Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.04.2017


ОИВ ИНФЕКЦИЯСИ БИЛАН ЗАРАРЛАНГАН БЕМОРЛАР – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

- ОИВ инфекцияси билан зарарланган беморларнинг ҳуқуқлари ҳимояси борасида қонунларимизда нималар кўзда тутилган?

- Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги Қонуни ОИТС билан касалланишнинг олдини олишга қаратилган бўлса, 2013 йил 23 сентябрдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси)  тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан эътиборлидир. Унга асосан, касалликка чалинганлар шахсий ҳаётига оид маълумотларнинг махфийлиги сақланади. Шунингдек, ихтиёрий тиббий текширувдан ўтиш ёки шахсий тиббий текширувдан мажбуран ўтказилиши ҳақидаги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди. Умуман олганда, ОИВ инфекцияси билан зарарланган беморларнинг барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Уларга соғайиш учун барча шароитлар яратиб берилади.

- Тиббиёт ходимининг ўз хизмат вазифасини бажараётганда ОИВ инфекцияси юқтириб олиш ҳолати кузатилса, унинг ишдаги тақдири қандай бўлади?

- “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ тиббиёт ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажараётганда, уларга ОИВ инфекцияси юқиши касб касалликлари тоифасига киради. ОИВни юқтириб олганларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи, шунингдек, профилактика тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишни таъминловчи тиббиёт ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилади. Яъни қонунда ОИВ инфекциясини юқтириб олганларнинг ҳуқуқлари чекланишига йўл қўймаслик кўрсатилган бўлиб, ОИВ инфекцияси мавжудлигини асос қилиб, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларга қабул қилишни рад этишга,     шунингдек, улар оила аъзоларининг турар жой ҳуқуқларини, бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, тиббиёт ходими даволаш-профилактика    муассасасидаги фаолияти давомида ОИВ инфекцияси    билан зарарлангани аниқланса, Ўзбекистон Республикаси  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014  йил 23 апрелдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан ўз фаолиятини бошқа ишда давом эттиради.

- ОИВ инфекциясига чалинган кишилар аксарият ҳолларда жамоадан, қўни-қўшнилари, оиласи, яқинларидан ажралиб қолади, умидсизлик ва тушкунлик гирдобига тушади. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

- ОИВ инфекциясига чалинган беморнинг ҳаёти шу билан тугамайди. Аксарият ҳолларда касаллик ташхиси қўйилган бемор қаттиқ саросимага тушади. Лекин касалликка қарши курашиш имконияти мавжудлигини ёддан чиқармаслик лозим. Беморлар асосан жамоатчилик томонидан камситилишдан, касаллигини яқинлари билиб қолишидан хавотирланиб яшайди. Шунинг учун биз иложи борича уларнинг кўнглини кўтаришга, психологлар кўмагида тушкун кайфиятдан халос қилишга ҳаракат қиламиз. Аслида жамоатчиликка бу касаллик ҳам бошқа хасталиклар сирасига киришини тушунтириш керак, деб ўйлайман. Ваҳоланки, вирусли гепатит С, Д ёки торч инфекциялар, жинсий йўл орқали юқадиган бошқа касалликларнинг ҳам хавфи жуда юқори. Аммо негадир ОИВ инфекциясига чалинган одамга бошқача кўз билан қаралади. Аксинча, уларга таскин бериш, тушунтириш йўлларини қидиришимиз керак. Лекин ОИВ инфекциясига чалинган айрим одамлар бу сирнинг ошкор бўлишидан чўчиб, ҳатто турар жойларини ўзгартирган ҳолатлар ҳам учрайди. ОИВ инфекциясига чалинган одамнинг ҳуқуқлари соғлом одамнинг ҳуқуқлари билан бир хил. У ҳам хоҳлаган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши ва ўзига керакли тиббий ёрдамни ҳеч қандай чеклашларсиз олиши мумкин.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo