Тадбир вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши томонидан ташкил этилди.
Ўқув-семинарни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Қурбонов олиб борди.
Унда Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари, “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши котиби Жамолиддин Камолов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Дилшода Мирзажонова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Озода Парпибоева, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши ўқув-услубий маркази директори Дилфуза Шодиева оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги, ана шу тизим асосида ўзаро алоқаларни йўлга қўйишнинг самарадор механизмлари, бундан кўзланган мақсадга эришиш борасидаги вазифалар хусусида маърузалар қилишди.
Уларда таъкидланганидек, инсон аввало оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида шаклланади. Оиладаги таълим-тарбия, маънавий-ахлоқий қадриятлар кейинчалик одамлар орасида - маҳалла-кўйда, таълим муассасаларида сайқал топади. Шундай экан, Ватанимиз ва халқимизнинг эртанги кунини, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини белгиловчи баркамол авлодни вояга етказишдек улуғ вазифани оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигисиз ҳал этиб бўлмайди. Демак, ёшлар тарбияси билан шуғулланадиган инсонлар, яъни оилада – ота-она, маҳаллада – қўни-қўшни ва кенг жамоатчилик, таълим муассасасида – ўқитувчи ва мураббийлар келгуси авлоднинг баркамол, ватанпарвар ва илмли бўлиб вояга етишлари учун масъулдирлар.
- Ёшларнинг таълим-тарбияси ҳақида гап кетса, бунда маҳалланинг роли ва таъсири тўғрисида тўхталмай иложимиз йўқ, - дейди Дилшода Мирзажонова. - Бежиз “Маҳалла - ҳам ота, ҳам она” дейилмаган. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар айнан маҳалла муҳитида ривожланган. Шу билан бирга, маҳалла тарбия маскани ҳамдир. Айниқса, ёш авлод, фарзандларимиз таълим-тарбиясида маҳалланинг ўрнини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.
Кейинги пайтларда “оммавий маданият” ниқоби остида бутун дунёга кенг тарқалаётган маънавий заифлик аломатлари ёшларимизнинг дунёқарашига ҳам жиддий хавф солмоқда. Ахлоқий бузуқлик, зўравонлик каби ёт ва бузғунчи ғояларни интернет тармоқлари орқали улар онгига сингдиришга уриниш кучайиб бормоқда.
Ўқув-семинарда ана шу масалага ҳам алоҳида урғу берилиб, ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, улардаги миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлашда оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги ғоят муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шунингдек, ўқув-семинарда баъзи ҳудудлар мисолида ушбу ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмагани оқибатида вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, эрта турмуш каби салбий ҳолатлар учраётганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Ўқув-семинар савол-жавоблар асосида ўтди.
Худди шундай ўқув-семинарлар вилоятимизнинг барча туманларида бўлиб ўтмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА.