Бунга сабаб бўлган бир қатор омиллар бор. Биринчидан, корхона аъзолари оилавий тадбиркор деган номга ҳар томонлама муносиб. Чунки бу ерда оиланинг ҳар бир вакилига алоҳида вазифа юклатилган.
Мисол учун, хонадон соҳибаси Малоҳат Аминова ҳам ташкилий, ҳам ҳисоб-китоб ишлари билан шуғулланади. Қизи Мадина Жўраева эса тикувчилик цехини юритади ҳамда бичув ишига масъул. Ўғли, айни вақтда олий ўқув юртида таҳсил олаётган Азамат Жўраевга ҳам юмуш теккан. Графика, яъни кийимларга турли ёзув, расм ва логотип босишни фақат у бажаради. Муайян вазифаларга ихтисослашувнинг мавжудлиги корхона ютуқларини ошириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг харидоргир бўлишига хизмат қилаяпти.
- Фаолиятимизни ташкил этишда ўз маблағимиз ва тижорат банки кредитидан фойдаланганмиз, - дейди ёш ишбилармон Мадина Жўраева. – Асосийси, сармояни тўғри йўналтира олдик. 30 донага яқин тикув машинаси сотиб олганмиз. Мавжуд бинони тикувчилик цехига мослаштирдик ва зарур тартибда жиҳозладик. Ҳозирги кунда 5 нафар тикувчи хотин-қиз билан иш олиб бораяпмиз. Асосан буюртма асосида ишлаймиз. Махсус кийимлар, мактаб ўқувчилари формалари, эркаклар ва аёллар либослари ишлаб чиқармоқдамиз. Шунингдек, болалар кийим-кечакларини тикишни ҳам ўзлаштирдик. Устоз-шогирд анъанаси асосида эса маҳалламиз ёшларига чеварлик сирларини ўргатаяпмиз. Келгусида ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ниятидамиз.
Оилавий корхона соҳибларининг таъкидлашича, ҳозирда янги йўналишларни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, яқин истиқболда кенг миқёсда жинси шимлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш мўлжалланган. Яна бир янги маҳсулот – махсус чўмилиш кийимлари тикишни ўзлаштириш мақсад қилинган. Аллақачон маҳсулотлар намуналарини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, харидорларга қулай бўлиши учун савдо дўкони барпо этиш ҳам режада йўқ эмас.
М.ШУҲРАТОВ
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.