Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ёзганидек, "Китоб - беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи".
Дарҳақиқат, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ва давлатли бўлиши аввало унинг илмига боғлиқ. Зеро, билими юксак, китобга дўст киши тадбирли, мулоҳазали бўлади. Айниқса, ёшларнинг бахту камолида бу беминнат устознинг ўрни ғоятда муҳим.
- Ўтмишда зиёлилар у ёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли китобларни ўқиб берган, - дейди Дилмурод Қаҳҳоров. - Ўша пайтларда матбаачилик ривожланмаган, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша янги асарларни мутолаа қилишга интилган, ўқиганларини бошқаларга ёйган. Биз эса мана шундай илмли, маърифатли аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар қолдирган бой меросни пухта ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни ўзлаштиришимиз шарт.
Китобхонлик бизнинг қон-қонимизда бор. Халқимиз орасидан етишиб чиққан ва дунё илм-фани тамаддунига ғоят улкан ҳисса қўшган буюк алломалар аждодлари эканлигимиз ана шу фикримизни қувватлайди. Уларга муносиб бўлиш эса бизнинг бурчимиз.
Маҳалла кутубхонасида 83 ёшли Тўхта бобони учратдим.
- Ҳар бир ота-она, катталар китоб мутолаасида шахсий намуна кўрсатиши, фарзандларининг китобсевар бўлиб вояга етишларига алоҳида эътибор қаратишлари зарур, - дейди нуроний. - Шунга мувофиқ, менинг китоб ўқиганимни кўриб, невара-чевараларим ҳам мутолаага қизиқади. Умуман, китоб ўқиш учун ёш, касб-кор чегара бўлмаслиги керак. Бешикдан то қабргача илм изла, деб бекорга уқтиришмаган.
Кутубхонадаги китоблар билан танишиб, баъзиларини варақлайман. Турли қўлланмалар, бадиий асарлар, имло луғатлари, энциклопедик китоблар ва ҳатто "Қизил китоб"ни ҳам учратдим.
- Китоби йўқ хонадон, қақраб ётган чўлдек гап, - дейди Дилмурод Қаҳҳоров. - Худди шундай, китоб ўқимаган инсон ҳам маънавият булоғи неъматидан бебаҳра қолади.
Хулоса қилиб айтганда, йиғин маслаҳатчиси ташаббуси билан маҳаллада ташкил этилган кутубхона ҳудуд аҳолиси учун ана шу булоқнинг бир ирмоғи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА