Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

27.05.2020


"ҒОЙИБОВНИНГ ДАЧАСИ" ҚАҚҚАЙИБ ТУРАВЕРАДИМИ?

Луқма

Сиз суратда кўраётган жойлар қадим грек маданиятига хос Акрополь харобалари эмас.

Қаршидан Шаҳрисабзга кетиш йўлида, сал ичкаридаги тепалик устида жойлашган, халқ тилида "Ғойибовнинг дачаси" деб юритиладиган, бир вақтлар вилоятга раҳбарлик қилган киши ҳордиқ чиқарган, соя-салқин манзараси ва хушҳаво табиати кўпларнинг ҳавасини келтирган манзил айни пайтда шундай кўриниш олган.

Гўё бу ерда бирор қурилиш қилинадигандай атрофи тунука билан ўраб олинганига қарамасдан орадан ойлар, йиллар ўтиб бораяпти ҳамки, вайрон ва хароб манзара деярли ўзгармаганини кўриб, шу ерда ўтган кишида "Бу ерда ўзи нима қуриларкан, шаҳар ва унга ёндаш жойларда ҳозир бир парча ернинг баҳоси фалон миллион сўм, кўп ишбилармонлар  ерга эга бўла-сола тадбиркорлигини бошлаб юборади. Булар нимани кутишаётган экан" қабилидаги саволлар туғилиши табиий.

Туташ ҳудудда намунали уйлар қад ростлаб, гавжум бир масканга айланган чоғда бу "дача" кўрга ҳассадай тургани билан назардан четда қолаётгани ғалати.

Айтишларича, "дача" бир вақтлар чойхона, балиқхона вазифасини ҳам бажарган. Аммо бугун бу ерга борсангиз, на бир қурилиш-таъмирлаш ишларини бажараётган усталарни, на бир эгани учратасиз. Бир-икки жойда боғланган ҳайбатли итлар бор, холос.

Харобаларни айланаркансиз, дарҳақиқат, бу жойлар бир вақтлар анча гуллаб-яшнаганига амин бўласиз, санатория, дам олиш ё ижод маскани бўлишга жуда боп жой экан-да, деган фикр ўтади хаёлингиздан.

Қарши тумани ҳокимлигидан суриштириб билишимизча, "дача" айни пайтда "Вилоят кооперация қурилиш материаллари таъминоти" МЧЖга қарашли бўлиб, 2016 йилда кадастр ҳужжати қилинган экан. Ҳужжатларга асосан бу ерда "Чаман" ресторани ташкил қилиниши режалаштирилган бўлиб чиқди.

 Майлига-да, даволаш ё дам олиш маскани бўлмаса-да, хушҳаво жойда тамадди қилиб, ҳордиқ чиқариш кимга ёқмайди, дейсиз. Лекин қачон?

Хабарингиз бор, шу кунларда кўп ҳудудларда бўш ерлар, бўш турган объектларни текшириш, хатловга олиш бошланган. Наҳотки ҳайҳотдай шу ер маҳаллий ҳокимлик, тегишли масъуллар эътиборидан четда қолган бўлса? (бундай дейишимизга сабаб маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари "дача" ҳақидаги қисқагина маълумотни ҳам анча изланишлардан сўнг, архивни "кўтаргач" маълум қилишди). Кадастр ҳужжатлари 4 йил аввал тайёр экан,  фаолиятни бошлашга нима тўсқинлик қилаяпти?

Ҳар ҳолда бўш турган ерни ё объектни олиб қўйиб, ундан йиллар давомида фойдаланмасликдан тадбиркорга қандайдир манфаат бўлиши мумкин, лекин бундан бошқаларга не наф? Шу ҳақда ўйлаб кўриш керак...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo