Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

05.05.2020


ОФАТДАН ЖАБРЛАНГАН СИРДАРЁЛИКЛАРГА КЎМАК

Ҳар нафасда бирдаммиз!

Хабарингиз бор, шу йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган, мамлакатимиздаги йирик сув иншоотларидан бири ҳисобланган "Сардоба" сув омбори тўғони бир қисми ўпирилиши ортидан юзага келган сув тошқини натижасида Сардоба, Оқ олтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етди. 56 киши жароҳат олди. Сув омбори ҳудуди атрофида яшовчи 70 мингга яқин аҳоли вакиллари хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиниб, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги махсус муассасаларга жойлаштирилди.

Қайд этиш лозим, бугун бутун мамлакатимиз эътибори Сардоба туманидаги рўй берган офат асоратларини бартараф этиш, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилган. Халқимизга хос олижаноблик, меҳр-оқибат фазилатларини Сирдарёга жўнатилаётган озиқ-овқат, кийим-бош ва бошқа зарур маҳсулотлар юкланган кўмак карвонлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, ушбу жараёндан Қашқадарё аҳли ҳам четда турмади. Дастлаб вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 40 нафар қутқарувчиси Сардобадаги тошқин оқибатларини бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жўнаб кетди.

Куни кеча ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят бюджетидан 4 миллиард сўм маблағ сирдарёликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида йўналтирилиши тасдиқланди.

Саховатли воҳадошларимизнинг мурувват ёрдамлари эса вилоят мусиқали драма театри биносида қабул қилинди. Бир неча кундирки, савоб умидида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, кўрпа-тўшак, дори-дармон, пул билан келаётган кишилар қадами узилгани йўқ ва вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ушбу жараённи кузата туриб, "Яна бир карра Қашқадарё халқини мард ва танти бўлиши билан бир қаторда, ўзгалар бошига тушган ташвиш ва кулфатни ўз бошига тушгандек қабул қилиб, кўмакка шошиладиган, саховатдан чарчамайдиган бағри кенг эл сифатида кашф этдим", дея эътироф этди.

Қарши шаҳридаги Пахтазор маҳалласилик Насиба Абдуллаева нафақа пулидан бир қисмини олиб, қизи эса зарур кийим-кечаклар келтирган бўлса, отчопарлик Элмурод Аҳмедов "Эл бошига тушган иш - эр бошига тушгани" нақлига амал қилиб, 500 минг сўм ёрдам қилган, ҳали анча ёш бўлса-да, Элнур Абдунабиев ҳам 50 минг сўм пул билан энг яхши кўрган ўйинчоғига "Сирдарёлик дўстимга" деб ёзиб олиб келган...

- Ёрдамга бел боғлаганлар орасида тадбиркорлар, ташкилот ва идоралар вакиллари билан бирга, ёшу кексалар, савоб умидидаги кўплаб саховатпеша инсонлар борлиги қувонарли, - дейди Наргиза Хонқулова. - Кечагина ҳокимиятга ёрдам сўраб келган кишиларнинг ўзи бугун ёрдамга шошилаётганидан таъсирланиб, мен ҳам 5 миллион сўм маблағни рўй берган офатдан жабр кўрган юртдошларимизга кўмак тариқасида бердим.

Айтиш ўринли, сирдарёликларга жўнатилиши кўзда тутилган кўмак карвонида озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари, китоблар, ўқув қуроллари, пул маблағлари, қўй, туягача бор.

Қайд этилишича, мамлакатимизнинг барча нуқталаридан сув тошқинидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатилиши натижасида хайрия ёрдами ҳажми кутилганидан ҳам кўпайиб кетган. Шунга қарамай, хайрия ёрдамини қабул қилиб олиш марказларига келаётганлар оқими тинимсиз ошиб бормоқда. Моддий ёрдам ҳажми эҳтиёждан юқори деб баҳоланган тақдирда ҳам жамланган пул маблағлари ва маҳсулотлар хайрия мақсадларига йўналтирилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo