Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • ОДАМЛАРНИНГ ФАРОВОН ҲАЁТИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА САЛОҲИЯТИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ УЧУН ҚАШҚАДАРЁНИНГ ЧЕКСИЗ ИМКОНИЯТЛАРИ ТЎЛИҚ ИШГА СОЛИНАДИ

26.10.2023


ОДАМЛАРНИНГ ФАРОВОН ҲАЁТИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА САЛОҲИЯТИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ УЧУН ҚАШҚАДАРЁНИНГ ЧЕКСИЗ ИМКОНИЯТЛАРИ ТЎЛИҚ ИШГА СОЛИНАДИ

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли турмуши билан танишиш мақсадида 24-25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари бутун фаолияти давомида ҳар бир соҳа бўйича бевосита жойларга чиқиб, халқ билан мулоқот қилиб, аҳоли ҳаётидан келиб чиқиб иш юритади. Мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлардан асосий мақсад - қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш, туманларни саноатлаштириш, иш ўринларини кўпайтириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш. 

Бу жиҳатлар Қашқадарё вилоятига ташрифда ҳам намоён бўлди. Давлатимиз раҳбари дастлаб "Sulton Tex Group" кластерининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Бу корхона умумий қиймати 8 миллион 200 минг долларлик лойиҳа эвазига ўтган йили ишга тушган. Замонавий технология ва ускуналар самарасида йилига 5 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қуввати яратилган.

Эътиборлиси, кластер "янги маҳсулот - янги давлат" принципи асосида экспортни йўлга қўйган. Бугунги кунда сифатли товарлар Америка Қўшма Штатлари, Канада, Польша, Сингапур, Россия каби мамлакатларга тўлиқ экспорт қилинмоқда. Даромад, иш унумдорлиги ҳам шунга яраша юқори. Кластерда пахта етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирида 3 мингга яқин аҳоли меҳнат қилмоқда.

Президент корхонадаги иш жараёни билан танишди. Бундай лойиҳаларнинг вилоят иқтисодиёти ва аҳоли бандлигидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирилди. Мутасаддиларга бу соҳада имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди.

- Аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиш ислоҳотларимизнинг асоси бўлиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Маълумки, Қашқадарё вилоятида юртимиздаги энг кўп пахта етиштирилади. Лекин уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш ҳажми кам. Масалан, мато тўқиш ва бўяш йўлга қўйилса, туманларда қўшимча 60 минг кишини банд қилиш мумкин.

Шу мақсадда "20 минг тадбиркор - 500 минг малакали мутахассис"    дастури "Султон стайлз" корхонасида ҳам татбиқ этилмоқда. Амалий мономарказ ташкил этилиб, ишсиз аҳолини тўқимачилик касбига ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Бу жараён икки босқичли бўлиб, аввал хотин-қизларга корхонадаги технология ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш, меҳнат хавфсизлиги қоидалари ўргатилади. Кейинги босқичда улар мураббийларга бириктирилиб, бевосита иш ўринларида амалий билим ва кўникмаларни эгаллайди.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларида туризмни ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Қишлоқларда инфратузилмани яхшилаб, сайёҳлик йўналишларига киритиб, аҳоли учун даромад манбаларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифи чоғида режадан ташқари тарзда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борди.

Унинг биноси ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган. Шифохона 228 бемор ўрнига ва поликлиника 250 қатновга мўлжалланган. Ҳозирда тумандаги 243 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Лекин бу ердаги шароитлар шунча қамровга ва замон талабига мос эмас. Айрим жиҳозларни янгилашга зарурат бор.

Президентимиз тиббий бўлимлар ва хоналарга кириб, асл аҳволни кўздан кечирди. Бу ерга келган беморлар билан суҳбатлашди.

- Бугун Қашқадарёга келишимиздан мақсад вилоятнинг 3 ярим миллионлик аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш. Йўлдан ўтиб кетаётиб, шифохона қандай экан, деб кирдим. Ҳолатни ўзим кўриб, оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қарор қабул қилиш - менинг энг катта мақсад-муддаом. Аввал ҳам айтганимдек, таълим билан тиббиёт сифатли бўлса, одамлар рози бўлади. Кўп жойларда шифохоналарни яхши қилдик. Лекин Қарши туманидаги шароит менга маъқул эмас. Бугун кўрганларимдан хулоса қилиб, бу ерда янги шифохона қурамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бўлажак мажмуа ўрни ва лойиҳаси бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Келгусида у энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва дори воситалари билан бепул таъминланади. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар хорижга малака оширишга юборилади. Шу тариқа бу маскан бошқа туман шифохоналари ходимлари учун ўқув-амалиёт марказига айланади.

Шунингдек, ташриф чоғида кадрлар салоҳиятини ва тиббий хизматлар сифатини ошириш, шифохона атрофини тартибга келтириш масалалари ҳам айтиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев сафар дастурида назарда тутилмаган манзиллар билан танишишда давом этаркан, Қарши тумани маркази - Бешкент шаҳридаги 12-мактаб ҳам режалаштирилмаган ҳолда бориб кўрилди.

Бу ерда айни пайтда 1 минг 400 га яқин ўғил-қиз ўқимоқда. Уларга юздан ошиқ малакали педагоглар таълим бермоқда. Мактаб ўтган йили капитал таъмирланган. Ўқувчиларга битта касб-ҳунар ва иккита хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилган. Компьютер саводхонлиги, тикувчилик, дурадгорлик каби тўгараклар бор.

Давлатимиз раҳбари синфхоналарни кириб кўрди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб шароитлари, дарсликлар сифати билан қизиқди.

Айни кунларда юртимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва кўчат экиш авжида. Президентимиз мактаб мисолида шу борадаги ишларни кўздан кечирди. Мутасаддиларга ижтимоий муассасаларни иссиқлик билан таъминлаш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берилди. Ўз навбатида, мактабларнинг қурилиш стандартларини замонавийлаштириш, бунда инфратузилма билан таъминланганлик, функционаллик ва энергия самарадорлиги билан боғлиқ барча мезонларни назарда тутиш зарурлиги таъкидланди.

"Яшил макон" лойиҳаси доирасида мактаблар атрофида кўчат экиш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

- Мактаб бор жойда маданият бўлади. Педагоглар бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак. Мактаб атрофи обод бўлиб, мавсумий гуллар яшнаб турса, ёшларга ҳам тарбия, ҳам даъват бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳридаги Ойдин маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши, ҳудуддаги ободлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан яқиндан танишди.

Бу ерда 11 мингга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда иккита мактабгача таълим ташкилоти, битта умумтаълим мактаби мавжуд. Жорий йилда яна учта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаси, тикувчилик ва ҳунармандчилик яхши ривожланган. Хусусан, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, умумий овқатланиш шохобчаси ва бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Уларда маҳаллий аҳоли, хусусан, ёшлар иш билан банд.

Жорий йилда маҳалладаги икки юз нафардан ортиқ ишсиз аҳоли  доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. Яна қарийб шунча фуқаро "Ишга марҳамат" мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасалари орқали ўқитилди. Уларнинг 191 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида иш бошлаган.

Маҳалла фаоллари Президентга ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Бу ердаги кўп қаватли уйларда илгари тўртта оғир тоифадаги ширкат бўлган. Коммунал хизматларда муаммолар кўп эди. "Ойдин бошқарув сервис компанияси" ташкил этилиб, хизмат сифати яхшиланди.

Мавсум олдидан кўп қаватли    уйларда куз-қиш мавсумига зарур чоралар кўрилди. Хусусан, ўнта уйнинг томи, юздан ортиқ йўлаклар таъмирланди, иссиқлик қувурлари изоляция қилинди.

Ҳудуд кўкаламзорлаштирилган. "Яшил макон" лойиҳаси доирасида олти минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган. Кўчалар асфальтланган, ёритқичлар ўрнатилган. Икки километрлик пиёдалар йўлакчаси ташкил этилган.

Қарши шаҳри масъуллари, маҳалла "еттилиги" ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Маълумки, юртимизда барча ижтимоий чора-тадбирлар маҳаллаларда, халқ билан биргаликда ташкил қилинмоқда. Бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилиб, энди янада кенг ваколат ва имкониятлар берилмоқда. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тизимга солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, "маҳалла еттилиги" жорий этилмоқда. Келгуси йилдан "Маҳалла бюджети" тизими тўлиқ жорий қилинади. Бу - ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бўлади, дегани. Шунингдек, амалдаги учта платформа - "Онлайн маҳалла", "Хотин-қизлар", "Ёшлар портали" ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади.

Президентимиз мазкур тизимни самарали ишлатиш, бундай кенг ваколат ва маблағлардан фойдаланиб, маҳалладаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади. Аҳолини тадбиркорликка, хотин-қизларни касб-ҳунарларга жалб этиб, даромадини ошириш, ёшлар учун маданий тадбирлар, мусобақалар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари маҳалладаги 11-уйда яшовчи Дилшод Набиев хонадонида меҳмон бўлди. Оила бошлиғи институтда ўқитувчи. Турмуш ўртоғи Ҳурриятхон билан икки фарзандни вояга етказмоқда. Улар ўз турмуши ва меҳнат фаолияти, болаларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Президент маҳалланинг янги маркази - маҳалла гузари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўздан кечирди. Шу ерда нуронийлар билан мулоқот бўлди.

Қарши шаҳрида Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиали барпо этилди. Президент Шавкат Мирзиёев    Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу муассасани бориб кўрди.

Жорий йил 8 сентябрда давлатимиз раҳбарининг "Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика Она ва бола скрининг маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Шунингдек, қарорда мазкур марказнинг 14 та ҳудудий филиаллари ташкил этилиши белгиланган.

Қашқадарёдаги ушбу муассаса ҳамма талабларга жавоб берадиган дастлабки шундай марказлардан бири.

Қарийб тўрт гектарлик ҳудудда тўрт қаватли замонавий бинолар барпо этилган. Барча бўлимлар энг сўнгги русумдаги илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган. Юртимизда вилоятлар миқёсида ҳали бундай улкан ва замонавий тиббиёт маркази йўқ, дейиш мумкин.

Бу ерда 200 ўринли вилоят перинатал маркази, 200 ўринли шаҳар туғруқхонаси, 50 қатновли скрининг маркази ва 50 қатновли репродуктив марказ ягона мажмуада жамланди. Туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларга туғруқ ва туғруқдан кейинги даврларда битта марказда ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди. Марказ ишга тушгач, бу ерда бир ярим минг нафар тиббиёт ходими фаолият олиб боради.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароит ва қулайликлар билан танишди. Германия, Беларусь ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида шифокорларнинг малакасини ошириш, марказда профилактика ва даволашнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Келгусида марказда йилига 8 минг нафардан зиёд патологик туғруқларни қабул қилиш имкони яратилади. Бу кўплаб оналар ҳаётини сақлашда муҳим.

Марказда, шунингдек, каминвазив ва лапароскопик амалиёт турлари 42 тага етказилади. Тубэктомия, кистоэктомия, миомоэктомия ва вентрофиксация амалиётлари йўлга қўйилади. Ўсмир қизлар, аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оналикка тайёрлашдан бошлаб, ҳомиладорликда антенатал парвариш, скрининг, туғруқ ҳамда кейинги она ва бола парвариши жараёнлари бир жойнинг ўзида ташкил этилади.

Марказ 860 дан ортиқ маҳалла  доялари билан мунтазам алоқада бўлади. Ягона электрон база орқали вилоятнинг барча ҳудудларидаги ҳомиладорлар ва туғиш ёшидаги аёллар қамраб олинади. Ўн еттита марказий кўп тармоқли поликлиника таркибидаги аёллар маслаҳатхонаси ва ўн саккизта туғруқ мажмуаси билан алоқа ўрнатилади.

Бу орқали марказ хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий   текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради. Никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади. Ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди.

Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кетмоқда. Коммунал тармоқлар қайта кўриб чиқилиб, иссиқлик корхоналари модернизация қилинмоқда. 

 Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи давомида вилоят "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонасининг Қарши шаҳрида янгидан бунёд этилган марказий қозонхонасини бориб кўрди.

Ушбу мажмуа 12 Гкал қувватга эга. Бу ерга Туркиядан келтирилган 14 МВтли учта қозон ўрнатилди. Бунинг эвазига йилига 1,7 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконияти яратилди.

Марказ қурилиши жараёнида ҳудудга олти километр қопламали қувур тортилди. Иссиқлик тармоқлари ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.

Ушбу мажмуанинг фойдаланишга топширилиши 38 та кўп қаватли уйдаги бир ярим мингдан зиёд хонадон ҳамда учта ижтимоий объектни иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлайди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга қишга тайёргарлик ишларини сифатли бажариб, энергия ва иссиқлик таъминотини барқарор қилиш, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа жойлашган Наво маҳалласини ҳам кўздан кечириб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Қарши шаҳридаги "Қавали" кичик саноат зонасида жойлашган бир қатор корхоналар билан танишди.

Саноат зонасининг ер майдони олти гектар бўлиб, муҳандислик инфратузилмаси яхши ташкил этилган, транспортга жуда қулай. Шу боис ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда.

Ҳозир бу ерда қурилиш материаллари, мебелсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати йўналишидаги 11 та лойиҳа жойлаштирилган. Шундан тўрттаси ишга туширилган бўлиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Давлатимиз раҳбари улардаги иш жараёнини, маҳсулотларни кўздан кечирди.

"Pegas" корхонасида темирни қайта ишлаш, лак-бўёқ, эшиклар ҳамда текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳанинг қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд бўлиб, бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилди. Корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб юқори. Кейинги босқичда қурилиш соҳасида муҳим саналган бошқа хомашёлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна шунча янги иш ўрни яратилади.

"1-сон комплекс лойиҳа қурилиш-монтаж" хусусий корхонаси ҳам қурилиш материалларига ихтисослашган. Умумий қиймати 18,5 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа йилига қарийб 2 миллион квадрат метр профнастил ва 250 минг квадрат метр сэндвич панеллар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада ҳозирда 45 киши меҳнат қилмоқда. Маҳсулот ҳажми ортиши эвазига келгусида иш ўринлари сони ортиши мўлжалланмоқда.

"Karshi W and D Factory" корхонасида 50 турдаги эшиклар, юмшоқ ва қаттиқ мебеллар ишлаб чиқарилади. Бу лойиҳага 8,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, Германия, Туркия ва Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Корхонада 26 та янги иш ўрни яратилди.

Саноат зонасида яна еттита инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Улар ишга тушса, яна 725 нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Президентимиз шу ерда Хитой давлатидан келтирилган замонавий автобус ва микроавтобусларни кўздан кечирди. Тадбиркор Нарзулло Намозовнинг айтишича, 60 ўринли автобусларга талаб юқори. Қашқадарёга ундан 30 та олиб келинган, жами 100 тага етказиш режалаштирилган. Келгусида бундай қулай автобуслар Қарши - Шаҳрисабз ва Қарши - Китоб йўналишларида қатнай бошлайди.

Давлатимиз раҳбари ҳунарманд-тадбиркор Дилором Қувватова билан ҳам мулоқот қилди. Узоқ йиллар хорижда ишлаган бу аёл тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни эшитиб, юртимизга қайтиб келган. Бугун унинг бошчилигида тикилаётган кўрпа-ёстиқ, тўн ва бошқа маҳсулотлар воҳада харидоргир.

Д.Қувватова тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан мамнунлигини, келгусида иш ўринларини 300 тага етказишни мақсад қилганини айтди.

Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2024 йилга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, келгуси йил тўғридан-тўғри хорижий сармоя ва кредитлар эвазига жами 4 миллиард долларлик 36 та йирик лойиҳа, 656 миллион долларлик 114 та ҳудудий лойиҳа шакллантирилган. Улар нефть-газ, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва қурилиш саноати, туризм, қишлоқ хўжалиги тармоқларида бўлиб, асосан, маҳаллийлаштириш ва қайта ишлашдаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган.

Қарши шаҳрида 25 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Дунёда зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани, бефарқлик, ўзибўларчилик кайфияти билан ривожланиб бўлмаслиги таъкидланди.

- Мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва келажаги учун янги корхоналар, янги бозорлар, инвестиция, иш ўринлари, катта-катта тушумлар керак. Жаҳон бозоридаги тебранишлар, ҳамкор давлатлардаги савдо чекловлари давом этаверса, маҳсулотларни қаерга ва қандай сотиш керак? Бунинг учун қайси корхонага қандай кўмак бериш зарур, - дея саволлар қўйди Шавкат Мирзиёев.

Шу нуқтаи назардан, йиғилишда асосий эътибор саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилди.

Масалан, Деҳқонобод, Китоб ва Қарши туманларидаги саноат зоналарида 100 гектар ер бўш турибди. Тадбиркорлар уларга 300 миллион доллар инвестиция киритиб, 3 минг 500 та иш ўрни яратиш ташаббуси билан чиққан. Шунингдек, гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 50 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш имконияти бор.

Давлат раҳбари Қашқадарё иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклигини айтди. Вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда ўсиш суръатлари республика кўрсаткичидан 3 баробар кам. Айниқса, кичик бизнеснинг саноатдаги улуши энг охирги ўринларда.

Масалан, Қашқадарёда йилига 150 минг тонна полиэтилен грануласи ишлаб чиқарилса-да, унинг атиги 4 фоизи вилоятнинг ўзида қайта ишланади. Қамашида цемент, гипс ва мармар, Шаҳрисабз туманида графит, Яккабоғда кварц қуми, Чироқчида  марганец, Китобда доломит ва чинни конлари негизида кўп маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин.

Вилоятда йилнинг тўрт мавсумида ҳам туристларни жалб қилиш салоҳияти бор. Лекин, бу ҳозир Шаҳрисабз шаҳри ва тоғли туманлар билан чегараланган. Йил бошидан бери Қашқадарёга 180 минг нафар хорижий сайёҳ келгани ҳолда, қўшни Самарқанд ва Бухорога 3,5 миллион келган.

Давлатимиз раҳбари қулай инфратузилма яратиб, туристларни кўпайтириш йўлларини кўрсатиб ўтди.

Хусусан, германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз туманидаги 3 та туризм маҳалласи мастер-режаси тайёрланган. Бунда 450 миллион доллар қўшимча инвестиция ва йилига 1 миллион сайёҳ жалб этадиган инфратузилма яратилади. Архитектура ечимлари қўллангани учун тадбиркорларда соҳага иштиёқ кучайди. Бунинг ҳисобидан Шаҳрисабзнинг ўзида йилига қўшимча 500 миллиард сўм тушум кутилаяпти, 5 мингта янги доимий иш ўрни пайдо бўлаяпти.

Шу мақсадда Шаҳрисабз аэропортида фуқаро авиацияси йўлга қўйилади. 1 январдан бошлаб, у ердан Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятларига маҳаллий рейслар кўпайтирилади. Тошкент - Қарши йўналишида авиарейслар ҳафтасига 2 мартадан 7 мартага оширилади. Натижада авиачипталар нархи 2 баробар арзонлашиши, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар 3 баробар кўпайиши мўлжалланган.

Шунингдек, вилоятга автотранспортда келишни қулайлаштириш мақсадида "Тахтақорача" довонидан ўтиш талаблари енгиллаштирилади. Келгуси йилда довонда янги тоннель ва йўл қуриш лойиҳаси бошланади. Самарқанд билан Шаҳрисабзни боғловчи 30 километр йўл ҳамда Ғузор - Бухоро йўлининг 100 километр қисми таъмирланади.

Умуман, келгуси йилда хорижий сайёҳларни 500 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам салоҳият катта. Қашқадарё республикада энг кўп дон ва пахта етказиб беради. Лекин вилоятда иш ўрнини кўп яратадиган мато тўқиш 30 фоиздан ошмайди, матони бўяш йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, бунинг ҳисобидан қўшимча 60 минг ёшлар ва аёлларни банд қилиб, 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкин.

Шу боис келгуси йилда вилоятда 370 миллион долларлик 33 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш 1,6 баробар, мато ишлаб чиқариш 3,1 баробар ошиб, 8 мингта иш ўрни яратилади.

Вилоятда Тўқимачилик технопаркини ташкил қилиш ва у ерга Европанинг таниқли брендларини олиб келиш зарурлиги қайд этилди.

Вилоятда 1,4 миллион гектар яйлов бор. Бу - 7 миллион бош қорамол ва қуй-эчки учун табиий озуқа базаси. Лекин Миришкор, Муборак ва Нишонда 20 фоиз яйлов деградацияга учраган, яна 25 фоизида майса йўқ.

Шу боис, келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастури амалга оширилиши айтилди. Бунда қурғоқчилик, иссиқ ва чўлланишга қарши уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинади, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар экилади, дарахтзорлар барпо қилинади, сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Қуёш энергиясида ишлайдиган насослар ўрнатилиб, ёмғирлатиб суғориш пилот   лойиҳаси ишга туширилади.

Бундан ташқари, Чорва моллари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил қилиниб, Испаниянинг "Ассаф" қўйларидан янги миллий зотлар кўпайтирилади.

Мутасаддиларга 1,4 миллион гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш ва 100 минг аҳолини банд қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент экинларни сув билан таъминлаш масаласи йилдан йилга қийинлашиб бораётганига тўхталди. Бу муаммо Қашқадарё учун айниқса долзарб. Лекин сув тежовчи технологиялар 515 минг гектардан атиги 16 фоизида жорий қилинган.

Шу боис, вилоятга 15 та лазерли текислаш техникаси олиб келиниб, сув таъминоти оғир Косон, Миришкор, Касби ва Нишонда деҳқонларга арзон ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Суғориш тармоғини босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиб, 30 фоиз сувни тежаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга каналларни бетонлаш, қўшимча насос ва техника олиш, "Пахтаобод" каналини модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда электротехника, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари каби соҳалар учун кадрлар тайёрлаш яхши йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди. Масалан, Қарши шаҳридан ташқари бошқа бирорта туманда IT марказлар фаолияти йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, 60 та коллежнинг бўш турган майдонларида ҳам ишлаб чиқариш, ҳам амалий таълимни йўлга қўйса бўлади.

Президент китоблик тадбиркорнинг IT кластер ва университет очиш ташаббусини маъқуллади.

Вилоят ва туман ҳокимларига ҳар бир тумандаги иш берувчиларнинг ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёжини аниқлаш, таълим муассасаларида иш берувчиларнинг амалий устахонаси ва цехларини очиш топширилди. Бу ишларга 30 миллиард сўм ажратилади.

Воҳа аҳолисининг 42 фоизида  ортиқча вазн муаммоси сабаб юрак қон-томир ва қандли диабет касаллиги кўпайгани қайд этилди. Президент бу ҳолатдан ташвиш билдириб, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш ва вилоятда соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, россиялик ҳамкорлар билан Китобда замонавий кардиология маркази барпо этилади. Мобиль поликлиникалар хизмати йўлга қўйилади, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида 600 ўринли замонавий клиника ташкил қилинади.

Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов келгуси йилда 1 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 40 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, 500 миллион доллар экспортни амалга ошириб, 200 миллион доллар импортни қисқартириш, 500 минг хорижий сайёҳ жалб қилиб, 550 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича режаларини маълум қилди.

Йиғилишда кўтарилган ҳар бир масала бўйича вазирлар ва ҳокимлар тенгма-тенг ҳисобот берди.

Шу билан Қашқадарёга ташриф якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб кетди.

Report typo