2016 йилда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, конфессиялар ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Қарши шаҳридаги таълим муассасалари директорларининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари, ижтимоий-гуманитар фанлар ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирда дастлаб турли зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолиб, юртфурушлик қилаётган, дунёдаги уруш ўчоқларида экстремистларга қўшилиб, бегуноҳ инсонларнинг, аёллар, болаларнинг қонини тўкаётган кимсалар ҳақида ҳикоя қилувчи “Қиёматга қолган қарз” номли фильм намойиш этилди.
Шундан сўнг Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази масъул ходими Комилжон Шермуҳаммедов ислом аслида тинчлик, эзгулик, бағрикенглик, тотувлик дини экани, лекин баъзи кимсалар уни ўз манфаати йўлида нотўғри талқин қилиб, бунинг натижасида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилаётгани, ўша разил кимсаларга баъзи ёшларимиз ҳам қўшилиб қолаётгани ҳақида ҳикоя қилди.
Тадбирда таъкидланганидек, экстремистлар бугунги кунда интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали ёшларнинг онгини заҳарлашга уринмоқда. Шу боис ота-оналар, таълим муассасалари педагогик жамоаси, барча-барчамиз доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз керак. Токи эртага кеч бўлмасин. Фарзандларимизни қанчалик маънавиятли қилиб тарбияласак, экстремистик кучларнинг таҳдидидан шунчалик ҳимояланган бўламиз. Аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ҳеч ким тинчлигимизга рахна сололмайди.
Худди шундай тадбир вилоятимизнинг Қарши, Қамаши, Касби, Шаҳрисабз, Китоб, Нишон, Косон туманларида ҳам бўлиб ўтди. Уларда маҳаллалар фаоллари, уй бекалари, таълим муассасалари битирувчилари ҳам қамраб олинди.
Б.ЖОНИМОВ.