Маълумки, мамлакатимизда ёшлар, уларнинг ташаббус ва интилишлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти, улардаги қобилият ва иқтидорни рўёбга чиқариш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунга мувофиқ, кимдир ўз мустақил бизнесини бошлаб, соҳада улкан натижаларга эришаётган бўлса, яна кимдир спортга, бошқаси санъатга, илм-фанга меҳр қўйиб, астойдил меҳнати эвазига фаолияти давомида оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда.
- Бу каби учрашувларнинг ташкил этилиши ёшларнинг ўз кучига, эртанги кунга бўлган ишончини янада оширади, орзу-ўйларига қанот бағишлайди, уларда Ватанга ва юртга, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли бунёдкорлик ишларига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади,- дейди "Камолот" ЁИҲ вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов. - Қолаверса, уларни қийнаётган масала ва муаммоларга ечим топиш, билдирган таклиф ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш имконини беради.
- Тадбирнинг очиқ, юзма-юз мулоқот тарзида, расмиятчиликдан холи ўтказилгани ёшларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини эркин ва равон ифода этишга йўл очди, - дейди Қарши тиббиёт коллежи ўқувчиси Меҳрибон Исматова. - Биз вилоят ҳокимидан ўзимизни қизиқтирган барча саволларга жавоб олдик.
Учрашувда тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш, солиқ имтиёзлари ва имтиёзли банк кредитларидан фойдаланишга кўмаклашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шунингдек, тадбирда вилоят ҳокими ўтган йили илм-фан, спорт, санъатда юксак натижаларга эришган, жамоат тадбирларида ўзининг фаоллиги билан ажралиб турган бир гуруҳ ёшларни тақдирлади.
Ж.БОЙМУРОДОВ