Кўплаб ривожланган давлатларда ишлаб чиқариш ёки тадбиркорлик фаолиятига рухсат беришдан олдин албатта экологлар фикри инобатга олинар экан. Дейлик, бир завод замонавий автомобиль ишлаб чиқармоқчи ва барча ҳужжатлар тайёрланган. Агар экологлар шу автомобиль ёнилғисидан ҳавога ажраладиган зарар миқдорини юқори деб баҳоласа ва лойиҳани маъқулламаса, ўша автомобиль ишлаб чиқарилмасдан қолаверар экан.
Албатта, барчамиз она табиатнинг бир бўлагимиз, уни асраб-авайлашдан биринчи навбатда манфаатдор – ўзимиз. Эътиборлиси, кейинги вақтларда бизда ҳам экологлар таъсири сезилиб бораяпти.
Гап шундаки, Қарши шаҳар ҳокимининг 2020 йил 30 мартдаги қарорига асосан фуқаро Д.Н.га ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш ҳамда сотиш дўкони қуриш учун Хонтепа маҳалласи ҳудудидан ер майдони ажратиб берилган.
Ваҳоланки бу ерни анча вақт олдин хонтепалик М.Т. ободонлаштириб, шумтол, кўк баргли терак, грек ёнғоғи, сосна каби 70 га яқин дарахт экиб, парваришлаб келган.
Хўш, мазкур вазиятда қандай йўл тутган маъқул? Тадбиркорни қўллаб, ишлаб чиқаришни ривожлантириш керакми, ё бир неча йилдан бери авж олиб унаётган дарахтларни кесиб ташлаган афзалми?
Албатта, тадбиркорга ер бошқа жойдан ҳам топилади, бироқ кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтларни бошқа ерга кўчириб, ўтқазиб бўлмайди.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Қарши шаҳар назорат инспекцияси инспекторлари томонидан ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди. Қарши шаҳар прокуратурасининг шу йил 28 майдаги протестига асосан ҳоким қарори бекор қилинишига эришилди. Натижада атроф-муҳит мусаффолигига беминнат хизмат қилаётган дарахтлар сақлаб қолинди.
Н.ХЎЖАЕВ