Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 июль, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Офтобойим Қурбонова: "ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ СЎЗЛАРИ ЮРАГИМДАН ЖОЙ ОЛДИ"

А.МУРОДОВ

10.03.2022


Офтобойим Қурбонова: "ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ СЎЗЛАРИ ЮРАГИМДАН ЖОЙ ОЛДИ"

Зулфияхоним қизлари

Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 5 мартдаги қарорига кўра, бир гуруҳ иқтидорли қизлар аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, санъат, маданият, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари  университетининг 3-босқич талабаси Гўччиева Роҳилабону Абдураҳмон қизи ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси Офтобойим Қурбонова ҳам бор.

 "Зулфияхоним қизлари" деган номга муяссар бўлганлар сафидан жой олганимдан  беҳад мамнунман, - дейди фан йўналишида ушбу мукофотга лойиқ, деб топилган Офтобойим Қурбонова.  - Айниқса, давлат мукофотини Президентимизнинг ўзларидан қабул қилиб олишни айтмайсизми. Юртбошимизнинг: "Илмий ишингизни давом эттиринг. Сизни шу даражага етказган ота-онангизга менинг саломим ва раҳматимни етказиб қўйинг",  деган сўзлари юрагимдан жой олди. Келгусидаги илмий изланишлар олиб боришим учун катта куч берди.

Институтнинг "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси" кафедраси ассистенти вазифасида фаолият олиб бораётган Офтобойим Қурбонова "Қашқадарё вилояти шароитида кунжутдан мўл ҳосил етиштириш агротехнологиясини яратиш" мавзусида илмий-тадқиқот ишини изчил давом эттираяпти. Мазкур илмий ишнинг аҳамияти шундаки, вилоятда кунжутнинг айнан "Тошкент-122" навини етиштиришда, унинг кўчат қалинлиги, экиш ва суғориш меъёрлари бир вақтда ўрганиб чиқилмаган. Ҳозирда 34,5 гектар майдонни эгаллаган тажриба-синов майдонида ушбу нав уруғлари экилган. Ёш олима янги агротехнологияни қўллаш орқали ҳосилдорликни баҳорги экишда 18, ёзги экишда 16 фоизга етказишни мўлжаллаган.

- Офтобойимни талабалик давридан биламан, - дейди Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси кафедраси мудири Муабара Ҳакимова. - Ўша пайтларда ҳам илмга иштиёқи баланд, интилувчан эди. Институтда бакалавр йўналишини, сўнгра магистратура мутахассислигини тамомлади. Ҳозир талабаларга дарс бериш билан бирга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир илмий изланишлар олиб бораяпти. Хорижий журналларда 10 дан ортиқ илмий мақолалари чоп эттирилган.

Яқинда, аниқроғи, 1 март куни Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда бу борада бир неча вазифалар белгилаб берилди. Бу саъй-ҳаракатлар замирида, аввало, аёлни улуғлаш ва бунинг баробарида миллатнинг ғурурини, ўзлигини юксалтириш каби эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган. Эртага  Офтобойим Қурбонова сингари олималарнинг илмий изланишлар олиб боришилари учун ҳам кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган.

А.МУРОДОВ

Report typo