Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

СОЖИДА

28.02.2018


ОИЛА ФАРОВОНЛИГИ ДОНИШЛАР НИГОҲИДА

Юсуф Хос Хожиб фикрича, оиланинг шаклланиши ва мустаҳкамланишида эр-хотин муносабатлари жуда муҳим. Оила, инсон зиммасига қатор ижтимоий ва ахлоқий вазифаларни юклайди, уларни бажариш эр-хотиннинг бурчидир. Айниқса,   янги оила қураётган келин-куёвларнинг насл-насабига эътибор бериш муҳим. Бу нарса авлодлар қонининг покизалиги ва софлигига, соғлом фарзандларнинг дунёга келишига ишора эканлиги уқтирилади. Мутафаккир “Қутадғу билиг” асарида йигитларга “Хотин олсанг, ўзингдан қуйисини ол, зоти олийсига боқма, қул бўлиб қоласан. Асли, уруғи ҳамда зоти яхши бўлсин, уятли, андишали, покизасини излагин. Юзи чиройлисини эмас, хулқи яхшисини иста. Яхши феъл-атворлиси юзингни ёритади” каби насиҳатлар қилади.

Оилавий ҳаёт ва ундаги муносабатлар бобида Абу Али ибн Сино қарашлари айниқса, эътиборга моликдир. Унинг “Донишнома”, “Рисолаи ишқ”, “Тиб қонунлари”, “Уй хўжалиги” каби  асарлари ахлоқ-одоб, тарбия психологияси, фалсафа ва табобат оламида алоҳида ўрин тутади. “Тадбир ал-манозил” асарини эса ота-онанинг болаларни тарбиялашдаги вазифаларига бағишлаган. Унга кўра, оилада ота-оналар меҳнатсевар, касб-ҳунарга эга, фарзандларини касб-корга ўргатиш, юриш-туриш, нутқ одоби, сўз маданияти, ўзаро муомала жараёнида энг муҳими, амалий иш фаолиятида тўғрилик ва ҳаққонийлик, самимийликда намуна бўлмоғи керак. Олим эр-хотин муносабати тенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат асосида қурилиши ҳақида ҳам тўхталиб, “Эркак киши оила бошлиғидир, у оиланинг барча эҳтиёжларини қондирмоғи лозим, чунки бу унинг бирламчи вазифасидир. Аёл эса эркакнинг яхши, муносиб йўлдоши ва бола тарбияси борасида энг яхши ворис ва ёрдамчисидир” деб ёзади. Шунингдек, “Китоб уш-шифо” асарида оила инқирози ва бузилишига сабаб бўлувчи омилларни кўрсатиб ўтади. Унга кўра, агарда эр ва хотинликдан фарзанд  дунёга  келмаган бўлса, хотин эрига хиёнат қилиб, унинг эътиборини пасайтирса, хотин киши тарбиясиз бўлса-ю, тарбия олишни истамаса, эр ва хотин бир-бирларига ёқмайдиган характерли бўлса, бундай оила парокандаликка юз тутади.

Оила масаласида Абу Райҳон Берунийнинг “Яхши хулқ яхшилик аломатидир”, “Бузуқ ниятли ва ёмон ахлоқли кишилар ўртага кириб олиши билан иш тўғри бўлмайди”, “Тенглик ҳукм сурган жойда сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди” дея баён этилган ҳикматларга амал қилиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, “агар яхши андишали аёл топишга муяссар бўлсанг, бой берма (дарҳол олгин). Энг эзгу, андишали, покиза киши бўлса, ундай киши асл бўлади. Сен хотиннинг андишали-ақллисини иста, эй доно, андишали, ақлли хотин топилса - фаросат, андиша, бойлик, чирой, насл-насаб жам бўлади. Сен хотинни қадрли тут, нима сўраса муҳайё эт”, деб уқтиради аллома.

Шунингдек, Беруний асарларида хотин билан бир қаторда эр ҳам билимдон, фаросатли, ақл-идрокли, зукко бўлиши, оила тартибини сақлаш ва уни кузатиб бориши кераклиги қайд қилинади. Оиланинг иқтисодий жиҳатдан тўкислигини таъминловчи, хотинига, фарзандларига меҳрибон, хушмуомалали, тўғри сўз бўлиш унинг фаровонлиги ва барқарорлигини таъминловчи муҳим омиллар эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтади.

Абдурауф Фитратнинг “Оила” рисоласида оила қуришнинг асл мазмуни, ота-она ва фарзанд ҳуқуқлари, оилавий муносабатлар масаласи батафсил ёритилган. Фитрат шундай ёзади: “Болаларни ўзига ишонган, кучли, топ­қир, чаққон ва ақлли қилиб тарбиялаш учун ўз қадр-қимматини, шаънини ҳурмат қилиш руҳини тарбия қилмоқликни, шунинг билан бирга, ён-атрофдаги одамлар билан ҳисоблашишни ўргатмоқ керак. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”.

Тожик мутафаккири Аҳмад Дониш ўзининг “Нодир воқеалар” асарида оилавий ҳаётнинг турли жабҳалари: никоҳ одоблари, уйланиш шартлари, ишқ-муҳаббат ва севишганлар одоби, қайнона-келин низолари, фарзандларга васият, касб-ҳунарларнинг фойдаси ҳақида қимматли фикрларни баён этган. Унинг фикрича, ҳар бир инсон муайян ёшга етгандан кейингина унда уйланиш ва оила қуришга зарурат ҳосил бўлади. Бу даврга келиб, инсон оила-никоҳ муносабатлари, оилавий ҳаёт қувончлари ва ташвишларидан бохабар, оилавий бахт, фарзанд тарбияси, эр-хотинлик ва ота-оналик бурчларини тушуниб етгандирлар. Аҳмад Дониш уйланиш шартларига ўша давр учун хос бўлган хислатли турмуш қурувчиларнинг бирон-бир касб соҳиби эканлигини, уй-жой соҳиби бўлишини, оила ва оилавий ҳаёт масалаларини эгаллаб  олганликларини назарда тутади.

Албатта, донишманд аждодларимизнинг бу каби пандлари, ўгиту насиҳатлари бугунги кун учун ҳам бирдай муҳим. Уларга амал қилиш эса маънавиятни гўзал, оилавий муносабатларни мукаммал қилади.

 

СОЖИДА тўплади.

Report typo