Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.10.2017


ОЁҚ ЯЛАНГ ЮРИШ ФОЙДАЛИ, БИРОҚ

Саволга вилоят тери-таносил касалликлари диспансери шифокори Х.ТОШМУРОДОВ жавоб беради:

- Замбуруғ нима? Агар бу саволни оддий инсонга берсак, хаёлга қўзиқоринлар ёки тузланган шампиньонлар келади.

Тиббиётда эса “замбуруғ” деб аталадиган касалликнинг баъзи турлари инсон организми тўқималарини зарарлайди, бошқа турлари эса уйларнинг нам бўлган деворлари ичида кўпайиб, одам соғлиги учун хавфли бўлган заҳар (микотоксинлар) ишлаб чиқаради. Айнан шу замбуруғлар аллергик касалликларнинг ривожланишига ҳам олиб келади.

Замбуруғли касалликлар (микозлар) фанга бир неча аср аввал маълум бўлган. Гиппократ ва Гален каби машҳур олимлар шу касалликларни биринчи бўлиб ўрганишган.

Тирноқ ва терининг замбуруғли касалликлари инфекцияли хасталиклар сирасига киради. Замбуруғ, асосан, бармоқ ўрталаридаги бурмаларда (қўлда кам), тирноқ юзасида пайдо бўлади. Бу касаллик аксарият ҳолларда умумий фойдаланиш жойлари - бассейн, пляж, спорт заллари, саунадан шунингдек, бировнинг пойабзалини кийиш ва гигиенага риоя қилмаслик натижасида юқади. Уни даволашнинг қийин томони - замбуруғ микози (инфекцияси) жуда тез кўпаяди ва ўта чидамли. Касалланган аъзодан соғлом танага тез кўчиб ўтади. Замбуруғ оёқ тагида ва бармоқ ўрталаридаги бурмаларда пайдо бўлса, у ҳолда тери шилиниб, кўчиб туша бошлайди, қичишади, қизаради ва ёрилади, майда пуфаклар ҳосил бўлиб, ичида сув тўпланади.

Баъзи замбуруғлар инсон организмида йиллар давомида яшаб келади ва ҳеч қандай касаллик қўзғатмайди, улар шартли юқумли ҳисобланади. Лекин иммун тизими фаолияти пасайганда, эндокрин касалликларда, стресс ҳолатларида ва антибиотиклар бетартиб қўллаганда касаллик ривожланиши мумкин. Мазкур замбуруғлардан бири “Candida” оиласига мансуб бўлиб, улар кўпинча терида ва оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватида жойлашади.

Замбуруғларнинг бошқа тури патоген ҳисобланади. Улар  юқори юқумли хусусиятга эга ва дерматофитлар деб номланади, Тери таркибида бўлган модда - кератин билан “озиқланади”.

Тирноқларнинг шикастланишига олиб келувчи омиллардан бири эса ёпиқ оёқ кийимларини кийишдир. Чунки бунда замбуруғларнинг кўпайиши учун қулай иссиқ ва нам муҳит пайдо бўлади. Касаллик кўпинча учинчи ва тўртинчи панжа орасидаги тери қопламининг шикастланишидан бошланади. Кейинчалик эса товон ва қўлларнинг барча тери қопламига  тарқалади ва тирноқларнинг шикастланиши билан тугайди. Қўл, оёқ панжаларининг ва тирноқларнинг замбуруғли шикастланишида тери қизаради, ёрилади ва терининг юза қавати қалинлашади. Тирноқлар ҳам қалинлашиб, уларнинг ранги ўзгаради ва бурда-бурда бўлиб синиб кетади. Зарарланган тирноқлар замбуруғлар учун манбага айланади. Чунки уларда кўпайган замбуруғлар синиб кетган тирноқ бўлакчалари орқали терининг бошқа жойларига ўтиши кузатилади.

Шахсий гигиена бузилган ҳолларда, яъни ҳаммом, сауна ва бассейн каби жойларда оёқ яланг юрганда замбуруғларни юқтириш жуда осон. Чунки ерда дерматофитлар ўзининг юқори юқумли хусусиятларини 12 ой давомида сақлайди.

Кўпчилик юз ва қўл терисига, тирноқларига эътибор қаратса-да, оёқларга кўп ҳам аҳамият беравермайди. Аслида оёқларни асраш лозим, чунки оёқ кийимлари боис бу аъзода тез-тез қон айланиши бузилади, қисилишлар кузатилади, булар эса турли касалликларнинг урчиши ва нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шуни ёдда тутингки, ҳар қандай касалликка қарши дори воситасини қабул қилишдан олдин шифокор билан албатта маслаҳатлашинг.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo