Мазкур уйларнинг ўз эгаларига топширилиши муносабати билан чегара постида тантанали маросим ташкил этилди. Бу тадбирга чегара пости шахсий таркиби, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, ҳарбийларнинг яқин қариндошлари, жамоатчилик вакиллари, “Ёш чегарачилар” клуби аъзолари, қурувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди. Ушбу кунда ҳаммаёққа байрамона тус берилиб, турли шарлар ва гулларга бурканди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида миллий армиямизда сон ва сифат жиҳатидан туб ўзгаришлар юз берди. Қуролли кучларимизнинг моддий-техник базасини мунтазам мустаҳкамлаб бориш, ҳарбий кадрлар салоҳиятини юксалтириш, уларнинг замонавий ахборот-технологиялари билан таъминланганлик даражасини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ўз навбатида, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти, юксак ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бу эса миллий армиямиз юртимизнинг минг-минглаб ўғлонлари учун чинакам мардлик, фидойилик ва ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айланишида муҳим омил бўлаётир. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ижтмоий-маиший, яшаш ва хизмат шароитларини янада яхшилашга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда жойларда тегишли дастурлар амалга оширилаяпти.
Уйларнинг калитлари ҳарбий оркестр садолари остида ўз эгаларига топширилди. Янги уй соҳиблари орасида катта лейтенант Санжар Авазматов ҳам бор.
- Уй топшириш маросимида қатнашиб, дилим қувончга тўлди, - дейди хоразмлик Бозорбой Авазматов. - 4 ўғлим бор, Санжар кенжа фарзандим. Ёшлигидан ҳарбий бўлишга қизиқарди, шунча қилсак ҳам унамади, фикрида қатъий туриб олди. Мана бугун мамлакатимиз сарҳадлари хавфсизлиги ва осойишталигини сақлашга ўз ҳиссасини қўшаяпти. Бундан жуда хурсандман. Ўғлимга ҳам уй берилди. Келиним Сурайёхон ва набирам Асадбекни олиб келдим. Хоналари шинам. Шароитлари шаҳарникидан сира қолишмайди. Энди оиласи ёнида, ўғлим ҳам кўнглини хотиржам қилиб, ўз ишини янада кўп шижоат ва сидқидиллик билан бажаради.
- Бундай шароит ва имкониятларни яратиб бергани учун ҳукуматимиздан миннатдорман, - дейди кичик сержант Жўрабек Нарзуллаевнинг рафиқаси Мадина Шамсиддинова. - Уйимизда бир аёл учун керак бўладиган барча қулайлик мавжуд. Ошхонамиз замонавий, бугуннинг талаблари асосида жиҳозланган. Музлаткич, кир ювиш машинаси, газ плитаси, минипеч ҳам бор. Электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув билан узлуксиз таъминланган. Ташқарида болалар майдончаси қурилган, турли гуллар экилиб, атроф ободонлаштирилган. Фарзандим бўш вақтини арғимчоқларда ўйнаб мароқли ўтказади.
Санъат усталари, хушовоз хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, шодон ўйин-кулгулар тадбирга ўзгача шукуҳ киритди.
М.ШУҲРАТОВ