Дунёда кўп нарса унутилади:
Қашшоқлик, мартаба, қувонч, қайғулар.
Унутилиб борар муҳаббат дарди,
Унутилар йиллар, йўллар, туйғулар.
Қирқ йиллик адоват унутилар секин,
Унутилар ҳатто юракдаги дарз.
Яхшиларнинг меҳри унутилмас, лекин,
Унутилмас улар олдидаги қарз.
Суд-ҳуқуқ соҳасида кўп йиллар ибратли ва самарали хизмат қилиб, халқ ҳурматини қозонган инсонлардан бири Сирожиддин Саломовдир.
Сирожиддин ака қадимий Қаршининг эски шаҳар қисмида туғилиб вояга етди. Болалиги урушдан кейинги қийинчилик йилларига тўғри келганлиги боис фикран эрта улғайди, табиатан зеҳн-фаросатли бўлгани учун ён-атрофда юз бераётган воқеаларни теран мушоҳада қилишга ўрганди. У инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолатни қарор топтириш шарафли йўл эканлигини, ҳуқуқшунослик инсонларга наф келтирадиган касблигини жуда эрта англади. 1955 йилда ўрта мактабни тугатиб, ҳеч иккиланмасдан Ўрта Осиё давлат университетининг юридик факультетига ўқишга кирди.
Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Қарши шаҳар прокуратурасида стажёр сифатида бошлаб, сўнгра терговчи бўлиб ишлади. У кишининг бир фазилати – энг аввало, устозларидан ҳуқуқшунослик касбининг сир-асрорларини ғайрат билан ўрганганидадир. Соҳа раҳбарияти ҳам катта ишонч билдириб, 1964 йилда ёш бўлишига қарамай уни Қашқадарё вилоят прокуратурасининг тергов бўлими бошлиғи лавозимига муносиб кўрди. Сирожиддин ака бу лавозимда садоқат билан хизмат қилиб, ишончни оқлади. Шу сабабли уни 1968 йилда янада масъулиятли вазифага – вилоят прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинлашди. Сирожиддин ака бу лавозимда ҳам қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилишини назорат қилиш, қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш борасида катта ишларни амалга оширди.
Устоз Қарши шаҳар судида ишлаган даврида мен ҳам қарийб беш йил давомида у кишининг таълим-тарбиясини олиш бахтига мушарраф бўлганман. Сирожиддин ака ниҳоятда билимдон, тажрибали ва маҳоратли судья эдики, у кишининг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиш ва суд ишларига доир илк кўникмаларни ўзлаштириш мен учун катта сабоқ мактаби бўлган.
Устоз вақтни жуда қадрлар, иш вақтининг ҳар сониясидан унумли фойдаланар, иш ҳажмини иш вақтига мутаносиб тақсимлар, мендан ҳам шуни талаб қилар эди. Айниқса, суд мажлиси баённомасини суд мажлисининг ўзида ёзиб чиқишимга қаттиқ эътибор берар, мендек ғўр, ёш котибда шундай кўникмани шакллантириш учун неча ойлаб вақти ва асабларини аямаган эди.
Ўзи ҳам суд ҳукми ёки ажримини ҳамда тарафларга топшириладиган нусхаларни маслаҳатхонадан тайёрлаб чиқар, шу сабабдан унинг раислигида чиқарилган суд қарорлари ўқиб эшиттирилган заҳотиёқ зуд залининг ўзида тарафларга топширилган, бундан бошқача ҳолат жуда камдан-кам бўлган.
Чунки Сирожиддин Саломов фуқароларни овора қилишни, куттириб қўйишни ёқтирмасди, суд қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини ҳам батафсил тушунтириб берар эди. Қабулига келган ёшу қарига бирдек муносабатда бўлар, уларнинг арзларини сабр билан тинглаб, қисқа сўзлашув асносида улар қалбига йўл топа оларди.
Бу айтаётганларим техника воситалари ривожланган ҳозирги кунда оддий бўлиб туюлса-да, лекин судларнинг иш юкламаси ниҳоятда оғир ва шунинг баробарида техник имкониятлар жуда кам бўлган, ёзув-чизувлар асосан қўлда, нари борса механик машиналарда бажарилган ўша даврда буни уддалаш осон бўлмаган, деб ўйлайман.
У киши сўзга бой, рус тилини мукаммал биларди. Устознинг ўзбек ва рус тилларида бемалол сўзлашига, суд жараёнларини эркин олиб боришига, ҳар икки тилда ҳеч қийналмасдан суд қарорларини тузишига жуда ҳавас қилардим. Бунинг сабабини китобга меҳр қўйганларида деб биламан.
Ҳақиқатан ҳам китоб мутолааси устознинг севимли машғулотларидан бири эди. Кўп ўқирди ва китобсевар инсонга ҳам ўзгача илтифот кўрсатарди. Шахсий кутубхонаси жуда бой, унда исталган китобни топиш мумкин эди. Фарзандларига ҳам бу хислатни юқтирган, улар қатори мендан ҳам ўқиётган китобларим ҳақида сўраб, яхшисини ўзлари тавсия қилиб турарди.
- Отам жаҳон адабиётини жуда ёқтирарди, - дея хотирлайди у кишининг тўнғич ўғли Санжар Саломов. – Бўш вақт топилди, дегунча бизнинг қўлимизга ҳам китоб тутқазарди. Китоб инсон ҳаётида маёқ каби тўғри йўл кўрсатади, у инсоннинг энг яқин дўсти, дея таъкидларди. Отам тўғри йўлни кўрсатган экан, опам, мен ва укаларим олийгоҳларда ўқиб, билим олиб ҳаётда ўз ўрнимизни топдик. Отамнинг ўгитларини мен бугун ўз фарзандларимга уқтираман.
Устознинг суд ҳужжатларини расмийлаштириш санъатига кўпчилик тан берган. Суд қарорларини шунчалик қисқа, аниқ ва лўнда ёзар эдики, унга бир жумлани киритиш ортиқча, олиб ташласанг кемтик бўлиб қоларди. Ҳанузгача кўпчилик у кишининг бу маҳоратини тилдан қўймай гапириб юради.
Устознинг умр йўлларига назар ташласак, бу йўлда ҳаммаси силлиқ кечмаганига, ютуқлар билан бирга баъзи маваффақиятсизликлар, қийинчиликларга ҳам учраганига амин бўламиз.
Минг таассуфки, ана шундай қийинчиликларни ҳар сафар матонат ва сабот билан енгиб келган Сирожиддин ака тақдири азалнинг бир зарбасини, жондан азиз фарзанди Гулнозанинг бевақт ўлимини кўтара олмади. Фарзанд доғи у кишини тўшакка михлаб қўйди.
Аммо, оғир хасталиги туфайли умрининг қолган қарийб етти йилини тўшакда ўтказган Сирожиддин ака бир нафас ҳам эътибордан четда қолмади, доимо рафиқаси ва фарзандлари, уч ўғли ва қизи ардоғида бўлди, дўсту яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдлари доимо хабар олиб туришди.
Шу маънода Сирожиддин Саломов билан бирга яшаб умргузаронлик қилган, энг оғир дамларда суянч бўлган умр йўлдошининг хотиралари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак.
- Ажойиб, меҳрибон инсон билан тақдирим боғланганини чинакам бахт деб биламан, - дейди Гулчеҳра Махмудова. – Турмушда қандай муаммоларга дуч келмайлик, уларни биргаликда сабр-бардош билан енгишга, бир-биримизни доимо суяшга, асраб-авайлашга ҳаракат қилдик. Инсон бахтиёр яшаши учун ёнингдаги йўлдошинг сени тушуниши, қадрлай олиши керак. Мен ана шундай бахтга муяссар бўлган аёлман.
Сирожиддин Саломов 65 йил умр кўрган бўлса, шундан қирқ йилдан ортиғини ҳуқуқшунослик соҳасига бахшида этди. Бу касбни улуғлаб, адолат учун кураш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш йўлида куч-ғайратини аямади, халқ хизматига ҳамиша камарбаста бўлди.
Устознинг нуроний сиймоси, самимий жилмайиб турган юзлари шундоқ кўз олдимда турибди. Ўргатганлари ва панду насиҳатлари ҳамон ҳаёт йўлимда асқатмоқда. Шулар ҳақида ўйлаганимда ҳамиша устознинг руҳи олдида умрбод қарздор эканимни ҳис этаман.
Хайруллохон КАМОЛОВ,
ҳуқуқшунос