Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

14.01.2020


ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Имконият ва истиқбол

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ёшлар билан видеоселектор тарзида мулоқот ўтказди. Унда Тошкент молия    институти ва Самарқанд давлат университетидаги қашқадарёлик ёшлар ҳамда Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари ўз студиялари орқали, марказий студия ўрнатилган "Ўзбекнефтгаз" АЖ фаоллар залида эса тўғридан-тўғри мулоқотда бўлишди.

Ёшларни, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва истеъдод соҳибларига ғамхўрлик кўрсатиш, интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқариш мақсадлари кўзланган тадбир расмиятчиликлардан холи, очиқ ва эркин мулоқот шаклида ўтди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифларни бевосита вилоят ҳокими билан муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Учрашув давомида бир қатор мутахассис ёшлар иш билан таъминланди, фаол ва иқтидорли 50 га яқин талабалар ноутбук ва планшетлар билан тақдирланишди.

 Шу куни вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, хорижий фирмалар, таълим муассасалари ва тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида экскурсиялар ҳам уюштирилди. Шўртан газ-кимё мажмуаси, GTL синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш, "LT Textile" корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш айниқса эсда қоларли бўлди. Вилоят ҳокими ва ёшлар Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳудудига янги кўчатлар ҳам ўтқазишди.

Қарши шаҳридаги текстиль саноати йўналишидаги коллеж ўқувчилари эса "Sulton tex group" хусусий корхонасига қарашли тикувчилик фабрикасига борди. Ёшлар бу ерда ишлаб чиқаришнинг барча жараёнини батафсил кўздан кечирди, зарур кўникмалар орттирди.

Қайд этиш жоиз, мазкур қувват ўтган йили қарийб 40 миллиард сўм маблағ эвазига ишга туширилди. Натижада 500 га яқин ёш доимий иш ўрни билан таъминланди. Корхона ички ва ташқи бозорда харидоргир саналган тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаради.

Қарши шаҳридаги мактабларнинг бир гуруҳ битирувчи ёшлари Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази  Қашқадарё филиалида бўлишиб, мазкур шифо масканлари фаолияти билан яқиндан танишишди.

 - Мамнуният билан айтишимиз керак, ёнма-ён жойлашган, нафақат пойтахтдаги, балки хориждаги  энг замонавий клиникалардан асло қолишмайдиган бу икки шифо маскани Президентимизнинг воҳамиз аҳлига кўрсатган улкан ғамхўрлиги ифодасидир, - деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Амиров. - Бу ерда яратилган энг замонавий шароитлар билан танишув сиз - азиз ёшларнинг юрагингизда шифокорлик касбига бўлган иштиёқни янада кучайтириши аниқ.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази  Қарши филиали бош шифокори Хуршид Фозиловнинг қайд этишича, ўтган йил январь ойида замонавий бинода ўз фаолиятини бошлаган мазкур шифо масканида айни пайтгача 5000 дан ортиқ бемор даволанган. 1500 дан ортиқ беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатилган. Жумладан, 400 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Бундан ташқари, филиал поликлиникасига мурожаат қилган 25 мингга яқин беморга ҳам биринчи ёрдам кўрсатилиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилган.

Мураккаб ва ўта нозик жарроҳлик операциялари бажариладиган хоналардаги замонавий ускуналар ҳамда шифокорларнинг касбларининг   нозик жиҳатлари ҳақидаги ҳикоялари ёшларда катта  таассурот қолдирди.

- Шифохоналарга саёҳатимиздан олган таассуротларимиз бир олам, - дейди Зулфия мукофоти соҳибаси, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Эъзоза Алишерова. - Бугун бу ерга келганлар орасида шифокорликдай улуғ касбни танлаган ўнлаб тенгдошим қалбидаги ҳавас янада алангаланганига гувоҳ бўлдик. Улар ўқиб, изланиб, мана шундай замонавий шифо масканларида меҳнат қилаётганлар сафига қўшилишни астойдил ният қилишди.

Умуман олганда, ҳоким ва ёшлар учрашуви доирасидаги тадбирлар мазмунли ва натижали ўтди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo