Тадбирни Россия, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон давлатларида истиқомат қилаётган вилоят ёшлари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил қилинган студиялар орқали, шунингдек, АҚШ, Австралия, Дания ва жаҳоннинг турли мамлакатларида фаолият олиб бораётган қашқадарёликлар “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали кузатиб бордилар.
Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир хориждаги ўзбекистонлик ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқот тизимини йўлга қўйиш, уларни мамлакатимизда ёш кадрларга яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш, хориждаги салоҳиятли ёшларни юртимиз соҳаларини ривожлантиришга истиқболда жалб қилиш, хориждаги ёшлар имкониятларидан фойдаланиб Қашқадарё вилоятининг туристик, иқтисодий ва инвестицион салоҳиятини тарғиб қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўриш каби мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди.
- Сизлар билан мулоқотни жуда катта қизиқиш ва интиқлик билан кутдим, - деди вилоят ҳокими хориждаги ёшларимиз билан мулоқотга киришаркан. – Чунки қўлимда дунёнинг энг машҳур олийгоҳларида таҳсил олаётган қашқадарёлик ёшларнинг рўйхати турибди. Орангизда дунёга машҳур SANA клиникаси травматология бўлими врачи бўлиб ишлаётган, Қарши шаҳрилик Бунёд Раззоқов борлигидан хурсандман. Берлиндаги Гумбольдт университети қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти факультетида ўқиётган, Қарши шаҳрилик Нурбек Пўлатовдан умидимиз катта. Қуйи Саксониядаги “Виезентал” фирмаси иш бошқарувчиси, Нишон туманилик Нуриддин Умаровнинг фаолияти ҳам эътирофга молик. Дунёқараши кенг, бир неча тилни яхши ўзлаштирган, фаол ва ташаббускор ёшлар бугун мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларда бизга муҳим таянч ва суянч бўлишларига ишонамиз.
Шундан сўнг айни вақтда Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар, вилоятнинг туризм салоҳияти ва туристлар оқимини кўпайтириш борасидаги лойиҳалар хусусида қисқача маълумот берилди. 2018-2025 йилларда Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича 5 йўналишни ўз ичига қамраб олган концепцияга кўра, зиёрат туризми, маданий-тарихий, ҳунармандчилик ва гастрономик, агро ва экотуризм йўналишлари ривожлантирилади.
- Сиз, мана шу юрт фарзанди сифатида вилоятимизнинг инвестицион жозибадорлигини, имкониятлари жуда юқори эканини яхши биласиз, - деди Зафар Рўзиев. – Бундай жараёнда дадил, замонавий фикрлайдиган, ташаббус ва инновацион ғояларга бой етук мутахассисларга эҳтиёж доим юқори бўлади. Шундай экан, сизу бизнинг манфаатларимиз битта нуқтада бирлашади: бу – она Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишдир.
Мулоқот давомида хориждаги ёшларимиз вилоят ҳокимига таклиф, муаммо ва ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, Берлин эркин университети докторанти Нуриддин Эшматов юртимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастурини қўллаб-қувватлашини ва қишлоқ жойларда боғдорчиликни ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳалари борлигини айтди.
Корея Республикасидаги Инҳа университети талабаси Шаҳбоз Абдугаппаров эса “Кўк океан” лойиҳаси – Ўзбекистонда эркин иқтисодий нархлар муҳитини шакллантириш бўйича таклифларини билдирди.
Сежонг университети магистранти Меҳринисо Закирова Қарши шаҳрида замонавий архитектура биноларини қуриш ниятида. Шу боис ўқишни тугатиб, вилоят марказида замонавий архитектура хизмати ташкил қилишни режалаштирган. Албатта, бу каби таклиф ва ташаббуслар вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди.
Харьков давлат фармацевтика университети талабаси Мардон Омонов Украинада 100 нафардан ортиқ қашқадарёлик ёшлар таълим олиши, аммо Қаршидан Украинага авиарейс йўқлиги сабабли қийинчиликларга дуч келаётганини айтиб ўтди.
Хитой Халқ Республикасида таҳсил олаётган, яккабоғлик Мансур Камолов эса вилоятда электрон онлайн бозор тизимини ривожлантириш ниятида. Фақат бунинг учун ҳудуддаги нарх-навони биладиган таржибали маркетолог зарур.
Ана шундай кўплаб фикр-мулоҳазалар асосида масъулларга хорижда таҳсил олаётган ёшларни мутахассислиги бўйича давлат идораларининг вилоятдаги бўлинмаларига бириктириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берилди. Мулоқот натижаларига кўра, вилоят раҳбарияти томонидан ҳудудий даражада амалга оширилиши мумкин бўлган масалаларни ҳал қилиш юзасидан чора-тадбирлар, шунингдек, халқаро даражада ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар юзасидан Ҳукумат раҳбариятига таклиф киритилиши белгилаб олинди. Ёшлар ва ҳоким мулоқоти вилоят ҳокимиятининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаси орқали мунтазам давом этиши маълум қилинди.
Б.САЙФИЕВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.