Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азамат УСМОНОВ

06.08.2019


ОДАМЛАР ЗИММАСИДА ҚАНДАЙ АМАЛЛАР БОР?

Фарз - Аллоҳ таоло буюрган амал бўлиб, уни қилган киши савоб топади. Узрсиз бажармаган эса гуноҳкор бўлади. Унинг зарурлигига ишонмаган кофир ва имонсиз саналади.

Фарз амали қайси ҳолатларда кўринади?

- Аллоҳ таолога имон келтириш, беш вақт намозни ўқиш, Рамазон   ойида ҳар куни рўза тутиш, закот бериш ва Ҳаж қилиш.

Вожиб - ислом динида бажарилиши шарт бўлган амал. Уни бажарган киши савоб олади, бажармаганлар гуноҳкор бўлади. Вожиб амалга ишонмаган киши кофир ва имонсиз бўлмаса ҳам, катта гуноҳга ботади.

Қандай амаллар вожиб амалга киради?

- Витр намозини ўқиш, ҳайит намозларини ўқиш, садақа ва фитр бериш, қурбонлик сўйиш, Қуръондан сажда оятлари ўқилган пайтда сажда қилиш кабилар.

Суннат - Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қилган амаллари. Суннат амалини қилган киши савоб топади. Қилмаган киши гуноҳкор бўлмаса-да, қиёмат куни маломатга қолади, Пайғамбаримиз шафоатларига лойиқ бўлмайди.

Суннат амали нималарда кўринади?

Яхши ишларни "Бисмиллаҳир роҳманир роҳим", дея бошлаш, салом бериш, Қуръон ўқишни "Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим" сўзлари билан бошлаш ва ҳоказо.

Мустаҳаб - Пайғамбаримиз     Муҳаммад алайҳиссалом баъзан бажарган ва баъзан бажаришни лозим кўрмаган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Аммо қилмаса, гуноҳкор бўлмайди. Қиёмат куни азоб ва маломатга ҳам қолмайди.

Мустаҳаб амалига қандай юмушлар киради?

- Нафл намоз ўқиш ва нафл рўза тутиш, нафл садақа бериш ва доим таҳоратли юриш кабилар.

Мубоҳ - шундай амалки, қилинса ҳам, қилинмаса ҳам дуруст бўлаверади. Ундан киши савоб ҳам, гуноҳ ҳам топмайди. Қилиш-қилмаслик банданинг ихтиёридадир.

Қандай амаллар мубоҳга мисол бўлади?

- Ҳалол таомларни ейиш, ҳалол ичимликларни ичиш, ўтириш, туриш, юриш ва зарарсиз сўзларни сўзлаш.

Ҳаром - динимизда қатъий тақиқланган амалдир. Уни қилган киши қаттиқ гуноҳга ботади, уни ҳалол, дегувчилар кофир ва имонсиз ҳисобланади.

Қандай ишлар ҳаром қилинган?

- Ноҳақ одам ўлдириш, одамзодга ва ҳайвонотга зулм қилиш, ғийбат қилиш, ўғрилик, ёлғончилик, ароқхўрлик ва зинокорлик каби ишлар.

Макруҳ - ислом дини тақиқлаган амал. Макруҳни қилмаган киши савобга қолади, қилган киши эса азобланиши мумкин. Уни қилган киши кофир бўлмаса-да, гуноҳга ботади.

Макруҳ амал нималарда кўринади?

Масжидга туфлаш, (фаҳш) нағмаларга қулоқ солиш, одобсиз шеърларни куйлаб ҳофизлик қилиш, одамлар ичида масхарабозлик қилиш, уятсиз шеърларни битиш кабилар макруҳ амаллардир.

Мустакраҳ - шундай амалки, уни қилгандан кўра қилмаган яхшироқдир. Қилган киши гуноҳкор саналмаса-да, одобсиз бўлади. Қиёматда азобга қолиши мумкин.

Мустакраҳга қандай амаллар киради?

- Таомни катта-катта ейиш, бозорда, кўчада овқатланиш, баланд овоз билан кекириш ва ҳайқириб эснаш кабилар.

Амалларнинг яхши-ёмонини    фарқлаб, уларга риоя қилиш фақат фойдага хизмат қилади.

Азамат УСМОНОВ,

Касби туманидаги "Фазли" жоме масжиди имом-хатиби

Report typo