истаган жамият нафақат иқтисодий асосларини мустаҳкамлайди, балки оила институти барқарорлигига ҳам алоҳида эътибор билан қарайди, қараши даркор. Агар иқтисодиётни жамиятни моддий таназзулдан сақловчи иморат деб тасаввур қилсак, оила унинг пойдеворидир - пойдеворга путур етса, ҳар қанча метину мустаҳкам деворлар ҳам қулашга маҳкум.

Демак, оила масаласига жиддий ёндашувимиз зарур. Бу борада қатор чора-тадбирлар баробарида оилаларда маърифий муҳит юксалишига ҳам урғу бериш зарар қилмайди. Жумладан, оилалар бахту саодатига қаратилган асарлар тарғиботини кучайтирсак, анча нафли бўлиши шубҳасиз. Мисол учун, адиб Тоҳир Маликнинг "Келинлар дафтарига" номли яхши китоби бор. Бу асар ҳар бир оилада бўлиши, эр-хотин, қайнона-қайноталар ўқиб чиқиши керак. Оят ва ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва воқеалар, ҳаётий лавҳалар кишини ўзи, оиласи ҳақида чуқур мушоҳада юритишга ундайди.

Гап бутун бошли авлод келажаги ҳақида борар экан, бу борада манфаат берадиган кичик нарсалардан-да юз ўгирмасак, мақсадга мувофиқ иш бўлади.

*  *  *

Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг "Анна Каренина" деб номланган асари шундай сатрлар билан бошланади: "Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир". Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи!

*  *  *

Сир эмас, оилаларнинг бузилиши ҳоллари бизда ҳам кўпайиб боряпти. Буни айримлар иқтисодий қийинчиликлар билан боғлашяпти. Лекин бу фикрга қўшилмайман. Бундай фикр бизни оилага хос бўлган асосий масалалардан чалғитиши мумкин. Яқин тарихимизда машаққати жиҳатидан тенгсиз ҳисобланувчи қаҳатчилик, очарчилик, қимматчилик, уруш йиллари бўлган. Бу балою офатлар машаққатларини бошларидан кечирган отахонлар-онахонлар айтишсин: ўша оғир йилларда оиланинг бузилиши бугунгидай кўп бўлмаган-ку?

*  *  *

"Кимга яхши куёв учраган бўлса, у одам ўғиллик бўлибди. Кимга ярамас куёв йўлиққан бўлса, у одам қизини йўқотибди", дейдилар. Худди шуни "Кимнинг уйига яхши келин келса, қизлик бўлибди, ёмон келин келса ўғлидан ажрабди", деб изоҳласак ҳам бўлади.

*  *  *

Аҳд-паймон ва шериклик турли соҳа вакилларида ҳам учрайди. Айтайлик, ҳунармандчиликда, тижоратда, зироатда... Агар шериклар аҳдларига вафо қилсалар, хайрли неъматларга эга бўладилар. Орага хиёнат, араз ёки тама аралашса ишларидан барака кетади. Ҳар икки томон ҳам зарар кўради. Никоҳ билан боғланган оила ҳам шунга ўхшашдир. Эр ҳам, хотин ҳам аҳдига вафо қилса, оилада барака бўлади ва бундай оилани биз "фариштали хонадон" деб сифатлаймиз. Уруш-жанжалдан бўшамаган оилани эса "шайтон васвасасидаги хонадон", деб таърифлаймиз.

*  *  *

Набий алайҳиссалом дейдиларки: "Ҳеч бир мўмин ўз хотинидан нафрат қилиши тўғри эмас. Зеро, хотинининг баъзи одат ва атвори унинг назарида ёмон кўринса ҳам, баъзи одатларидан рози бўлади. Бас, унинг ёмонликларини яхшиликларига бахшида этсин".

*  *  *

Эр-хотин бахтли яшашлари учун битта қоидага қаттиқ амал қилишлари керак. Бу қоиданинг номи - БИТТА ГАПДАН ҚОЛИШ! Ҳа, айнан шундай. Битта гапдан қолиш билан олам гулистон! Хўш, ким битта гапдан қолиши керак? Биринчи галда хотин. Эрига гап қайтариб, бахтли бўлган хотинни тарихда - минг йиллардан бери ҳеч ким учратмаган, бундан кейин ҳам учратмаслиги тайин. Эр ҳам битта гапдан қолишга мажбур. Эҳтимол, хотин битта гапдан қолган маҳалда эр иккита, баъзан учта гапдан қолса ўзи учун ҳам яхши.

*  *  *

Маълумки, аёллардаги ҳомиладорлик жараёни бир хилда кечмайди. Айримлари бу жараёндан енгил ўтадилар, айримлари ғоятда қийналадилар, махсус муолажага ҳам муҳтож бўладилар. Ана шу пайтда оилада ҳам эр, ҳам қайнона, ҳам бошқа аъзолар томонидан ҳомиладор аёлга алоҳида меҳр ва шафқатли муносабатда бўлиш талаб этилади. Баъзи қайноналарнинг "шунга шунчами, менам ҳомиладор бўлганман, менам туққанман, бунақа талтайиб ётмас эдим", дейишларини нодонликка йўйсак ранжимасинлар. Келинларнинг барчаси ҳам айёр эмасдир. Уларнинг вужуди қақшаса, қийналишса нима қилишсин? Келиннинг бундай азобли кунларида ақлли, инсофли қайнона унга ўз онасидай меҳрибонлик билан муомала қилиши керак. Эр ҳам хўжайинлик мартабасидан тушиб, меҳрибон йўлдош мақомини олиши шарт.

*  *  *

Айрим биродарларимиз сал кескинроқ фикр билдириб, "ишлайдиган аёлларнинг бузилишлари осонроқ бўлади", дейишади. Бу фикрга қўшилиш қийин. Бузиладиган аёл уйида ўтириб ҳам бузилаверади. Бошқа биродарларимиз ишламай уйда ўтирган аёлларнинг дунёқараши тор, савияси пастлашиб кетади, дейдилар. Бу ҳам бир ёқлама тўхтам. Дейлик, бир хонада олти аёл ишлайди. Биттаси китобхон, бошқалари китоб деса, боши оғрийдиган тоифадан. Ўша китобхон аёл жаҳон адабиётидан гапирса, қолганлар эшитишадими? Эшитишмайди. Уларга бундан кўра ғийбат афзал. Ғийбатдан лаззатланишади. Оқибатда ўша китобхон аёлни ҳам ўз қаторларига қўшиб олишади. Агар уйда ўтирган аёлларнинг савияси паст бўлса, Зебуннисо бегим, Нодира бегим, Увайсий бегим...лар дунё адабиёти тарихига жавоҳир тўкармидилар?

*  *  *

"Калила ва Димна"да ибратли фикр бор: "Ҳаёни қўлдан берган одам кек сақлайдиган ва сўкинадиган бўлади. Ғам пардаси унинг ақлини қоплайди, фаросати, зеҳни-заковати озаяди. Бундай бахтсизликка мубтало бўлган одамнинг бутун қилган иши, сўзи ҳаммага ёмон кўринади. Берадиган маслаҳатлари ўзига зиён етказади. Илгари уни яхши, деб юрган дўстлари энди уни ёмон деб ҳисоблайдилар. Бошқаларнинг гуноҳини ҳам унинг бўйнига тўнкайдилар".

*  *  *

Дунёда чиройли нарсалар кўп, аммо улардан-да чиройлироқлари ҳам мавжуд: эрларнинг ҳаёли бўлишлари ғоят гўзалдир... Ҳаёсиз эрни "сурбет" деб ҳам маломат қиладилар.

*  *  *

Сўзига вафо қилмайдиганларнинг бу дунёдаги биринчи жазоси шундай - одамлар орасида беобрў ва қадрсиз бўладилар.

*  *  *

Виждон - ақлнинг қон томири, унинг уриши бизни доим яхши ва ёмондан воқиф этиб туради. Виждонли одам хавфдан холи, хиёнат қилгувчи эса ҳалокат ботқоғида яшайди. Ўзаро муомалаларда "виждоним қийналиб кетди" ёки "виждоним йўл бермади", деган ибораларни ҳам эшитиб турамиз. "У одамнинг ёмонлигини прокуратурага ёзиб бермоқчи эдим, виждоним қўймади"... "келинини шу аҳволга солишга виждони қандай йўл берди экан?"... "Ота-онасига қарамай қўйибди, виждонсиз"... "Виждонинг борми? Инсоф қилсанг-чи!" Ҳа, виждон - ҳакам. Ҳа, виждон - бандани иймонсизлик  жарига қулашдан асраб қола олувчи посбон. Виждонига тескари юрмайдиган одам ҳаётида ўз олдига қўйган вазифаларга тўла эриша олади. Одамлар тиллаю жавоҳир, безакларга ихлос қўйишади, ҳолбуки энг бебаҳо зийнат - соф виждондир.

*  *  *

Айрим оилаларда фарзандга ростгўйликнинг фазилат эканини тушунтириш ўрнига ёлғонга ўргатилади. Оддий мисол: отани биров телефонга чақирса, "уйда йўқлар", деб қўй", дейдилар. Қўшни тухум сўраб чиқса, бор бўлса ҳам йўқ, дейдилар. Бола буни кўриб, билиб туради. Ўқишга борганда "дафтарим уйда қолибди", деб устозини алдашга уринади. Мана шундай тарбия кўрган қиз ёлғондан нафрат қилувчи оилага келин бўлиб тушса, аҳволи нима бўлади? Бахтиқароликнинг олдини олиш учун суюкли қизларимиз ростгўйлик фазилатига эга бўлишлари керак.

*  *  *

Келинпошша, "гап ташиш"га қандай қарайсиз? Ҳа, баракалла, бу иллатни қоралайсиз. Сизгина эмас, деярли барча қоралайди. Оналар тўйдан аввал қизларига бу ҳақда насиҳат ҳам қиладилар. Лекин... қизлари келинлик уйларидаги гапларни қизлик уйларига таший бошлаганларида уларни тўхтатмайдилар. "Орқалаб келган гап халтангни кўтаргину, изингга қайт", демайдилар. Аксинча, қизларига қўшилиб, қуданинг хонадон аҳлини ғийбат қила бошлайдилар. "Ташиб келтирилган гап" қиз ва она орасида қолса майли эди. Бундай гап "ҳомиладор" бўлади ва "болалаб" тарқайверади. Кўп ўтмай қуданинг қулоғига ҳам етиб боради. Қарабсизки, уйига "гап ташиб борган" келин боши узра қора булутлар тўпланади. "Йўл қувлаган - хазинага йўлиқар, гап қувлаган - балога йўлиқар", деб бежиз айтилмаган.

*  *  *

Ҳар қандай жиноят икки хил йўл билан: қасддан қилинади ва эҳтиётсизлик туфайли юз беради. Туҳмат ва бўҳтон тасодифан юз бермайди. Айрим ҳолларда киши нодонлиги туфайли туҳмат кўчасига кириб қолиши мумкин. Бир отахон йиғиб юрган пулларини йўқотиб қўйиб, фолбинга борибдилар. Аввало, фолбинга боришнинг ўзи гуноҳ. Фолбин "пулингизни келинингиз ўғирлаган" деган. Фолбинга ишониш яна бир гуноҳ. Шу икки гуноҳ бирлашиб, янада каттароқ гуноҳни туғдирди - оила бузилди. Орадан кўп ўтмай отахон пулларини топибдилар - беркитган жойларини унутган эканлар. Пул топилди, лекин туҳмат замбараги ўқидан вайрон қилинган оила саройи тикланмади...

*  *  *

Донолар дедиларки: "Ризқ ўз соҳибини мудом таъқиб қилади. Фақат сен унга ҳалоллик эшикларини оч. Ризқ инсонга азалий насибадир. Сен уни топмасанг ҳам у сени топади. Ичадиган сувингни аниқ ичасан, ейдиган неъматингни албатта ейсан. Инсон  ризқи тугамагунича ўлмайди".

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo