Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, Қарши шаҳри ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари раислари, ФҲДЁ бўлимлари мудиралари, маҳалла раислари ва диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалар бўйича маслаҳатчилар, олий ўқув юртлари вакиллари ва касб-ҳунар коллежлари директорларининг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Озода Парпибоева, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари хотин-қизлар қўмиталари раислари Рисолат Эшқобилова ва Мавлуда Қобулова, шу вилоятлар бош имом-хатиблари Раҳматилла Усмонов ва Эргашали Рустамов мамлакатимизда оиланинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлашди. Шунингдек, улар оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлик тизимини янада кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, улар ўртасида она Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини кучайтириш, ақидапарастлик, ҳар хил норасмий диний оқимлар таъсирига тушиб қолиш каби иллатларнинг олдини олиш хусусида ҳам сўз юритишди.
- Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган “оилани муҳофаза қилиш” тушунчаси кенг қамровли мазмунга эга, - дейди Холмўмин Ёдгоров. - Бунда оиланинг дахлсизлиги, шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шунингдек, маънавий ва маиший муҳитни яхшилаш, ота-она васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, таълим-тарбия бериш, меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари учун зарур бўлган моддий таъминотни ташкил этиш каби масалалар назарда тутилади.
Семинарда “Никоҳ ва оила – қонун ҳимоясида”, “Оилавий ажралишларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги”, “Никоҳ шартномаси – оила мустаҳкамлигининг гарови” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Шоҳиста БОЗОРОВА