Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июнь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ҲОКИМ ХАРОБАДА ЯШАЁТГАН ОИЛАГА 20 МИЛЛИОН СЎМ БЕРИЛИШИНИ АЙТГАНДИ. ХЎШ, ВАЪДА ИЖРОСИ ҚАНДАЙ БЎЛДИ?

НАСРИДДИН

12.03.2021


ҲОКИМ ХАРОБАДА ЯШАЁТГАН ОИЛАГА 20 МИЛЛИОН СЎМ БЕРИЛИШИНИ АЙТГАНДИ. ХЎШ, ВАЪДА ИЖРОСИ ҚАНДАЙ БЎЛДИ?

Акс-садо

Хабарингиз бор, "Qashqadaryo" газетасининг 2021 йил 19 февраль сонида "Харобада яшаса, ҳокимият уй берадими?" сарлавҳали мақола чоп этилган, унда Қарши шаҳридаги Шайхали шаҳарча фуқаролар йиғинида хароба бинода яшаётган Фотима Авазованинг турли идораларга уй-жой масаласида ёрдам сўраб қилган мурожаатлари натижасиз қолаётгани, хусусан, шаҳар ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан инсон ҳаёти, тақдирига ўта бефарқлик билан жавоб хатлари йўллангани, қолаверса, шаҳарча фуқаролар йиғини раиси ва бошқа масъуллари бу борада айтарли ишга қўл урмаётгани, ёлғиз аёл боши билан бир ўғлини институтда контрактда, бир ўғлини коллежда ўқитаётгани, чилангарликка ўқиган катта ўғли эса ишсиз экани ҳақида сўз юритилганди.

Эътиборлиси, ушбу мақола чоп этилгандан сўнг вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Шайхали шаҳарча фуқаролар йиғинида аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тингларкан, Фотима Авазованинг уй-жой билан таъминлаш ҳамда ўғлини ишга жойлаштириш масаласидаги мурожаатига ҳам эътибор қаратганди. Шунга кўра, вилоят ҳокими оилага ёрдам тариқасида 20 миллион сўм пул берилиши ҳамда аёлнинг ўғли "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиалига чилангарликка ишга қабул қилиниши айтилганди.

Мана, берилган ваъданинг устидан чиққулик фурсат ҳам ўтди. Хўш, айтилган гап айтилганича қолиб кетмадими?

Фотима Авазованинг билдиришича, 10 март куни унинг пластик карточкасига айтилган 20 миллион сўм тушириб берилибди. Албатта, оила бундан мамнун.

- Харобада яшаётганимиз ҳақида ўтган йили сентябрда телеканал, сайтларга, блогерларга мурожаат қилгандик, чиқишлар қилинган, аммо натижа бўлмаганди, - дейди Фотима Авазова. - Ниҳоят, муаммомиз бир қадар ариди. Энди бу пулга ер олиб, уй кўтариш ҳаракатидамиз.

Шу ўринда бояги ваъданинг иккинчи қисми ҳақида ҳам айтишни ўринли топдик. Маълум бўлишича, Фотима Авазованинг ўғлини "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиалига чилангарликка қабул қилиш бўйича, дарҳақиқат, шартнома тузилган, аммо иш шартларига кўра, чилангарлик учун зарур бўладиган барча асбоб-ускуналар ходимнинг ўзида бўлиши талаб қилинаркан. Ўйлаб кўринг: барча жиҳози бўлган одам бировдан иш сўраб турармиди? Ўзи чоғроққина шохобча очиб, ишни гуллатиб юбормасмиди?! Бинобарин, мақолада ҳам бу ҳақда ёзгандик.

Қизиғ-а, бирор идорага компьютерчиликка фақат шахсий компьютери бўлган одамнигина ишга қабул қилишса... Шифохонада дўхтир бўламан, деган мутахассисдан рентгену яна бошқа аппаратлари бўлса, ишга кириши айтилса... Ўқитувчиликка доскаю, парта-стуллари билан борса киши...

Хуллас, асбоб-ускуналари бўлмагани учун дасти калта оиланинг чилангарликка ўқиган ўғли газ идорасида айни вақтда ишламаяпти...

НАСРИДДИН

Report typo