Ушбу маскан 2014 йилда барпо этилган. Ўша вақтда хиёбон кўкаламзорлаштирилиб, ҳудудида кўплаб манзарали дарахт кўчатлари, турли хил гуллар экилган эди. Майдон ўртасидаги замонавий мусиқали фавворалар ва унинг атрофидаги ўтирғичлар чарчоқни бир зумда ёйиб юборарди. Чиройли плитка ётқизилган йўлаклар орқали мажмуани айланиш, сайр қилиш учун қулай шароитлар яратилганди.
Қолаверса, мазкур хиёбоннинг бошқаларидан яна бир устун томони бор: мажмуа ҳудудида бир қатор тарихий ёдгорликлар, жумладан, XIV асрда бунёд этилган Одина масжиди ва сардоба, шунингдек, Қиличбек, Бекмир мадрасалари, Хўжа Қурбон масжиди ўрни жойлашган. Демак, бу ер тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган маскан сифатида ҳам катта сайёҳлик салоҳиятига эга. Аммо бугун ушбу хиёбонга хорижликлар тугул, ён-атрофдаги маҳаллалардан ҳам келиб, ҳордиқ чиқарувчилар сони кўп эмас. Боиси, сўнгги йилларда хиёбон анча қаровсиз ҳолга келиб, аввалги файзидан асар ҳам қолмаган.
Мажмуага Насаф кўчасига туташ йўлакдан кириб борар эканмиз, бир пайтлар экилган яшил майсалар ўрнини қоплаб олган бегона ўтлар, қуриб бораётган навниҳол дарахтлар, қисман қўпориб кетилган темир панжаралар кўзга ташланади, чиқинди қутилари ва ўтирғичлар, синган.
- Икки-уч йил олдин бу ер жуда ажойиб жой эди, - дейди шу ҳудуддаги Дарвозатутак маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Алиқулова. - Айниқса, жазирама ёз кунлари бу маскан янада гавжум, чиройли қиёфага кирар, кечқурунлари ёруғ, чароғон, фавворалар ишлаб турарди, биз - кексалар ҳам ярим тунгача уйга киргимиз келмасдан, суҳбатлашиб ўтирардик. Энди қаранг, ҳамма ёқни ўт босиб кетган, атрофдаги чиқиндининг бадбўй ҳиди анқийди. Ҳаммаси муносабатга, қаровга боғлиқ экан.
Бу фикрни шу маҳаллада яшовчи яна кўпгина кишилар таъкидлашди. Уларнинг айтишича, дастлаб хиёбон "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖга берилган ва уни сақлаб туришга ҳам ушбу ташкилот масъул бўлган. Ўша вақтда бу жой чиндан ҳам обод гўшага айланган. Лекин Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига ўтказилгач, бироз вақтдан сўнг ҳозирги қаровсиз ҳолга келиб қолган. Дарахт ва гулларнинг бир қанчаси қуриб кетган, фавворалар ишламайди, майдондаги юздан ортиқ ёритқичнинг 80 фоизи ёнмайди, ўтирғичларнинг ярми қолган, холос. Эътиборсизлик натижасида ажойиб мажмуа аста-секин харобага айланиб бормоқда. Табиийки, аҳоли бундан норози.
Шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси масъуллари эса бошқа фикрда. Жумладан, бошқарма етакчи мутахассиси Шоира Юсупованинг таъкидлашича, чиқиндини хиёбон ҳудудига айнан шу атрофда яшовчи аҳоли ва савдо дўконлари ходимлари тўкиб кетмоқда. Бошқармадагилар эса тозалаш билан овора. Панжаралар, чироқларнинг синдириб кетилишига ҳам аҳоли айбдор.
Тўғри, кўпчилик муаммонинг асл сабабчиси ўзи эканини тан олгиси келмайди. Бироқ хиёбон бундай ҳолатга бир ёки икки кунда тушиб қолмаган-ку. Эътиборсизлик, бефарқлик, ишга тўғри муносабатнинг, жиддий ёндашувнинг йўқлиги бу ерда қатор муаммолар пайдо бўлишига шароит яратмаганми?
Майли, чиқинди тўпланиб қолиши, айрим жиҳозларнинг синишида аҳолининг айби бор дейлик, лекин бошқарма мутасаддилари нега бунга йўл қўйиб бермоқда? Ахир биргина шу масканга қараш учун 2 қоровул, 5 ишчи бириктирилган. Улар қаёққа қарашаяпти? Бегона ўтлар ўрмон бўлиб кетган, фаввора ишламайди, аксарият чироқлар ёнмайди, ўтирғичлар қаергадир гум бўлган!.. Бунда ҳам бошқаларни айбласак, бошқармадагилар нима иш қилади ўзи?
- Тўғри, иккита ўтирғични маҳаллага, иккитасини "опорный"га бериб турибман, - дейди Шоира Юсупова. - Қолганини сингани учун таъмирлашга олганмиз. Бунинг ҳисоб-китобини чиқариб, тўғрилаб қўямиз. Ёритқичлар ёмғир туфайли куйиб қолган. Лампаларни алмаштирсак, ҳаммаси жойига тушади (лекин "ёмғир туфайли куйиб қолган" ўша ёритқичларнинг аксариятидан фақат темир устунларгина қолган - таҳририят). Фавворага қанча "сваршчик" олиб бордим, тўғрилай олмади. Махсус устаси керак экан, ҳозир шуни қидираяпмиз. Майсани ҳам ишчиларимиз ўришаяпти, бу йилги ёғингарчиликни кўрдингиз, ўтлар тез ўсиб кетди, ўриб олишга улгуришмаган. Биз ҳам имконият даражасида ишлаяпмиз. Лекин кўп нарса молиявий ҳолатга ҳам боғлиқ. Масалан, бу йил мазкур хиёбонни сақлаш учун бир сўм ҳам ажратилгани йўқ. Нимадир ишдан чиқади, синади, йўқолади, янгилаш учун ҳам пул керак-ку. Шундоғам кўп нарсани ёнимдан олиб бораман.
Ўз-ўзидан бир қатор саволлар туғилади: Одина масжида ёнида қурилган хиёбон қандай аҳволга тушиб қолганини Қарши шаҳар ҳокими, ҳокимлик мутасаддилари ҳам биладими?
Билишса, нега уни обод қилишга шошилишмайди? Ахир у шаҳарнинг қоқ марказида минг-минглаб одамлар келиб-кетадиган савдо мажмуалари, "Ватанпарварлар боғи" ёнида жойлашган бўлса.
Кўрган меҳмон “Шунча нарсага миллиардлаб пул топибсизлар, Одина масжиди атрофини гўзал қилиб қўйишга тўрт-беш миллион сўм топилмадими?” деб сўраса нима деб жавоб берамиз?
Ваҳоланки, кўплаб хориж давлатларидаги миллионлаб сайёҳлар борадиган мажмуалар ҳам худди шундай жой. Фақат уларда ишга муносабат ўзгача. Улар шу жойни сақлаб туриш учун қанча пул кераклиги ҳақида эмас, шу ердан қанча даромад келиши мумкинлиги ҳақида бош қотиришади.
Ўзингиз ўйланг, мана шу хиёбон ҳудудида улкан тарихга эга кўплаб обидалар мавжуд. Ҳозирги кунда Қиличбек мадрасасида "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси вилоят муассасаси, Бекмир мадрасасида "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими фаолият юритмоқда. Одина масжиди, қадимий сардоба эса йиллар давомида эшигига темир қулф осилган, деворлари қор, ёмғир сувидан сарғайган ҳолда турибди. Ҳолбуки, бундан роппа-роса бир йил аввал маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Халилов Одина масжиди негизида миллий ҳунармандчилик маркази ташкил қилиниши, бу ерда ҳам худди Шаҳрисабздаги каби миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари расталари бўлиши, турли кўргазмалар ташкил этилиши ҳақида маълум қилганди. Натижа қани? Ақл билан иш юритилмагани ва муаммога оддий, аммо самарали ечим топилмагани боис бугун бу тарихий маскан миллий ҳунармандчилик марказига эмас, тунда бетайинлар тўпланадиган ва “севишганлар” пинҳона учрашадиган маконга айланиб бормоқда.
Бироқ тегишли масъуллар бироз бош қотириб, ҳеч бўлмаганда шу жойни ўз эгаларини топиб топширса, бу ерни хорижий сайёҳлар ҳам, юртдошларимиз ҳам келиб томоша қиладиган, юртимиз тарихи, аждодларимизнинг улкан бунёдкорлик ишлари, санъати, маданияти билан танишадиган, ёшларимиз фахр ҳиссини туядиган ажойиб мажмуага айлантириш мумкин. Ҳозирча эса...
Биз Одина масжиди атрофини айланар эканмиз, қарийб етти асрлик тарихга эга мажмуанинг деворлари қўпол сўзлар, суратлар, "севги тарихлари" билан тўлиб кетганини кўриб, ачиндик. Булар бугунги ёшларимизнинг иши. Бир томондан, улардан хафа бўлдик, иккинчи томондан, йиллар давомида эшигидан қулф тушмайдиган, қаровсиз бу бинонинг қандай жой эканлигини ёшлар қаёқдан ҳам билсин, деган фикр келди хаёлимизга...
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.