Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

07.01.2020


ОДИНА МАЖМУАСИДА "ҲУНАРМАНДЛАР БОЗОРИ" ФАОЛИЯТ ЮРИТАДИ

Янги йил режалари

2020 йилнинг биринчи ярмида Қарши шаҳридаги Одина тарихий-меъморий мажмуаси ҳудудида миллий ҳунармандчиликнинг кўплаб йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий ҳунармандлар бозори очилади.

Республика "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ниёзовнинг айтишича, Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги қарорига асосан ташкил этилажак бу замонавий бозор ўзига хос марказ вазифасини бажариб, у ерда халқ амалий санъати усталарининг савдо расталари билан бир қаторда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг кўргазма зали ва галереяси ҳам бўлиши кўзда тутилмоқда. Айни пайтда ҳунармандлар бозорига ташриф буюрадиган маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун фольклор-этнографик ансамблларининг дастурларини намойиш этиш,  миллий қандолатлар ва ширинликлар таклиф қилиш йўлга қўйилади.  

- Ҳозир бу замонавий ҳунармандлар бозорида савдо қиладиган ташаббускорлар - моҳир уста ва чеварларни жалб қилиш ҳамда кўргазма ва галерея учун Қашқадарёнинг барча ҳудудларидан воҳамизга хос ҳунармандчилик маҳсулотларини танлаш ва йиғиш чораларини кўраяпмиз, - дейди Баҳодир Ниёзов. - Одина тарихий-меъморий мажмуасида эса таъмирлаш-тиклаш ишлари бошлаб юборилган.

Мазкур жараён ҳақида вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Халиловдан сўраганимизда, ваколатли ташкилот мутасаддиси бугунги кунда қурувчи ва реставраторлар Одина масжидининг гумбазида изоляция ишларини олиб бораётгани, тез орада уларга Хўжа Абдулазиз мадрасасида таъмирлаш-тиклашни якунига етказаётган усталар ҳам келиб қўшилишини таъкидлади.

- Январь ойи охирида "Улкан Насаф" масъулияти чекланган жамияти вакиллари Одина мажмуасининг устки қисмини тиклаб, пастки қисмини таъмирлашга ўтишади, - дея ишонтирди Ж.Халилов. - Мўлжалга кўра, 2020 йилнинг март ойигача у ерда барча ишлар якунланади.

Президентнинг "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Қаршида ҳунармандлар бозори жорий  йилнинг 1 июлигача ташкил этилиши шарт, бу борадаги масъул ижрочилар вилоят ва шаҳар ҳокимликларидир.

Шунингдек, мазкур қарорга биноан республика ҳудудларини ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштириш ва уларга ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотиш учун кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини бириктириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. Хусусан, вилоятимиз ҳудудларидан Шаҳрисабз шаҳрига (ихтисослашув йўналиши - каштачилик) мамлакатимизнинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги, Касби туманига (чинни, фаянс ва сопол буюмлари) Польша Республикасидаги, Чироқчи туманига (қўлда гилам тўқиш) эса Эрон Ислом Республикасидаги элчихоналари бириктирилди.

Бундан ташқари, қарор билан "Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги"ни жорий этиш ва "Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри"ни юритиш, уларга киритилган ҳунармандларга турли имтиёз ва преференциялар бериш, шунингдек, соҳани тараққий эттиришга қаратилган яна кўплаб чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Масалан, 2020 йил давомида ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури учун республика миқёсида 589,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилади.

Темур НИЗОМОВ

Report typo