Сараланган сатрлар
"Вақт ўтаяпти, дейишади. Йўқ, вақт жойида турибди - биз ўтаяпмиз". Бу ҳикматда жуда катта ҳаётий ҳақиқат мужассам. Англаш эса ҳаммагаям насиб этаверадиган хусусият эмас. Зотан, кундалик арзирли-арзимас ташвишлар билан кунимиз ўтиб бораверади - шу орада асосан моддий истаклар хуружи асносида нималаргадир эга бўлиш умидида еламиз, югурамиз - ўша интилганимиз гоҳ насиб этади, гоҳо эса йўқ. Айримлар умр адоғида беҳуда ҳою ҳаваслар кўйида елиб-чопганини тан олса, кимгадир қаттиқ ҳаётий зарба ўзлигини тафтиш этиши учун кифоя қилади ва ана шундай саволларга дуч келади: бу ҳаётда яшашдан мақсад нима? Шу вақтгача эришганларинг баҳоси нимага арзийди - изингдан қолар матоҳ учун шунча қайғуриб, умрингни елга совурдингми? Кимга фойданг тегди? Бошқаларга етказган манфаатинг борми? Якунинг не бўлади? Бу каби саволларга жавобидан қониққан киши борки, яшадим, деса арзийди. Аксинча бўлса...
Эркин Аъзам қаламига мансуб "Жавоб" қиссаси кишини ана шу масалаларда ўйлашга ундайди. Ёзувчига хос гўзал ифода, киноя, кесатиқлар, оламни ўзига хос кўринишда англаш ўқувчини таъсирлантирмасдан қолмайди. Демак, бугун саралаганларимиз шу асардан.
* * *
Тўғри, одам, одамзоднинг феъл-атвори ўзгариши мумкин, ҳаётга, теваракдагиларга муносабати бошқача тус олиши ҳам раво, бироқ моҳияти қолади, ўзгармайди: яхши яхшилигича, ёмон ёмонлигича. У бировларнинг назаридагина бегона сиёққа киради; буни кўпинча вазият, туриш-турмушимиз белгилайди.
* * *
Элчиевга ўхшаган одам ҳамма жойдан, ҳамма идорадан топилади. Улар мажлису машваратларда ҳадеб кўзга чалинавермайди, ҳал қилувчи овозга ҳам эга эмас, лозим пайтдагина эл қатори қўл кўтариб ёки чапак чалиб қўяди, холос. Байрам кунларию бирон бир ёруғлик тегадиган тақсимот чоғларида ҳам бунақаларни камдан-кам тилга оламиз. Лекин, барчани шуларсиз тасаввур этиб бўлмайди: оммавий саҳналарга одам керак-ку! Мушкул вазиятларда, айниқса, бировнинг бошига ташвиш тушганда ўша заҳоти уларни қидириб қоламиз: беғараз, беминнат, ишончли. Баъзилар ҳафталаб ишхонада кўринмаслиги мумкин, аммо у бир соат бўлмаса, дарров билинади-қўяди - ўрни бор, ўрни! Камтарин, камписанд, лекин бошқа одам босолмайдиган, бошқа одам ярашмайдиган ўрни!
* * *
Булар ҳаммаси энди туш, "Маҳаллада дув-дув гап" ёки "Гуллар очилганда" сингари ўша йилларга дохил кинофильмларни кўрганда ёдга тушадиган, эслаганингиз сари эслагингиз, оғушида қайта-қайта яшагингиз келадиган туш. У вақтларда ташвиш йўқ эдими, ғам йўқ эдими? Бор эди, ҳаммаси бор эди. Билинмасди. Бугунга келиб эса, ўшандаги ғам-ташвишлар ҳам тотли туюлади, хотиралар қатидан ўзгача жилва билан намоён бўлади. Ёшлик экан.
* * *
Ажаб, бандасининг ҳар бир қадами, ҳар бир қилмиши бошқаларига минг бир изу минг бир ип билан боғланган экан! Бунда тасодиф йўқ, тадбир йўқ - тақдир бор, пешона бор!
* * *
Бировнинг бошига иш тушса, қўшилишиб қайғуриш, унга кўмаклашишдан кўра, чеккадан туриб томоша қилиш, чеккадан туриб ҳамдардлик кўрсатиш ўнғайроқ. Ўша савдо ўзимизнинг бошимизга тушганда-чи, ҳаммадан яккаш мурувват, меҳрибонлик кутамиз, дуч келганнинг оғзига қараймиз: нима дер экан? Ваҳоланки, улар томошабин, яхшидир-ёмондир, яқиндир-ёвуқдир - бари бир томошабин, холос. Худди ўзимизга ўхшаган, ўзимиздек. Зеро, одамзод табиатан томошага ишқибоз. Томошабиннинг эса тили бор, тилнинг ҳоли маълум - суяксиз, ҳар балони сайрайверади.
* * *
Фарзанднинг ўсиши, улғайиши ота-онага унчалик билинмас экан. Кўз ўнгингизда кечади-да ҳаммаси. Илк қадам қўйганида суюнасиз, бола ўсяпти, дейсиз; мактабга борганида тағин шодланасиз - бола ўсяпти; бир куни кўчадан ғалва кўтариб қайтганида ҳам шундай - бола-да, деб қўясиз; пайти етиб мустақиллик даъво қилганида-чи, бола, ўзимнинг болам, қаранг, улғайиб қолибди, дея ғурурланасиз; ахийри, бир кун раъйингизга қарши чиқади, гапингизни қайтариб ташлайди - оғринасиз, койиб берасиз, жазолайсиз ҳам, лекин бари бир, болам дейсиз, ҳали эси киради, пушаймон бўлади, узр сўрайди, ўзимники, ўзимнинг пуштикамаримдан бўлган, жигаримнинг қони, дилимнинг дармонидан яралган - қайга борарди! Бир умр шундай, бир умр. Кўзингиз юмилаётган чоғда ҳам шу - болам, болам, менсиз нима қилади, ҳоли не кечади? Ваҳоланки, энди у сизни эмас, ўз фарзандини ўйлайди, ўз фарзанди учун қайғуради, куйиб-ёнади - худди сиздек, сизнинг ўзингиздек. Бу туйғуни унга сиз бергансиз, ўзингиз бергансиз, мерос қилиб!
* * *
Хулоса - экканингизни ўрасиз. Экинг, экаверинг, аммо нимани экяпсиз, қандай экяпсиз, парвариши қанақа - ўйланг, ўйланг! Акс ҳолда, бор саъй-ҳаракатингиз, ҳою ҳавасларингиз, чеккан жон-жафоларингиз - бари бефойда, беҳуда... чумчуққа дон ташлагандек бир гап! Чумчуқ нима, сепганингизни чўқийди, жиғилдонга жойлайди, жойлайдию пирр этади, учади-кетади. Донни ким сочди, нима ниятда сочди - унга бари бир, хўрак бўлса бўлди!
* * *
Ўжарликка келганда... бу қалтис хислат. Баъзан шу феъли туфайли биров осмонга чиқиб кетади, баъзан шунинг касридан осмон баробар ерга келиб урилиб чанги чиқади, хор бўлади. Ўжарлик ярашганга ярашади, эплаган, тепасида қудратли бир эпкин эсиб турган одам қилади бу ишни.
* * *
Одамзод бир-бирини тушунса, аяса, осмондан қору ёмғирдан бўлак нимаям ёғарди! Ўша, бало деганимизни ҳам одам боласи ўйлаб топган-да ахир. Энди бўлса, ўзи шунга чора қидириб сарсон!
* * *
Маънавий бой бўлиш яхши, лекин мол-мулкли бой бўлиш-чи, ёқмайдими? Бунақа бойнинг маънавий дунёси ҳам қашшоқ бўлмайди, билсанг! Негаки, давлат орттирмоқ учун ҳам ақл керак, фаросату тадбиркорлик керак.
* * *
Умуман, бошингиз ёстиққа тегмасин, айниқса, бунақа кўргилик билан касалхонага тушманг экан: одамнинг кети узилмайди, кўз кўрган анчайин кимса борки, йўқлаб келаверади. Кўпчилиги жонкуяр таниш-билишлар, ёр-оғайнию қўни-қўшни, ҳамкасблар, албатта. Баъзилар: "Қани, қанақа бўларкан?" дея азбаройи қизиқувчанлик важидан келса, "кўз кўзга тушганда ноқулай бўлиши"ни ўйлаб, шунчаки бурч юзасидан келувчилар ҳам топилади. Энг ёмони - кўрганда жинингиз қўзийдиган, дардингиз ўн чандон кучаядиган кимсалар тоифасининг ташрифи. Лекин, иложингиз қанча: сизни кўргани, ҳолингиздан хабар олгани атай вақт сарфлаб келган, бир фасл тўзим берсин, башарасига бақрайиб ўтиришга, жўнаётганида қайта-қайта раҳматлар айтиб қолишга мажбурсиз - таомили шу!
* * *
Нафсиламри, энг оқил, энг адолатли йўл шу эмасми? Гуноҳ қилганга жавоб - жазо, савоб иш қилганга жавоб - сийлов... Қанийди, ҳамма ҳам ана шуни билса, ана шунга ишонса, амал қилса!..
* * *
Ҳа, кўпинча шундай бўлади: кимнидир бировни орқаваротдан ёмон кўриб, ёмонлаб юрамиз - бекордан-бекор, бесабаб. Балки у чиндан ҳам бемаза одамдир, балки олижаноб инсон деганлари шу чиқар - билмаймиз-да.
* * *
Баҳайбат чинорлар пойидаги бир текис майсазорга тикиларкан, узоқ йили худди мана шундай авжи кўкламда отасини ерга қўйганлари эсига тушди. Бир-икки кундан кейин ака-укалар зиёрат қилгани мозорга боришса - дўмпайган қабр усти бир текис тиниқ майса билан қопланиб улгурибди. Ўшанда ўйлаб кўрмаган экан, ҳозир дафъатан ҳайратга чўмди: майса унга чинакам мўъжизадек туюлди. Рост-да, шундай қилтириқ, нозик-нимжон бир гиёҳ тупроқ қатламини ёриб, ўзига йўл очади-я! Ҳар баҳор! Нимага талпинади у, нимага интилади? Қуёшгами, ёруғ оламгами? Ҳа, қуёшга, демакки - яшашга! Ҳаётга!
* * *
Одам боласи борки, мавриди келиб бир кун муқаррар кечаги кунини, бугунию эртасини бир сидра тарозига солиб кўради, шундан муносиб хулосалар чиқаради. Бинобарин, бу дунёда ҳар ким ўзича файласуф, ҳар кимнинг ўз аъмол, ўз ақидаси бор, бировники бировга андоза бўлолмайди. Қаердандир эшитган эди: ана шуни англаб етиш учун одамзод умрида лоақал бир марта жиддийроқ синовни бошдан кечирмоғи, қаттиқ бир ларзага тушиб кўрмоғи шарт экан. Токи, кўзи ярқ очилиб кетсин! Бўлмаса, дунёдан дийдаси юмуқлигича, гумроҳ ҳолда ўтиб кетаверади.
* * *
Элчиев бу қалтис сарҳисобда алам-надомат билан шунга амин бўлдики, қашшоқ, завқдан бебаҳра яшабди. Жўнгина рўзгузаронлик! Оддий қумурсқага хос тирикчилик ғами! Куним ўтиб турибди-ку, қорним тўқ, устим бут-ку, деб юраверибди - кўнгил тўқлигини ўйлаб ҳам кўрмабди. Ахир, одам кун санамоқ учун келадими бу дунёга? Эсиз умр!
* * *
Ҳеч ким онадан қўрқоқ ёки ботир бўлиб туғилмайди, теварак-муҳит, қолаверса, ўзининг феъл-атвори шунга олиб келади. Қарабсизки, кўзига ҳеч нима кўринмайдиган ўт-олов ўспирин бир кун бориб аянч кимсага, соясидан ҳам чўчийдиган қўрқоққа айланибди.
* * *
Камтаринлик соз, камсуқумлик соз, бироқ, бунинг эвазига келадиган мукофот садақага, гоҳо ҳақоратга ўхшамайдими? Ахир, бировларнинг мурувватига таянибгина яшаш оғир. У ишончсиз нарса. У бир фором шабада, эпкин мисол - эсганида хуш ёқади, аммо эсмай қолиши ҳам мумкинлигини ёдда тутиш керак. Одам ўзи ўшанақа шабада таратмоғи лозим, токи истаган чоғи...
* * *
Ҳаёт деганлари саволлардан иборат экан; одамзоднинг бурчи, аъмоли - ана шу саволларга муносиб жавоб қайтармоқ, ҳар бирига ўз вақтида, бақадри имкон муносабат билдирмоқдир. Зеро, эртанги куни, тақдири шунга боғлиқ.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.