Адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқ инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бевосита дахлдор экан, уни амалда таъминлаш давлат органларининг асосий вазифаларидан саналади.
Суд - одил судловнинг олий нуқтаси бўлиб, унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараёндир. Айнан шундай ёндашув туфайли истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган суд-ҳуқуқ тизими қурилишининг мутлақо янги концепцияси амалиётга жорий этилди.
Хусусан, судлар фаолияти такомиллашди, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди, мамлакатимиз Конституциясида акс эттирилган принципларга мувофиқ жиноий жазо тизими ва суд ишларини юритиш босқичма-босқич либераллаштирилди, шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. Инсонпарварлик тамойили асосида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг судларга ишончи ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 октябрда эълон қилинган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳамда ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш борасида янги даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.
Тарихий аҳамиятга эга мазкур фармон давлат сиёсатининг қуйидаги учта асосий устувор йўналишларини белгилаб бергани билан эътиборга молик:
суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;
одил судловга эришиш даражасини ошириш.
Ўз-ўзидан равшанки, бу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш биринчи навбатда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг зиммасига улкан масъулият ва муҳим вазифалар юклайди. Бу вазифалар мазкур фармоннинг ўзида аниқ белгилаб қўйилгани унинг тарихий ва амалий аҳамиятини янада оширади.
Фармоннинг эътиборга молик жиҳатларидан яна бири, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси ҳамда "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 63-моддасида судьялар беш йил муддатга сайланиши ва тайинланиши белгилаб қўйилганди. Фармон асосида судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш ва сайлашни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.
Шунингдек, 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, жазонинг адолатли ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.
Жумладан, қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилади. Унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имкониятлари кенгайтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 48-моддасига асосан, қамоқ - шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга тайинланади. Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар жазони ҳукм чиқарилган жойдаги махсус қамоқ уйларида ўташлари лозим.
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахсни батамом ажратган шароит остида сақлаш, деганда маҳкумнинг яқин қариндошлари билан учрашуви, посилкалар, йўқловлар, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиш ҳамда юборишдаги чекловларни тушуниш лозим.
1994 йилда жиноий жазо тизимига киритилган бу жазо турини озодликдан маҳрум қилиш жазосига муқобил тарзда, катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган ва узоқ вақт жамиятдан ажратиш талаб этилмайдиган маҳкумларга нисбатан тайинлаш, бундай шахсларни қисқа муддат батамом ажратган шароит остида сақлаш орқали уларга ниҳоятда кучли руҳий таъсир ўтказиб, ўз жиноий қилмишларининг оқибатини англаб етишларига эришиш мақсади кўзланган.
Агар қамоқ жазоси асосан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан тайинланиши эътиборга олинса, бундай шахсларни жамиятдан батамом ажратиш ва бундай шароит остида сақлаш ҳар доим ҳам жазо тайинлашдан кўзланган асосий мақсад - шахсни қайта тарбиялаш имкониятини бермаслиги мумкин.
Шунинг учун жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бирининг чиқарилиши жиноий жазоларни либераллаштиришга, ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор шакл ва услубларини кенг қўллашга хизмат қилади.
Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш мақсадида жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати қисқартирилмоқда.
Маълумки, жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилишдан иборат бўлиб, процессуал мажбурлов чоралари орасида нисбатан оғирроғи ҳисобланади ва шахснинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Бу мажбурлов чорасини қўллашнинг қонуний асослари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 220-235-моддаларида назарда тутилган нормалар асосида қатъий тартибга солинган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддасида ушлаб туриш муддати ушланган шахс милицияга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан бошлаб кўпи билан етмиш икки соатни ташкил этиши белгилаб қўйилган бўлиб, эндиликда бу муддат 48 соат қилиб белгиланмоқда.
Ушлаб туриш муддати тугагунга қадар ва асослар бўлганда шахс айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши, унга айб эълон қилиниши, сўроқ қилиниши ва эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилиниши зарур.
Таҳлиллар натижаси хорижий давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида бундай тажриба мавжудлигини ва самарали қўлланилаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексида жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаб туриш муддати 48 соат этиб белгиланган.
Эндиликда қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда.
Ушбу чораларнинг жорий этилиши, бир томондан, фуқароларнинг эркинлигини асоссиз чеклаш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини, иккинчи томондан, суриштирув ва тергов органларининг масъулияти ва фаолияти самарадорлиги ошишини таъминлайди.
Бундан ташқари, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилмоқда.
Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган янгилик сифатида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши эса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, шунингдек, суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этиш мақсадида фармонда вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинмоқда.
Ортиқча ва бир-бирини такрорловчи инстанцияларнинг бекор қилиниши айнан бир назорат инстанцияси томонидан ишларнинг бир неча бор кўриб чиқилишининг олдини олади, суд қарорларининг узил-кесиллиги ва барқарорлигини таъминлаб, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада оширади.
Шунингдек, фармонда вилоят хўжалик судларининг қарорларини ўзлари томонидан қайта кўриш ваколатини чеклаш мақсадида ушбу судлар тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш назарда тутилди.
Фармоннинг суд ҳокимияти мустақиллиги асосларини мустаҳкамловчи алоҳида аҳамиятли томони адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилаётганидир. Ушбу чора судларнинг мустақиллиги ва уларнинг фаолиятига аралашмасликнинг қўшимча кафолатларини яратади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, дастурий ҳужжатнинг амалга оширилиши моҳият-эътибори билан судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тарихий аҳамиятга молик бу ҳужжат суд-ҳуқуқ тизими ходимлари учун дастуриламал бўлиб, ҳар биримиз бу борада зиммамиздаги улкан масъулиятни тўла ҳис этиб, шу эзгу мақсадларга хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантирмоғимиз даркор.
Абдуқаюм МАҲКАМОВ, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси