Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Достон АБАТОВ

12.04.2018


ҚОДИРИЙ НЕГА ТАЪҚИБГА УЧРАГАН?

Ўз ижодини 1913-1914 йилларда бошлаган адиб барча илғор фикрли ёшлар қатори жадидчилик ҳаракатининг фаол аъзоси бўлган  ва илк асарларида маърифат, миллат тараққиёти ва ҳурлиги ғояларини тарғиб этган. Қодирий ижоди билан яқиндан танишган киши дастлаб унинг маърифий мазмундаги "Аҳволимиз", "Миллатимиз", "Тўй" шеърларини ёдга олади. Ижодкорнинг жадид матбуотида кетма-кет эълон қилинган бу каби шеърларида золим тузум, шўро идораларининг адолатсиз раҳбарлари ишидан норозилиги уфуриб турган. Йилдан-йилга сайқалланиб борган ижоди давомида Беҳбудийнинг "Падаркуш" фожиаси таъсирида     "Бахтсиз куёв" пьесасини, сўнг "Жувонбоз" ҳикоясини ёзди. Маърифатпарварлик қарашлари маҳсули бўлган ушбу асарларда у жамиятдаги чиркин иллатлар ва қолоқ урф-одатларни кескин танқид қилди.

Қатор асарлари билан халқ кўнглига яқин борган адиб ўз билимини янада кенгайтириш мақсадида Москвадаги Валерий Брюсов номидаги журналистлар институтида таҳсил олди. Унинг меҳнат фаолияти "Иштирокюн" ва "Қизил байроқ" газеталари, "Муштум" журнали билан боғлиқ. Айниқса, "Муштум" журналини ташкил этишда Қодирийнинг ҳиссаси катта. Журнал саҳифаларидан жой олган мақола ва ҳажвий асарларида ялқов, дангаса, нўноқ раҳбарлар, ваъдабозлар, халқ ҳисобига кун кўрадиган юлғич-текинхўрлар, порахўрлар, давлат мулкини талон-торож қиладиган, фақат ўз манфаатини ўйлайдиган шахслар фош қилинар эди. Адибнинг 1926 йилда ушбу журналда босилган "Йиғинди гаплар" ҳажвиясидаги танқидий мулоҳазалари ҳамда "Обид кетмон" қиссаси шўро мафкурачиларига маъқул келмайди ва уларнинг кескин танқидига учрайди.

Абдулла Қодирий асар яратиш жараёни ҳақида шундай дейди: "Ёзувчининг ўзидан қўшиши адабий асарда катта роль ўйнайди. Лекин мен турмушда кўрмаган, билмаган нарсам ҳақида ҳеч нарса ёзмайман. Ҳар бир асаримнинг ёзилишига турмушда учраган бирор  воқеа сабаб бўлади..."

Халқ дардига ҳамдард адиб 1926 йилда илк ўзбек романи - "Ўткан кунлар"ни эълон қилди. Муаллиф асар ғоясини тўлақонли реалистик руҳ билан суғорган эди. Унда Қодирийнинг жадидона сиёсий қарашлари юксак бадиий ифодасини топган. Тарихимизнинг энг кирли, қора кунларидан сўзловчи ушбу романда икки қалб муҳаббати асносида миллатимиз қадрлаган шарқона қарашлар, замона чиғириқларида завол кўрмаган мингйиллик қадриятларимиз ҳам жонланган. Адиб асарида тарихнинг энг чиркин пайтларида ҳам миллат ҳаётида юксак маънавиятли ёрқин шахслар ва ёруғ жиҳатлар бўлганлигига ишора қилади. Миллат табиатидаги қолоқлик ва таназзулга сабаб бўлган иллатларни шафқатсизлик билан кўрсатиб беради. Худди шунга яқин  воқеа-ҳодисалар адибнинг "Меҳробдан чаён" романида ҳам акс эттирилади.

Бу романлар миллат тақдири, бирлиги, эл-юрт қайғуси, шахс эрки, ижтимоий адолат учун кураш ғоялари билан суғорилганлиги сабабли тезда халқ қалбидан жой олди. Бироқ, ҳукмрон мафкура уларни сиёсатга зид, хатоликдан бошқа нарса эмас, деб баҳолади. Муаллиф ҳақиқатгўйлиги, аччиқсўзлиги учун "аксилинқилобий ҳаракат қилганлик"да айбланди. Бошига турли бўҳтонлар ёғилди.

30-йилда авжига чиққан қатағон кампаниясида ўзбек романчилиги асосчиси, Абдулла Қодирий ҳам айбдор деб топилди ва ҳибсга олинди. Асарлари "зарарли" деб ўтда ёқилди, кутубхоналардан йўқотилди. Уларни ўқиш тақиқланди. Адиб 9 ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликдан сўнг Чўлпон, Фитрат каби маслакдошлари қаторида қатл этилди.

Бугунги авлод Абдулла Қодирийни том маънода миллатсевар, ҳақиқатгўй ижодкор сифатида яхши танийди. Адиб ўз атрофида рўй бераётган воқеликни тушунгани ҳолда халқни уйғотиш, уларга илм-у зиё тарқатиш, тафаккурини бойитишни лозим деб билди. Халқнинг саводини чиқариш орқали мустабид тузумнинг бўлмағур ҳаракатларига чек қўйишни орзу қилди. 

 

Достон АБАТОВ, Қарши давлат университети талабаси 

Report typo