Бу сўзларда жуда катта маъно бор. Ҳақиқатан аёл бахти оила тинчлиги билан боғлиқ. Оила эса бу фарзандлар, ота-она демакдир. Фарзандлар соғ-омон бўлиб вояга етса, аёл ҳар куни оила аъзоларини бехавотир ўқишига кузатиб, кутиб олса, кўнгли тинч, хотиржам бўлади. Оила аъзолари қуршовидаги аёл энг бахтли саналади. Шунинг учун ҳам аёллар, оналар энг аввало юртда тинчлик абадий бўлишини ҳаммадан кўп исташади, ҳаммадан кўп тилашади. Чунки оналарнинг бахти юртнинг тинчлиги, мамлакатнинг осойишталиги билан чарбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар, Юртбошимизнинг дунёда тинчликни таъминлаш борасидаги халқаро ташаббуслари халқимиз, хусусан, аёлларимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, ҳам бежиз эмас.
Бугун оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг бир чеккасида оналар, аёллар ҳали ҳам безовта, ҳали ҳам нотинч, кўз ёшлари дарё бўлиб оқаётганлигини кўриб, эшитиб турибмиз. У ерларда эрталаб фарзандларини, турмуш ўртоғини ишга кузатган она кечки пайт уларнинг эсон-омон кириб келишини минг ҳадик-хавотир билан кутади.
Шу манзаралар кўз олдимга келар экан, Мустақилликдан олдин, ўғилларини узоқларга ҳарбийга, хусусан, Афғонистонга кузатган оналарнинг матонатига қойил қоламан. Ҳар куни тунлари тиканлар устида ағанаб чиққан, бир энлик хат илинжида кўзлари ситилган, кўнгли хуфтон оналарнинг ўша пайтдаги аҳволини англагандек бўламан. Шунда мустақиллигимизга шукрона келтираман. Болаларимиз ўзимизнинг юртда, кўз ўнгимизда хизмат қилишаяпти. Ош-овқатини ўйламаймиз, соғлиғидан кўнглимиз тўқ.
Бугун тараққиётнинг юксалиш йўлига чиқиб олган Ўзбекистонимизда аёл қадри баланд. Аёлга эъзоз кўрсатиш, улар ҳақида ғамхўрлик қилиш Юртбошимизнинг доимо эътиборида. Шунинг учун ҳам бугун ўз тақдиридан рози аёллар халқ хўжалигининг барча соҳаларида фаол меҳнат қилаяптилар. Уларнинг истеъдодларини тўла намоён қилиш учун барча шароитлар яратилганлиги боис, бизнинг зукко қизларимиз, оқила-фозила аёлларимиз фан, санъат, маданият, спортда жаҳон лол қоладиган муваффақиятларга эришмоқдалар.
Сўнгги вақтда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги ошиб, кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида улар жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол.
Аслида ҳам аёллар ва ўсиб келаётган авлодга ғамхўрлик кўрсатиш - жамиятнинг эртанги куни, келажак ҳақида қайғуриш демакдир. Бир қатор нуфузли халқаро институтларнинг баҳолашича, Ўзбекистон хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида дунёнинг 125 давлати орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Республикамизда истиқлол йилларида оналар ўлими даражаси 2 баравардан кўпроққа, болалар ўлими 3 бараварга камайди. Мустақилликнинг ўтган вақти давомида одамларнинг ўртача умри 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларники 75 ёшга етди. Юқумли касалликлар кескин камайди. Масалан, мамлакатимизда дифтерия касаллиги 2001 йилдан, полиомиелит хасталиги 1996 йилдан буён умуман қайд этилмаган. Вакцинали профилактика соҳасидаги бу каби муваффақиятли мисолларга жаҳон ҳавас қилмоқда.
Ушбу натижаларни янада мустаҳкамлаш учун бугунги кунда ҳам ҳукумат томонидан болаларнинг жисмоний ва интеллектуал камолоти учун зарур бўлган унни бойитиш, истеъмол тузини йодлаш ишлари амалга оширилмоқда. Оналар соғлиғини мустаҳкамлаш ва туғма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида давлат томонидан поливитамин препаратларини сотиб олишга катта эътибор берилаяпти. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланганидек, қишлоқ ҳудудларида яшовчи 400 минг ҳомиладор аёлни фолий кислотаси мавжуд бўлган поливитаминларнинг махсус тўпламлари билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни А витамини билан таъминлаш кўзда тутилаяпти.
Аёллар меҳнатини енгиллаштириш, турмуш шароитларини яхшилаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида улкан ишлар қилинди-ки, бугун бу соҳадаги эзгу ишларимиздан жаҳон андаза олмоқда. “Оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилингандан кейин, хонадонларнинг маиший ва ошхона электр жиҳозлари билан таъминланиши яхшиланди, истеъмол кредитлари миқдори кенгайтирилди. Бу соҳадаги ишлар кўлами бу йил янада ошади. Республиканинг чекка ва бориш қийин бўлган қишлоқ туманларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 3000 нафар аёлига электр-маиший техника товарларини бепул берилиши Давлат дастурида қайд этилган.
Ўтган йилларда ҳаётимизда рўй берган ҳайрат ва ҳавасларга тўла ўзгаришларни кўз олдимизга келтириб, кўнглим осмон қадар юксалади. Ўзбекистонимнинг келажагини, Буюк келажагини тасаввур этганимда эса қалбим янада қувончдан ҳаприқади. Эркин ва обод Ватанда яшаётган фарзандларимиз, эндигина туғилган ва туғилажак набираларимизнинг келажаги порлоқ.
Шундай экан, фарзанди билан фахрланиш, ғурурланиш ҳар бир аёлга - онага насиб этсин. Зеро, дунёда фарзанд бахтини кўришдан ортиқ саодат йўқ. Мен фарзанди бешигини тебратаётган барча қизларимга, бўйларига масрур бўлиб, ўғиллар-қизлар ўстираётган опа-сингилларимга ана шундай бус-бутун бахт тилайман.
Комила КАРОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.