Кўз олдингизга келтиринг: ёзнинг мусаффо эртаси. Тоғ ён бағирларида атроф ям-яшил тусга кирган. Ҳавода гул-чечаклар, ўт-ўланларнинг ёқимли ифори сузиб юрибди. Қуёш терак бўйи кўтарилган вақтда ялангликлар, ўтлоқлар бўйлаб визиллаган товушлар қулоққа чалина бошлайди. Бу – асалариларнинг янги меҳнат куни бошланганидан дарак. Гулдан гулга қўниб, эртадан то оқшомга қадар тинмай ишлайдиган, бол йиғиш учун уясидан анча олис масофаларга учиб боришига тўғри келадиган бу митти жониворларнинг ҳаракатини кузатиб турган киши беихтиёр асаларининг ўзи ҳам, у етиштирадиган неъмат ҳам аслида бир мўъжиза эканлигига иймон келтиради.
Маълумотларга қараганда, бир килограмм асал тўплаш учун асалари инидан 120-150 минг маротаба учиб чиқиши, 400 минг чақирим масофани учиб ўтиши керак. Бу ҳашарот шунча заҳмат эвазига йиққан маҳсулотининг фақат 100 дан бир қисмини ўзи истеъмол қилади.
Баъзида уядан бир гала асаларининг ғувиллаганича ҳавога кўтарилиб, бетартиб парвоз бошлаганини кузатиш мумкин. Бу безовталикнинг боиси шундаки, уяда асалари сони кўпайган, натижада, оила қироличасига рақиба пайдо бўлган. Асаларичилар бу “оилавий ғалаён”ни бостиришнинг йўлини яхши билишади: дарров юзга махсус ниқоб тутилиб, бирор нарса тақиллатилади, шунда шовқинни севмайдиган ҳашарот тўдаси дарахт ёки бутага қўниб, ғуж бўлиб олади. Энди уларни бемалол рамкага қўндириб, янги уяга жойлаштириш мумкин. Бу – оилалар сони яна биттага ошди, дегани.
Шуниси диққатга сазоворки, асалари оиласи ўзига хос тартиб асосида меҳнат қилади. Бу ҳаракат худди пухта ишланган механизмни эслатади. Улар одатда инни тозалашга, асал йиғишга, тўпланаётган маҳсулотни қоровуллаб туришга алоҳида-алоҳида “масъул” бўлган ҳолда ишлайди. Апрель ойидан то октябрга қадар асалари учун қизғин иш палласи. Октябрдан кейин эса қишга тайёргарлик кўриш вақти етади. Асаларичи шу муддатда асалари уяларини керакли ҳудудларга кўчириш, ҳашаротни парваришлашга жиддий эътибор қаратиши талаб қилинади.
- Қайси ойда қандай жойга кўчириш кераклигини ўсимликларнинг ҳудудлардаги жойлашуви ҳамда гуллаш пайтига қараб белгилаймиз, - дейди Қарши туманилик тажрибали асаларичи Ибот Қурбонов. – Асалари уялари баҳорда ўт-ўлан, дарахт-буталар қийғос гуллаган ҳудудларга қўйилса, ёзда беда, янтоқ каби ўсимликлар гуллаган майдонлар ёки пахта далаларига яқин жой танланади.
Асални ҳам асаларичилар мавсумига қараб, “май асали”, “янтоқ асали”, “пахта асали” каби номлар билан юритишади. Апрелдан октябрга қадар давом этадиган мавсумда 2-3 маротаба, йил яхши келганида эса ундан ҳам кўп марта асал олиш мумкин бўлади. Битта асалари уяси 14-15 килограммгача асал беради.
Аслида табиатнинг ўзи – асал учун манба. Асаларини баҳор ва кузда кўпроқ сунъий озуқа – шакар эритмаси билан озиқлантириш талаб этилса, ёзда қўшимча озуқани камайтириш мумкин (лекин буткул тўхтатилмайди). Бу вақтда табиий шира – гул чангларининг ўзи ҳам озуқа, ҳам ҳосил йиғиш учун етарли бўлади. Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, ҳашаротнинг бол тўплаши икки тарафлама фойдали жараён: ҳам ўзи учун асал йиғади, ҳам ўсимликларнинг чангланишига ёрдам беради. Бу эса, маълумки, ўсимликнинг табиий кўпайиши, ҳаёт занжирининг бардавомлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
1941 йилда “Canadian Bee Journal” журнали машҳур олим Альберт Эйнштейннинг асалари ҳақидаги оламшумул хулосасини эълон қилган. Олим шундай деган эди: “Асаларилар бўлмаса – ўсимликлар чанглатилмаса – егулик бўлмаса – одам ҳам бўлмайди”.
- Кўпинча, қандай асал яхшироқ, фойдалироқ бўлади, деб сўраб қолишади, – дейди Ибот Қурбонов. – Шифо ўрнида асалнинг бир йиллигидан бошлаб, ўн-ўн беш йил сақланганигача сўраб келишади, сабаби, асал узоқ сақланганида шифобахшлик хусусиятлари ортиб бораверади. Биз асаларичилар учун эса энг тоза асал – янги олингани. Янги асалнинг организмга фойдаси мўлроқ, деб ўйлайман.
Ибот Қурбонов бу иш билан қарийб 30 йилдан бери шуғулланиб келади. Тажрибали мутахассиснинг асалари зотларига муносабати билан қизиқдик.
- Менга кўпроқ ўзимизнинг маҳаллий зотдаги асалари маъқулроқ, - дейди у. – Вақти-вақти билан она асаларини алмаштириб тураман, шу йўл билан ҳашаротнинг “қони”ни тозалаш мумкин. Шунда асалари бақувват бўлади ва узоқ яшайди. Ҳар хил касалликларга ҳам чидамли бўлади. Айни пайтда 170 уя асалари парваришлаяпман. Ҳаммаси маҳаллий зотдан. Мавсумда 3 тоннадан зиёдроқ асал олдик. Асосийси, барча соҳада бўлгани каби асаларичиликда ҳам ишнинг кўзини билган ютади.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда юртимизда асаларининг маҳаллий зоти билан бир қаторда четдан келтирилган “ўрта Русь”, “кулранг Кавказ тоғ асалариси”, “Карпат”, “Италия” каби турлари кенг тарқалган. Қарши туманилик яна бир асаларичи Ойбек Абдуллаев “Карпат” зотига қизиқаётганини билдирди.
- “Карпат”нинг касалликларга чидамлилиги, сермаҳсуллиги менга маъқул келаяпти, – дейди у. – Бунинг устига, бундай асалари бизнинг иқлимга яхши мослашар экан. Ҳозирда ўзимизнинг маҳаллий зотга мансуб асалари парваришлаяпман. Келаси баҳордан эса “Карпат” зотидагиларидан олмоқчиман.
Кузнинг иккинчи ойидан бошлаб, асалари қишга тараддуд кўришни бошлайди. Улар энди ўзларига озиқ бўладиган шира тўплашга ўтишади. Шу билан бирга, асаларичилар уяларга шакар эритмаси қўйишни кўпайтиришади. Қишловга тайёрланишда тажрибали асаларичилар инни иссиқроқ сақлашга, ҳар бир уяда камида 10-15 килограммгача озуқа бўладиган асал қолдиришга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлашади.
- Интернетда яқинда қизиқ бир маълумотни ўқиб қолдим: айрим мамлакатларда асалари фақат бир мавсум боқилар экан, - дейди Ойбек Абдуллаев. – Мавсум сўнгида эса охирги асал олиниб, асаларининг ўзидан воз кечишаркан. Келаси баҳорда янги оилалар сотиб олинади ва парваришланади. Бу усул бизга тўғри келмайди. Қишдан асраб-авайлаб олиб чиқилган асалари баҳорда яхши кўпаяди, ҳатто бир уядан бир нечта янги оилалар вужудга келиши мумкин. Шунинг учун қишловга катта аҳамият қаратамиз.
Хуллас, асаларини парваришлашнинг шунга ўхшаш жиҳатларига эътиборли бўлиш кўзланган самарани беради. Яхши қаралган “оила табиби” эса бутун оилангизнинг саломатлиги йўлида вобаста бўла олади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА