- Оёқ тўпиғи диабети - қандли диабет касаллигининг энг жиддий ва хавфли асоратларидан ҳисобланади, - дейди мутахассис. - Бу касаллик билан оғриган беморларда оёқ кафтидаги ярали нуқсонлар оқибатида қўпинча оёқлар ёки оёқ қисмлари кесиб ташланади. Маълумотларга кўра, касаллик аниқлангандан сўнг 20 йил ўтгач, қандли диабетга чалинган беморларнинг 80 фоизида оёқ қон томирларининг зарарланиши кузатилади.
Диабет тўпиғи синдроми - периферик нервлар, қон томирлари, юмшоқ тўқималар, суяклар, бўғимлар шикастланиши натижасида кечадиган, ўткир ҳамда сурункали яралар, суяк ва бўғимларнинг шикастланиши, йирингли неврозли жараёнлар кўринишида намоён бўладиган ҳолатдир. Дастлаб, майда қон томирлар, капиллярлар зарарланади. Аста-секин ривожланиб, нерв тўқимасида глюкоза алмашинуви бузилади. Сўнг яра пайдо бўлади. Бу ҳолат юриш ҳамда тик туришга халақит беради. Шунингдек, касалликка чалинган беморлар оёқлар чарчаши, увишиши ва оғриқдан шикоят қилади. Бу шикоятларнинг доимийлиги ва даражаси касаллик босқичига боғлиқ. Диабет узоқ вақт давом этганда, оёқ панжасининг кўндаланг ва бўйлама ўлчамлари катталашади, яссиоёқлик ривожланади, панжа-болдир бўғими ҳажми катталашади. Оёқ панжасида қадоқлар пайдо бўлади.
Кўпчилик ҳолларда диабет тўпиғи синдроми патогенезида периферик нейропатия ётади. Нейропатия сезгирликнинг йўқолишига, кўпчилик ҳолларда оёқ кафти шаклининг ўзгаришига ва ҳатто юришнинг бузилишига олиб келади. Нейропатия бор беморларда салгина шикастланиш, масалан, пойабзалнинг шилиши, кесилиш ёки ялангоёқ юриш сурункали яра пайдо бўлишига сабаб бўлади. Сезгирликнинг йўқолиши эса оёқ кафти шаклининг ўзгариши, бўғимлар ҳаракатининг чекланиб қолиши оёқ кафтига тушадиган биомеханик оғирликнинг ўзгаришига олиб келади. Натижада қадоқлар пайдо бўлади. Яра пайдо бўлиш сабабларидан қатъи назар бемор сезгирлигини йўқотган оёқ кафтида юраверади, бу билан яра битишини секинлаштиради.
Хавф гуруҳига кирувчи беморларга ташхис қўйилгандан кейин дарҳол профилактика чора-тадбирларини бошлаш лозим. Энг аввало, беморлар махсус пойабзал билан таъминланиши, оёқларни парвариш қилиш ва мавжуд асоратлар ривожланиб кетишининг олдини олиш учун дори воситаларини қўллаш зарур.
Нейропатия ёки ишемия бор беморлар оёқлар кафти шакли ўзгарганда пойабзални тўғри танлашлари, у ёки бу пойабзални оёққа лойиқ, сиқмайдиган бўлишига катта аҳамият беришлари шарт. Пойабзал жуда тор ёки жуда кенг бўлмаслиги керак. Пойабзалнинг ички юзаси оёқ кафтидан 1-2 сантиметр узунроқ бўлгани яхши. Ичининг кенглиги оёқ кафтига мос, бармоқлар бемалол турадиган даражада бўлиши лозим.
Шуни унутмаслик керакки, қандли диабет хасталигига чалиниш тушкунликка тушиш, касалликни сир тутиш учун асос бўла олмайди. Бемор ўз соғлиғига эътиборли бўлса, шифокор тавсияларига амал қилган ҳолда соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя этса, узоқ умр кўриши мумкинлиги тажрибада кўп бор исботланган. Айниқса, диабет тўпиғи белгилари намоён бўлганда, мутахассисга учрашиб, зарур чора-тадбирларни амалга ошириш сизнинг бу касалликдан эрта қутулиш ва даволанишда кафолат бўлади. Ҳар қандай кишининг йилига бир маротаба қондаги қанд миқдорини текширтириб туриши эса келажакдаги соғлом ва хотиржам ҳаётни таъминлайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.