Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ОДАМЗОД ЎЗИНИ АДОЛАТЛИ ҚИЛИБ КЎРСАТИШИ ЭМАС, БАЛКИ ЧИНДАН ҲАМ ОДИЛ БЎЛИШИ КЕРАК

Абдишукур ОМОНОВ

22.10.2019


ОДАМЗОД ЎЗИНИ АДОЛАТЛИ ҚИЛИБ КЎРСАТИШИ ЭМАС, БАЛКИ ЧИНДАН ҲАМ ОДИЛ БЎЛИШИ КЕРАК

Инсоният тарихида буюк мутафаккир сифатида ном қолдирган, милоддан аввалги 427-347 йилларда яшаган файласуф Афлотуннинг "Давлат", "Қонунлар", "Сиёсат" каби асарлари ҳануз катта қизиқиш билан ўрганиб келинади. Зеро, бу асарларда идеал давлат қуриш, сиёсат юритиш, қонунлар яратиш ва ижросини таъминлашга оид қизиқарли маълумотлар бор. Унинг фикрича, табиий эҳтиёж туфайли давлат пайдо бўлган ҳамда инсониятнинг тараққиётга эришиши билан давлат ҳам ўзгариб боради.

"Давлат" асарида баён қилинишича, жамиятда уч табақа, яъни бошқарувчи файласуфлар, давлатни ҳимоя қилувчи ҳарбийлар ва моддий, маънавий бойлик яратувчи деҳқонлар, ҳунармандлар ҳамда бошқалар бўлади.    Бошқарувчилар ва ҳарбийлар хусусий мулкка эга бўлмайди. Афлотуннинг фикрича, давлат катта мулкдорлар, зодагонлар қўлига ўтиб қолса, озчилик бойларга нисбатан кўпчилик камбағалларнинг нафрати ошиб боради. Афлотуннинг идеал давлати - яхшиларнинг адолатли бошқарувидир.

Ушбу асарда қайд қилинишича, суҳбатларнинг бирида Главкон Суқротга: "Адолатсиз ишлар қилишни ҳамма яхши кўради. Одамлар фақат давлат қонунларидан ва жамоатчилик фикридан қўрққани учун ўзларини ноҳақ ишлардан тийиб туришади. Инсон қулай имконият топиши билан ноҳақ ишлар ёрдамида мол-дунё, мансаб, обрў топишга киришади", дея эътироз билдирган ва бу фикрини асослаш учун Эсхилнинг "Фивага қарши еттовлон" драмасидан: "Одамзод ўзини адолатли қилиб кўрсатиши керак эмас, балки чиндан ҳам одил бўлиши керак", деган фикрини келтирган.

Мутафаккирнинг "Қонунлар" асарида фуқаролар хусусий мулк сифатида эмас, фақат эгалик ҳуқуқи асосида ер участкаси ва уй-жойлардан фойдаланиши кераклиги, давлат тепасида кўп босқичли сайловлар воситасида сайланувчи 50 ва 70 ёш оралиғидаги 37 бошқарувчи туриши зарурлиги, барча муҳим масалалар 360 кишидан иборат сайланувчи Кенгаш томонидан ҳал қилиниши кераклиги таъкидланган. Афлотун демократияни ёқимли ва ранг-баранг, лекин етарли даражада бошқариб бўлмайдиган тузум сифатида баҳолаган.

"Сиёсат" асарида ҳам бир қатор масалалар юзасидан фикр юритилган. Ҳукмдор одамларни бошқариш санъатига эга бўлиши ва бу бошқаришда қонунларга риоя этиши шартлиги таъкидланган. Қонунлар бир томондан бошқарувчилар ҳокимиятини ва иккинчи томондан бошқарилувчилар эркини чеклаб туриши керак. Қонунлар маҳаллий шароитлар ва анъанавий-ахлоқий жиҳатдан яхши урф-одатларга зид бўлмаслиги лозим. Қонун чиқарувчи ўз қонунлари ижросини таъминламаса ёки унга ўзи амал қилмаса, бу қонунлар ишламайди, одамлар қонунларни билмайдилар ва унга бефарқ бўладилар.

Улуғ мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий (1441-1501)нинг сиёсат, давлат ва бошқарув, қонун ва қоидаларга оид қарашлари ҳам муҳим аҳамиятга молик. Бу қарашлар "Хамса", "Вақфия", "Тарихи мулуки ажам", "Маҳбуб ул-қулуб", "Ғаройиб ус-сиғар" каби ўттиздан ошиқ асарларида ўз ифодасини топган.

Алишер Навоий дастлаб адолатли подшоҳ ғоясини, сўнгра адолатсиз давлатларни тугатиб марказлашган адолатли давлат тузиш ғоясини илгари сурган. Халқнинг илмли бўлишини истаган: "Илмни ким воситаи жоҳ этар, Ўзнию халқини гумроҳ этар".

Мутафаккир подшоҳ саройида муҳрдор, вазир ва бошқа вазифаларда ишлаб, сарой муҳити, у ердаги яхши ва ёмон ишлар, ҳасад, ғийбат ва туҳмат билан боғлиқ сарой ўйинларини яхши билган, бошидан ўтказган. Навоийнинг фикрича, давлат бошлиғи - шоҳ қандай бўлса, унинг қўл остидагилар ҳам шундай бўлади. Шоҳ эътиборсиз, бефарқ ёки адолатсиз бўлса, катта-кичик барча амалдорлар халқни фирибгарлик, товламачилик ва қароқчилик йўли билан талайдилар. Шоҳу шаҳзодаларни илмли, самимий, камтарин, доно ва кечиримли бўлишга ундаб, шон-шуҳрат ва мол-мулк ғамида юрганларини ўз асари қаҳрамонлари Фарҳод ва Искандардан ўрнак олишга даъват этади. У солиқларнинг оғирлигидан норози бўлиб қўзғолон кўтарган халқ оммасини тинчитиш, рози қилишда ўрнак кўрсатган.

Навоий ўз давридаги ноҳақликка ва адолатсизликка қарши курашиб, вазирлар ва бошқа амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишлари ҳамда тамагирликларини фош этган. Эътиборга ва ёрдамга муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олган, халқ ҳурматини қозонган. Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган даврда бош вазир сифатида қурилиш, ободонлаштириш, аҳолини илму ҳунарли қилиш, чет давлатлар билан дўстона муносабатда бўлиш ва тинчлик-осойишталикни сақлашга муносиб ҳисса қўшган. Алишер Навоий 1480-1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 та работ, яъни меҳмонхона, 17 та масжид, 9 ҳаммом, 9 кўприк ва 20 та ҳовуз қурдирган.

Алишер Навоийнинг ҳуқуқий қарашларида мусулмон оламида асосий манба бўлган Қуръон ва ҳадиснинг алоҳида ўрни бор. Жамиятдаги фирибгарлик, порахўрлик ва тамагирликни қоралаб, "Ғаройиб ус-сиғар" асарида қуйидагиларни ёзган: "Ғайридин қилгил замиринг сафҳасин пок, эй фақиҳ, Тобакай қилмоқ фиребу макр ила дафтар қаро". Шоир ўзининг ушбу шеърий мисраларида баъзи нопок, фирибгар ҳуқуқшуносларни фиқҳ, яъни ҳуқуқ тизимидаги фаолиятида фирибгарлик ва адолатсизликларини қоралаб, уларни поклик ва тўғри йўлга даъват этган.

Жадидчилик ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан бири Абдулла Авлоний 1878-1934 йилларда яшаган. Эски мактаб ва мадрасада таълим олиб, араб, форс ва рус тилларини яхши ўрганган. Янгича мактаб очиб, дарс бериб, педагогика соҳасида китоблар, шеърлар ёзган. Ўз асарларида замонасидаги қолоқликни, жоҳилликни танқид қилиб, кишиларни илмга ва маърифатга чақирган. 1918 йилда Туркистон шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси - "Иштирокиюн"нинг ташкилотчиларидан ва  биринчи муҳаррири бўлган.

Авлонийнинг "Туркий гулистон ёхуд ахлоқ", "Мухтасар тарихи анбиё ва тарихи ислом" асарлари диққатга сазовор. "Туркий гулистон ёхуд ахлоқ" асари мактабларнинг юқори синф ўқувчиларига дарслик сифатида ёзилган бўлса-да, ахлоқ, маънавият ва тарбия масалаларида барча ўқиши зарур манба ҳисобланади. Асарда ахлоқ қоидаларини ўрганиш ҳар бир кишига ўзини англаш, илм, зиёлилар, яхши кишилар ва яхши ишларнинг қадрини билиш, ўз хатосини англаш ва уни бартараф қилишга киришишда самара беради.

Авлонийнинг эътироф этишича, инсон аввало яхши хулқли бўлиши шарт. Тарбия оиладан бошланади. Ота-онадаги ахлоқий хислатлар болалар тарбиясига кучли таъсир кўрсатади. Ўзи ахлоқ қоидаларига риоя қилмаган ота-онанинг боласини тарбия қилиш қийин. Илм олишга кириб келаётган ёшларни чала илмли мударрислар қўлига бериб қўймаслик керак.

Мутафаккирнинг таъкидлашича, жисму тани соғ инсонларга илм-ҳунар ўргатиш осон кечади. Авлоний "Соғ баданга эга бўлмаган инсонлар амалларинда, ишларинда, ибодатларинда камчилик қилурлар", дейди. Фикрни тоза тутиш ва диёнатли бўлиш инсонни ярамас, ахлоқсиз ишлардан тийиб туради. У қалбларни ислом дини қадриятлари билан баҳраманд этиш зарурлиги, кўп иллатларнинг келиб чиқиши шу қадриятларга риоя этилмагани билан боғлиқ, деб уқтиради.

Муаллиф тоза ва озода кийиниб юриш, уй ва иш жойи ҳамда бошқа нарсаларни пок сақлаш кераклиги, барча мақсадларга ғайрат ва саъй-ҳаракат билан эришилиши, савоб ишлар гуноҳ қилишдан сақлашини таъкидлайди. Сабрли, интизомли, виждонли, адолатли ва зукко бўлиш ҳамда миллатни, тилни, халқни ва Ватанни севишни улуғлайди. Илмсиз одам ҳалолни ҳаромдан, яхшини ёмондан ва ростни ёлғондан ажрата олмайди. Авлоний диний ва дунёвий илмларни бирдек ўрганиш зарурлигини кўрсатиб ўтган.

Авлоний ислом дини тарихидан яхши хабардор эканлиги унинг "Мухтасар тарихи анбиё ва тарихи ислом" асарида кўзга ташланади. Асарда Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад алайҳиссаломгача ораларида ўтган пайғамбарлар ҳақида ёзилган. Шунингдек, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг авлодлари, халифалар - Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усмон ва Али тўғрисида маълумотлар бор.

Абдулла Авлоний фикрича, ахлоқ, бу - хулқлар мажмуи, хулқ эса, эзгулик ёхуд разилликнинг муайян бир инсонда намоён бўлиш шаклидир. Ҳар бир кишида хулқнинг у ёки бу кўриниши пайдо бўлиши учун маълум бир шароит, тарбия керак. Кишилар туғилишдан ёмон бўлиб туғилмайди, уларни муайян шароит ё ёмон ёхуд яхши қилади. Демак, ҳамма нарса тарбияга боғлиқ.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo