Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Ҳоким ёрдамчилари тавсияномасига асосан  фуқароларга 907 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди

Шоҳиста БОЗОРОВА

26.01.2024


Ҳоким ёрдамчилари тавсияномасига асосан  фуқароларга 907 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди

Матбуот анжумани

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси раҳбар ходимлари томонидан ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Рустам Ғофуров томонидан 2023  йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни ишга жойлаштириш ва касбга ўқитиш, субсидия ажратиш орқали ўзини ўзи банд қилиш амалиётини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар, ташқи меҳнат миграцияси ва ҳоким ёрдамчилари фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди.

Таъкидландики, ўтган йилда вилоятда фаолият олиб бораётган 820 нафар ҳоким ёрдамчисининг тавсияномасига асосан  фуқароларга  жами 907 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқишга 20 минг нафардан ортиқ фуқаро жалб этилди. Жумладан, бош бошқарма тизимидаги мономарказ ва таълим муассасалари томонидан 12 минг 810 нафар, бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида 339 нафар, нодавлат таълим муассасаларида 1 минг 762 нафар, савдо-саноат палатасида 3 минг 632 нафар ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 1 минг 535 нафар  фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик ўқув курсларига қамраб олинди.

Шунингдек, матбуот анжуманида фуқароларни хорижий давлатларга ишга жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини химоя қилиш борасидаги ишлар хусусида ҳам атрофлича тўхтаб ўтилди.

- Бугунги кунда Германия, Буюк Британия, Япония, Финландия, Туркия, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Жанубий Корея, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда, - деди Рустам Ғофуров. - Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси бўйича хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилаётган фуқароларни хорижий тилларга, хусусан, япон, инглиз, корейс, немис ва рус тилларига ўқитиш бўйича Косон ва Қарши шаҳрида ташкил этилган мономарказлари, Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган “КОICА” ўқув маркази ва кореялик ҳамкорлар билан “Қирол Сежон” ҳамда германиялик ҳамкорлар билан ташкил этилган “Евробизнес мактаби” билан ҳамкорликда ўқув курслари ташкил қилинган. Фурсатдан фойдаланиб хорижда хавфсиз тартибли ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган юртдошларимизни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Қашқадарё ҳудудий филиалига мурожаат қилишга чақирамиз. Турли норасмий эълонлар ва воситачи шахсларга ишонмасликни, фирибгарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда эса Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилишларини сўраймиз.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo